8-БЎЛИМ. ТОМОНЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ 8.1. Суғурталовчининг мажбуриятлари: а) суғурта қилдирувчини суғурта шартлари билан таништириши;
б) суғурта қилдирувчига суғурта полисини суғурта шартномасида келишилган суғурта мукофоти ёки унинг биринчи (навбатдаги) қисми тўлангандан кейин тақдим этиши;
в) суғурта ҳодисаси содир бўлганда суғурта қилдирувчи ва (ёки) наф олувчи ва (ёки) гаровга қўювчига ушбу суғурта шартномаси билан белгиланган тартиб ва муддатда суғурта қопламасининг тўловини амалга ошириши;
г) суғурта қилдирувчи ва наф олувчини суғурта қопламасининг тўлови рад этилганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда ёзма шаклда хабардор қилиши;
д) суғурта шартномаси амалда бўлган даврда суғурта қилдирувчи ва наф олувчидан олинган ахборотнинг махфийлигини таъминлаш, суғурталовчи Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат идораларига ахборот тақдим этиши шарт бўлган ҳолатлар ёки ахборотни ошкор қилиш учун унинг эгасидан ёзма рухсат олинган ҳолатлар бундан мустасно.
8.2. Суғурталовчининг ҳуқуқлари: а) суғурта қилдирувчи ва наф олувчидан суғурта шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилишини талаб қилиши;
б) суғурта қилдирувчи ёлғон маълумотларни хабар қилса, суғурта шартномаси ҳақиқий эмас деб топилишини ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланилишини талаб қилиши. Суғурта қилдирувчи ёлғон хабар қилинган тавсилотлар бартараф бўлган бўлса, суғурталовчи суғурта шартномасини ҳақиқий эмас деб топилишини талаб қилишга ҳақли эмас;
в) суғурта ҳодисаси содир бўлиши эҳтимолини камайтиришга йўналтирилган олдини олиш чораларини ўтказиши;
г) суғурта ҳодисаси содир бўлиши қалтислиги даражасини тавсифловчи қўшимча ҳужжатларни талаб қилиши. Қалтислик даражаси суғурта шартномаси амалда бўлган даврда ўзгарган тақдирда, суғурта мукофоти миқдори, шарт-шароитдан келиб чиқиб, оширилиши ёки камайтирилиши мумкин;
д) суғурта қилдирувчи ва наф олувчи томонидан тақдим этилган ҳужжат ва ахборотни ҳақиқий ва холис эканлигини, шунингдек ушбу суғурта шартномаси шартлари суғурта қилдирувчи томонидан бажарилаётганлигини текшириши;
е) суғурта қилдирувчи ва (ёки) ҳайдовчи ва (ёки) наф олувчи ушбу суғурта шартномаси бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаса ёки тегишли даражада бажармаса, суғурта қопламаси тўловини рад этиши;
ж) суғурта қопламаси тўловини рад этиши, агар суғурта қилдирувчи ва (ёки) наф олувчи:
- содир бўлган воқеанинг бўлганлиги, тавсифи ва сабабларини аниқлаш учун зарур ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этмаса;
- суғурта шартномасидан наф олиш учун алдовчи воситалар ва услублар қўлласа,
- зарар етказган шахсга нисбатан даъво қилишдан ёки унга нисбатан талаб қилишни таъминловчи ҳуқуқдан воз кечса ёки регресс талабини қўйиш учун зарур ҳужжатларни суғурталовчига тақдим этишдан бош тортса;
з) суғурта қилдирувчи ва (ёки) наф олувчининг ҳодиса ҳақидаги хабарномасини кутмасдан етказилган зарарни кўрикдан ўтказиш ва баҳолашга киришиши;
и) воқеа содир бўлганлиги муносабати билан жиноий иш қўзғатилган бўлса, суғурта қопламаси тўлови тўғрисида қарор чиқаришни мутасадди идоралар томонидан тегишли қарор чиқарилгунга қадар қолдириши;
к) суғурта қалтислиги юзага келганлиги хабар қилинган кундан эътиборан 15 (ўн беш) иш куни ичида зарур ҳужжатлар тақдим этилмаса, суғурта қопламаси талаби ҳақидаги аризани кўриб чиқилишини тўхтатиши;
л) қалтислик даражаси ўсишига мос равишда қўшимча суғурта мукофоти тўланишини талаб қилиши. Агар суғурта қилдирувчи қўшимча суғурта мукофотини тўланишига қарши бўлса, суғурта шартномаси ушбу суғурта шартномасининг 7.1-банди иккинчи қисмидаги шартларга мувофиқ бекор қилиниши мумкин;
м) ТВга етказилган зарар (шикаст) суғурта шартномасида кўрсатилган ҳодисалар натижасида вужудга келмаса, суғурта қопламасини тўлаш рад этилади.