Акцизости маҳсулотлар – уларга нисбатан акцизлар ўрнатилган (белгиланган) маҳсулотлар. (Қаранг: Акцизлар).
Адвалор солиқ - маҳсулот қийматига нисбатан қатъий фоиз ставкасида ўрнатилган тўлов. Инфляция шароитида ўзининг функцияларини автоматик равишда сақлаб қолади. Бу солиқнинг таркибига савдо солиқлари, импортга нисбатан кўпгина божлар ва бошқалар киритилиши мумкин. Маҳсулотларни (жумладан, импорт маҳсулотларини ҳам), жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкларини солиққа тортишда қўлланилади.
Асосий фондларни реализация қилишдан олинган фойда – ҳукумат томонидан белгиланган тартибда ҳисобланган, инфляция индексига оширилган (кўпайтирилган) асосий фондларнинг сотиш баҳоси ва уларнинг дастлабки ёки қолдиқ қиймати ўртасидаги фарқ.
Аудиторлик назорати - аудиторлик фаолиятини амалга ошириш борасида лицензияга эга бўлган аудиторлик фирмаси томонида ўтказиладиган мустақил ноидоравий молиявий назорат. Асосий вазифаси бухгалтерия ҳисоботи ва молиявий ҳисоботнинг ҳаққонийлиги, тўлиқлиги ва ишончлиги ҳамда молиявий қонунчиликка қай даражада риоя қилинганлигини аниқлаш (ўрнатиш)дир. Банклар, суғурта ташкилотлари, биржалар, нобюджет ва хайрия фондлари, очиқ типдаги акционерлик жамиятлари, хорижий капитал иштирокидаги корхоналар, шунингдек, прокуратура ва давлат назорат органларининг топшириғига биноан ҳар қандай корхона ва ташкилотлар мажбурий равишда аудиторлик назоратидан ўтказилиши керак. Аудиторлик фирмалари бухгалтерия ҳисоботи ва солиқ ҳисоб-китоблари, ҳисоб ишларини юритиш, лойиҳаларни молиявий экспертиза қилиш ва ҳ.к.лар бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатиши мумкин. Уларнинг бу хизматлари тегишли тўлов (ҳақ) асосида амалга оширилади.
Аҳолига трансфертлар – аҳолига тўланадиган мажбурий тўланмаларни (мамлакат қонунчилигига мувофиқ равишда ўрнатилган пенсиялар, стипендиялар, нафақалар, компенсацион ва бошқа ижтимоий тўловларни) молиялаштириш учун мўлжалланган бюджет маблағлари.
Б
Баланс фойда – маҳсулот таннархига киритиладиган барча харажатлар ва чиқимлар ҳамда мажбурий тўловлар чегирилганидан сўнгги корхона ялпи даромадининг қисми. Баланс фойда солиққа тортилгунга қадар бўлган ялпи фойдадир.
Бюджетнома - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирли-гининг бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқадиган ҳамда қуйидагиларни ўз ичига олувчи лойиҳавий ҳужжат: 1) мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш-нинг ўтган йилги асосий якунлари ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жорий йилги якунларининг прогноз (башоратли) баҳоси; 2) ўтган йилги Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисобот ва жорий йилги Давлат бюджетининг кутилаётган ижроси баҳоси; 3) келгуси йилга мўлжалланган Давлат бюджети лойиҳасини тузишда асос бўлган келгуси йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар; 4) мамлкат бюджет ва солиқ сиёсатининг келгуси йилги асосий йўналишлари лойиҳаси; 5) мамлакат бюджет ва солиқ сиёсатининг келгуси йилги асосий йўналишларига шарҳлар; 6) давлат ташқи ва ички қарзлари ҳамда улар бўйича харажатлар ҳолати тўғрисидаги маълумотлар; 7) келгуси молия йилига мўлжалланган Давлат бюджети лойиҳаси. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги юқоридагиларни ўз ичига олувчи бюджетнома лойиҳасини ҳар йилнинг биринчи октябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиши лозим. Шунингдек, бюджетнома Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан жорий йилнинг биринчи ноябридан кечиктирилмасдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |