www.ziyouz.com кутубхонаси
20
уряпти. Кейин у:
— Сизам ҳинд тилини биласизми? — деди. Мен кулдим.
— Билишим мумкин эди...
— Узр, энди, — деб чайналди.
Кўриб турибсиз, содда йигит экан. Менга ёқиб қолди. Ҳозир ҳам шу фикрдаман: унақанги содда,
покиза йигитлар кам учрайди. Биз ҳам энди ўзимизча яшаб, уни-буни кўрдик, ҳар хил одам билан
танишдик-да!
— Янга нима иш қиладилар? — дедим.
Ишонинг-ишонманг, оғзимга тикилиб қолди. Кейин қўрқибгина, мўлтирабгина:
— Қанақа янга, ака? — деди.
— Янга-да! — дедим. — Бирга келган йўлдошингиз!
— Э-э. — Унинг биқинида санчиқ тургандек нафаси ичига тушиб кетди. Кейин денг, қизариб-
бўзариб илжайди. Бунақанги чучмал илжайишни кўрмаганман. Сўнг худди ёш боладек тирноғини
қимирчилаб, бошини сарак-сарак қилди. — Йўқ-йўқ, — деди-да, атрофга ҳадиксираб қараб олди. Кейин
дадилланиб, яна: — Йўқ, — деди. Ундан кейин бўлса менга шундай интиқ-интизорлик билан боқдики,
келганидан буён менга «ишқи тушиб» доғимда куйиб юргандай.
— Нима бўлди? — дедим. — Аптингиз тез ўзгарар экан. Артис бўлсангиз, гапиришингизга ҳожат
қолмасди.
— Йўғ-э, нега артист бўлар эканман. Унинг учун талант керак. Менда эса, йўқ...
Менинг яна энсам қота бошлади. Бу йигитни жуда устамон, гап чалғитишга устаси фаранг, ёхуд
содда-муғомбир деб ўйлаш мумкин эди. Лекин қиёфасида шундай самимият, тағин аллақандай бир
мискинлик борки, унинг кифтини силагинг, «Нима дардинг бор, ука?» дегинг келади.
Унинг ёши мендан катта бўлса — катта, кичик эмасди.
— Бўлмаса яқинроқ танишайлик, жўра, — дедим. Бу ёғига исмимни айтмоқчи эдим, унинг кўзлари
ал-лақандай чақнаб-очилиб кетиб:
Менам шунинг учун келиб эдим, ака, — деди. Деди-да, бу ёғига гап бермади: — Сиз ўтган куни
анави трамплиндан сувга ташладингиз. Калла билан. Кейин анча вақт йўқолиб кетиб, анави ердан
чиқдингиз... Биз Қўйсиной билан мана бу ўрикнинг остида турган эдик. Ҳамма ҳайрон бўлди сизга.
Кейин дирек-торнинг машинасини кавлаштириб, кўп тариллатдингиз. Кейин ҳе адоқларга ҳайдаб бориб
келдингиз. Жуда тез ҳайдар экансиз. Ундан кейин интелегентча кийиниб, анави ерда руслар билан
бемалол кулишиб...
Қарасам, у мени роса кузаттан. Менинг бўлса парвойимга келмаган.
Энди камтарликни қўйиб, гапнинг бўларини айтсам, бир йигитдан кам жойимиз йўқ-да! Биз ҳам уч
йил бурун олий маълумотли муаллим эдик...
Бу Эшвой жўрамиз менинг кутубхонага кириб, китоб варақлашимниям кузатган экан. Қайси куни
иккита дам олувчи ичиб, шовқин кўтарди. У қилдим — бўлмади, бу қилдим — бўлмади. Қоровулнинг
хотини туғиб, уйига кетган эди. Охири пиёнларни боплаб каравотга боғлаб ташладим.
Мулла Эшвой шуниям кўрган экан. Хуллас, биз унинг «кузатув объекти»га айланиб қолган эканмиз.
— Намунча қизиқиб қолмасангиз? — дедим.
— Қизиқаман, ака, — деди у. Сиз бошқача одамсиз... Бизни хонага бир кирмайсизми, қўлингиз
бўшаса... Сал гурунг қилардик. Мени сиздан сўрайдиган маслаҳатим бор! — деб юзимга тикилди.
Унинг ҳақиқатан ҳам сўрайдиган гапи борлигига ишондим.
— Бўпти. Мана шу лойқани тўплай. Анави ерларни ювай. Машина келсин. Кейин, — дедим. Ахлат
ташигич машина лойқа аралаш сувни тортиб олиши керак эди.
Йигит хурсанд бўлиб кетди.
Ишни бир ёкди қилиб, ювинаётган эдим, яна пайдо бўлди. Ҳарқалай, бировнинг уйига тузукроқ
бўлиб кирган маъқул. Бугунги энг муҳим ишим битган эди. Бильярдхонага кириб кийиндим. Илгари
қоровулхонада ётардим. Қорёғдиевга чаққонлигам ёқиб қолганми, «Бу ер тор экан. Бильярдхонада ётиб
юр», деган эди. Кўпдан бери бильярднинг столиям, кийлари ҳам дабдала бўлган, синиқ-мийриқ стол-
стуллар қалашиб ётган шу хонада турардим. «Интелегенча» кийиниб чиқсам, жаноблари кутиб турибди.
Мен сизга айтсам, бу йигитнинг дидиям яхши экан. Ҳалигидай гапларига ўхшаш — сал чучмалроғ-у,
майли-да. Ўртача хоналардан бири эди — унинг номери. Каравотни иккита қилиб, икки киши ётсаям
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |