I боб бўйича хулосалар.
Илк ўрта асрлар Уструшона тарихи учун манба вазифасини
ўтайдиган ёзма манбалар нисбатан кам сақланиб қолган.
Айниқса, бу ҳолат Уструшонага қўшни Чоч, Фарғона ва Суғд
билан солиштирганда яққол кўзга ташланади. Бунинг негизида
Уструшона воҳасининг табиий географик шароитлари ётиб,
қўшниларига қараганда бу ернинг нисбатан катта бир қисмини
тоғлар ташкил этган ва тор дараларда жойлашган маъмурий
бирликлар воҳанинг текислик қисмидаги иқтисодий марказлар
билан бирмунча қийин иқтисодий ва этномаданий алоқаларда
бўлган. Шунга қарамай ўрганилаётган даврда Уструшонада
ижтимоий-иқтисодий ва этномаданий жараёнлар жадаллашган
ва воҳа минтақада етакчи сиёсий кучлардан бирига айлана
борган. Бунинг ҳам ўша давр ёзма манбаларидаги маълумотлар,
ҳам археологик материаллар тасдиқлаб турибди.
Қадим даврларга нисбатан илк ўрта асрларда, хусусан,
Ғарбий Турк хоқонлиги даврида Уструшона ёзма манбаларда,
айниқса, хитой йилномаларида тез-тез тилга олина бошлаган
бўлиб, бу ҳолат воҳанинг минтақадаги сиёсий жараёнларга
фаол аралаша бошлаши билан боғлиқ эди. Йилномаларда
Судушана, Судулушана, Шарқий Цао ва ҳоказо номлар билан
тилга олинган Уструшона бир неча бор Хитойга элчи юборган
бўлиб, хитойлик муаллифлар улар орқали воҳа тўғрисида
бирламчи маълумотларга эга бўлишган. Шунингдек, Ўрта
Осиёда бўлган хитойлик элчи ва сайёҳлар Уструшона ҳаёти
билан яқиндан танишиб, бу борада ўз асарларида маълумотлар
ёзиб қолдиришган. Шу жиҳатдан олганда хитой йилномалари
бирламчи манба сифатида муҳим аҳамиятга эга.
~ 34 ~
Араб босқини пайтида ёки ундан бирмунча кейин Ўрта
Осиёга келган араб ва форс сайёҳлари Амударё – Сирдарё
оралиғи ва унга туташ воҳа ҳукмдорликлари билан бир қаторда
Уструшонада ҳам бўлиб, воҳа тарихи учун муҳим
маълумотларни ёзиб қолдиришган. Шунингдек, бу давр
тарихини ёритишда Абу Жаъфар ат-Табарийнинг “Тарих ар-
русул ва-л-мулк” асари бошқа асарларга нисбатан бирламчи
маълумотлар бериши билан алоҳида ажралиб туради. Ушбу
асар орқали Уструшонадаги сиёсий вазият, воҳада Афшинлар
сулоласи фаолияти, уструшоналикларнинг араб босқинчиларига
қарши курашини ёритиш имкониятига эгамиз.
Бу давр Уструшона тарихи, унинг сиёсий ва маъмурий
марказлари, йирик иқтисодий марказлар, шаҳарларнинг
тузилиши ва мафкуравий ҳаёт билан боғлиқ маълумотлар
асосан воҳанинг қадимий шаҳар қолдиқларида олиб борилган
археологик қазишма ишларида қўлга киритилган топилмалар
асқотади. Қарийб юз йилдан бери воҳада юритилиб келаётган
археологик изланишлар ёзма манбаларда учрайдиган ўнлаб
шаҳар ва йирик қишлоқлар ўрни аниқлаш имконини берган.
Илк ўрта асрлар Уструшона тарихи бўйича олиб борилган
изланишлар кўлами ҳам унчалик кенг эмас. Воҳа
тарихшунослиги асосан ўтган асрнинг илк чорагида бошланган
бўлиб, ғарб ва рус тарихчилари воҳадаги маҳаллий
сулолаларнинг сиёсий фаолияти, келиб чиқиши, танга-пул
тизими, пойтахт ва бошқарув марказлари каби масалаларни
кўриб чиқишган. Кейинги йилларда эса тарихшунослар нафақат
ёзма манба маълумотлари, балки археологик материаллар
асосида Уструшона тарихини ёритиш имкониятига эга
бўлишди ва шу асосда бир қатор илмий изланишлар дунё
юзини кўрди. Шу билан бирга, Ғарбий Турк хоқонлиги даврида
Уструшона, воҳанинг хоқонлик томонидан эгалланиши,
хоқонлик ва воҳа орасида йўлга қўйилган муносабатлар каби
масалаларга нисбатан кам эътибор қаратилган. Бу эса хоқонлик
даврида Уструшона билан боғлиқ бир қатор тортишувли фикр
ва мулоҳазаларнинг ўртага чиқишига олиб келган.
~ 35 ~
Do'stlaringiz bilan baham: |