Республика бюджетининг харажатлари – ўз таркибига 1) республика бюджетидан молиялаштириладиган бюджет маблағи олувчиларнинг жорий харажатлари; 2) жорий бюджет трансфертлари; 3) капитал харажатлар (асосий фондлар ва воситаларни (улар билан боғлиқ ишлар ва хизматлар ҳам шулар жумласига киради) давлат эҳтиёжлари учун олиш ва такрор ишлаб чиқариш, чет элда давлат эҳтиёжлари учун ер ва бошқа мол-мулк олиш, давлат эҳтиёжлари учун ерга бўлган ҳуқуқни ва бошқа номоддий активларни олиш, давлат заҳираларини вужудга келтириш харажатлари); 4) капитал харажатларни қоплаш учун юридик шахсларга бериладиган бюджет трансфертлари; 5) Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва маҳаллий бюджетларга бюджет дотациялари, бюджет субвенциялари ва бюджет ссудалари; 6) резидент-юридик шахсларга ва чет эл давлатларига бериладиган бюджет ссудалари; 8) давлат мақсадли жамғармаларига бериладиган бюджет дотациялари ва бюджет ссудалари; 9) қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа харажатларни олади.
Республика бюджети дефицитини молиялаштириш – давлат томонидан хориждан ва ички маблағни жалб қилиш, республика бюджети маблағларининг молия йили бошланишидаги қолдиқлари ва қонунларга мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Реал солиқ – солиқ тўловчининг айрим мулкларини солиққа тортадиган тўғри солиқлардан иборат.
Регрессив солиқ – солиққа тортиладиган даромаднинг ошиши билан солиқ ставкасининг пасайиши характерлидир. Бундай солиқлар тоифасига, хусусан, эгри (билвосита) солиқларни киритиш мумкин. Регрессив солиқларнинг юки (оғирлиги) бойларга нисбатан камбағал қатламлар учун оғирроқ деб саналади. Масалан, қўшилган қиймат солиғини тўлаш учун камбағаллар бойларга нисбатан ўз даромадларининг кўпроқ қисмини (ҳиссасини) сарфлайдилар. Пропорционал солиқ ҳам регрессив бўлиши мумкин.
Регрессив солиққа тортиш – солиқ асоси (базаси)нинг ўсиб бориши билан солиқ ставкасининг пасайишини тақоза этади. Солиқ ундириш оғирлиги даромадга тескари прорпорционалдир: даромад қанча кам бўлса, солиқ тўловчи учун солиқнинг оғирлиги шунча оғирдир. Ҳозирги пайтда қўшилган қиймат солиғининг жорий этилиши билан эгри (билвосита) солиқларнинг регрессивлиги кучайиб бормоқда.
Резидентлар – календарь йилида мамлакатда 183 кундан кам бўлмаган муддатда яшаган, Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлган ва бўлмаган солиқ тўловчилардан иборат. Шу мамлакатнинг резидентларининг даромадлари (шу мамлакат ҳудудида ва ундан ташқарида олинганлари ҳам) шу мамлакатда солиққа тортилиши шарт.