И
Икки марта солиққа тортиш – 1) солиқларни даромад (капитал)нинг ягона манбаидан олиниши; 2) қўшма корхона хорижий иштирокчисининг фойдасини хорижга ўтказилаётган пайтда солиққа тортиш ва худди шу фойдани хорижий иштирокчи мамлакатида солиққа тортилиши; 3) соф фойда (даромад) (корпорациялар фойдаси) ва ундан тўланадиган дивидентларни улар шахсий даромадга айланаётган пайтда солиққа тортиш. Бошқа мамлакатда тўланган солиқларни бу мамлакатда ҳисобга олиш ёки бир мамлакатдаги солиққа тортиш манбаини иккинчи мамлакатда солиққа тортишдан озод қилиш йўли билан икки марта солиққа тортишдан қутилиш мумкин. 1979 йилда БМТ томонидан манфаатдор давлатлар ўртасидаги муносабатларда икки марта солиққа тортишга барҳам бериш учун махсус конвенция ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосида икки томонлама битимлар имзоланади. Улар томонидан ўрнатилган солиққа тортиш тартибига кўра қўшма корхона хорижий иштирокчиси ўз фойдасини хорижга ўтказаётган пайтда қўшимча солиқдан озод қилинади.
Инвестициялар – юридик жиҳатдан мустақил бўлган корхонага узоқ муддат (бир йилдан кам бўлмаган) давомида қўшимча фойда олиш, таъсир этиш доирасини сотиб олиш мақсадларида ёки шу соҳада ўз фаолиятини ташкил қилгандан кўра уни шундай қўйиш (сарф этиш) афзалроқ бўлганлиги учун капитални жойлаштириш. Фойда (даромад) олиш ва ижобий ижтимоий самарага эришиш мақсадида пул маблағлари, мақсадли банк омонатлари, акциялар ва бошқа қиматбаҳо қиғозлар, технологиялар, машиналар, асбоб-ускуналар, лицензиялар, кредитлар, бошқа ҳар хил мулклар ёки мулкий ҳуқуқлар ҳамда интеллектуал бойликларни тадбиркорлик ва фаолиятнинг бошқа турлари объектларига қўйилишининг барчаси инвестициялар ҳисобланади. Инвестицияларнинг молиявий, реал, ялпи, соф, хусусий ва давлат каби турлари бўлиши мумкин.
Инвестицион солиқ кредити – солиқ тўловчи томонидан маълум бир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича жуда муҳим буюртмани бажарганлиги ёки шу ҳудуд аҳолисига жуда муҳим хизматни тақдим этганлиги учун унга маҳаллий ҳокимият органлари томонидан солиқ суммаси доирасида бериладиган енгиллик, имтиёз (солиқ тўловининг кечиктирилиши). Бу кредит солиқ тўловчи ва маҳаллий маъмурият ўртасида тузиладиган солиқ битими билан расмийлаштирилади. Инвестицион солиқ кредитини тақдим этиш (бериш), расмийлаштириш ва қайтариш тартиби “Инвестицион солиқ кредити тўғрисида”ги қонунга мувофиқ белгиланади.
Инвестор – 1) ўз, қарзий ва жалб қилинган маблағларни инвестициялар шаклида жойлаштиришни амалга оширувчи ва уларнинг мақсадли фойдаланилишини таъминловчи инвестицион фаолият субъекти; 2) қимматбаҳо қиғозларни сотиб олувчи жисмоний ёки юридик шахс.
Имтиёз – маълум бир мажбуриятларни бажаришдан қисман (ёки тўлиқ) озод этиш, маълум бир афзалликларга (қулайликларга) эга бўлиш, масалан, солиқ имтиёзига.
Иш фаоллиги солиғи - бир неча хорижий мамлакатларнинг (масалан, АҚШда) солиққа тортиш амалиётида қўлланилиб, ўз таркибига икки элементни олади: 1) корхонанинг умумий йиллик оборотни солиққа тортиш (одатда 1,0%дан 2,5% гача); 2) иш ҳақи фондини солиққа тортиш.
Иш ҳақи солиғи – юридик шахслардан иш ҳақи харажатларига нисбатан ва ходимларнинг иш ҳақидан маълум фоизда олинадиган солиқ.
Импорт-экспорт солиғи – солиққа тортишнинг кўринишларидан бири; ташқи савдони давлат томонидан тартибга солиш воситаси (чораси). Солиққа тортиш объекти бўлиб белгиланган курс бўйича миллий валютада ҳисобланган товарларнинг бож қиймати ёки оғирлик ва миқдор бирликларида ифодаланган товарларнинг сони ҳисобланади.
Истеъмол солиғи – бир неча мамлакатлардаги солиқлар гуруҳи, даромад сарф қилинаётган пайтда олинади. Қўшилган қиймат солиғи ва акцизлар ана шундай солиқ таркибига киради. Божхона божларини ҳам истеъмол солиқлари қаторига киритиш мумкин. Бу солиқларнинг айримлари давлат фойдасига олинса, бошқа бировлари маҳаллий бюджетларга бориб тушади.
Ижтимоий солиқлар – иш ҳақи ва ишчи кучига нисбатан қўлланиладиган солиқлар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ижтимоий таъминотга бадалларидан (ажратмаларидан) таркиб топади.
Имтиёзли солиққа тортиш – жисмоний ёки юридик шахсларни солиқлардан тўлиқ ёки қисман озод этиш.
Ижара ҳақи – ижара шароитида (шарти билан) тақдим этилган мулк учун тўловнинг тури. Асосий фондларнинг алоҳида объектлари ижарага олинганда улар ижара шартномасининг бутун амал қилиш давомида тенг ҳиссаларда (қисмларда) маҳсулот таннархига киритилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |