www.ziyouz.com кутубхонаси
18
чиқиб боришини хаёл қилиб, бир муддат роҳатланиб ўтирди.
Кейин туйқус хаёлига бир гап келди: «Олатоғда жонвор зоти қуриса, нима қиламан? — Унинг кўзига
Ҳамдамнинг уйида телевизорда кўргани Кавказтоғ манзараси, кийиклар кўринди. — Бораман. У
ерларгаям бораман...»
У мана шундай хаёл билан банд экан, қор яна учқунлаётганини кўрди. Шунда яна... оёғи эсига
тушди: чамаси, бу шундай икки оёқли махлуқ эдики, ярим танаси узилиб қолган чоғда ҳам, руҳи овда...
ўлдиришда... бўлар, чамаси, шунинг ўзи унга бас, шу ҳаёт эди.
...Омон мерган шу ўйларидан кейин беш минут ҳам ўтар-ўтмас нобуд бўлди.
У милтиқни тағин бўйнига осиб, какликларнинг биттадан оёғини бир қилиб тишида тишлаб, келган
изи билан ўрмалаб кетар экан, симтўрни тагидан кўтариб ўтган ерига етганда, бир сирпанди-ю, оғзидан
какликларнинг оёқлари чиқиб кетди. Омон уларга қўл чўзганда ёнбағирга кўндаланг бўлиб қолди. Сўнг
аста-секин думалай бошлади.
У думалагани сари бир ўрам оқ кигизга ўхшаб кўринар, бироқ, кигиз тобора йўғонлашар эди.
Оқибат, ажабтовур пахта тойидек бўлиб бориб, юлғунлар ичига кириб тўхтади.
... Омон бу пайтда ҳам тирик эди. «Нима бўляпти? Нимага?» деб ўйларди. Ниҳоят, нафаси бўғилди.
Кўтарилмоқчи бўлган кўксини қор босиб, дами ичига тушиб кетди. Миясида эса ўша савол жавобснг
қолди.
Қор ёққандан ёғиб, кечаси бўрон турди. Қорни тўзитиб, текис ерларда куртуклар пайдо қилди, қори
қалин бетларни ялаб-супуриб кетди.
Эрта кўкламда ўрикзорга қоровул этиб тайинланган Ултон пиён деган киши қишлоқда бузилмай
қолган якка-ягона уй — Омон овчининг уйини кўргани келиб, уни хосиятсиз деб топди: эгаси ғойиб
бўлган ахир. Кейин, ёнида олиб келгани яримта ароқни майдалаш учун Қуриқсой бўйидаги тепаликка
кўтарилди. Анча ўтирди. Кун бота бошлаб, пгаша ҳам яримлаганда қўзғалди. Сой ичи билан кетишни
маъқул билиб пастга энаётган эди, ҳали барг чиқаришга улгурмаган юлғунлар орасида дўмпайиб ётган
ғалати қор қуртугига эътибор қилди. Унга яқинлашиб ўтаркан, ундан чиқиб турган бир жуфт оппоқ...
Бурила солиб сой ичи билан қочди. Уйига яқинлашганда, ўпкасини босиб олиш учун шишада қолган
ароқни ҳам симирди-ю, уйга етиб учиб қолди.
...Эртаси Ултон пиённинг ваҳимасига «эргашиб» райондан чиқиб келган бир тўда одам Қуриқсой
ёқасига энавериб, кўнгил айнитувчи манзарани кўрди.
Бир гала маслиқхўр ғажирлар юлғунзор ичида, гўё қор супасида ётган бир кимсани чўқиб-чўқиб ер
эди.
1985
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |