www.ziyouz.com кутубхонаси
26
Ана шундай қилиб, мақсадни айтиб юбордим. Ўзи мақсадим шумиди? Йўқ-йўқ! Бу — индаллоси.
— Сизнинг нима ишингиз бор? — деди у. Тавба, хотиржамгина айтди. Сал аччиқланса бўларди-ку?
Дамим ичимга тушиб, ҳароратни кўтармоқчи бўлдим.
— Нега ишим бўлмасин? Бундай йигитни яна қаердан топасиз? — «Бор-э!» дёб давом этдим. — Бу
инсон-ку! Бунақаси топилмайди, мен сизга айтсам... Масалан, мен қўполлик қилишим мумкин. Бировга
азоб беришим мумкин... Лекин бу одам мусичагаям озор етказмайди!
Қўйсин унга қаради-да:
— Шундайми? — деди. Қизиқ, башарасида жилла илиқлик пайдо бўлди. Маъносини тушунолмадим:
киноямиди?
Гангиб-гарангсиб, дам унга, дам менга қараб ўтирган Эшвой:
— Э, йўқ, мен... Бу киши мени мақтаб юбордилар... — деди. Кейин қип-қизариб кетиб, менга қаради.
— Ака, нима кераги бор шу гапларнинг? Мен... менда камчиликлар тўлиб ётипти. Уни... мана,
Қўйсинойнинг ўзлариям яхши биладилар. Тўғри, у камчиликлар менга боғлиқ эмас. Лекин шундай...
— Э, кўп мижтовланманг-э! — бу гапни айтиб юборгандан кейин сал пушаймон едим. Ахир, уни
сўкиш-да бу... — Кечирасиз, — деб гапимни тузатдим. — Камтарлик ҳам эви билан, дўстим. — Кейин
яна Қўйсинга мурожаат қилдим: — Хўш, хоним афанди? — Шунда унинг кўзларидан яна ўт чақнади-ю,
мен шодланиб кетдим. Энди бутунасига ҳужумга ўтдим: — Мен сезиб юрибман, — дедим. — Сиз бу
содда йигитни оёқ ости қиляпсиз!
Тавба, унда ҳеч кутилмаган ҳолат юз берди. Чуқур ҳайрат билан Эшвойга қаради.
Эшвой қурмағур эса, яна менга қарши келди:
— Қачон, қачон мени оёқости қилиптилар? Нега шундай дейсиз, Холиёр ака? — деди.
— Мен буни сездим. — Кўзимни юмиб қўполикка, балки муттаҳамликка ўтдим. — Сездим... — Яна
нимадир дейишим керак. Қуриб кетгур, тилимга гап келмади.
—Бас, бас, — деди шунда Эшвой. — Бу гапларни қўяйлик... Менда ҳиндча музика бор...
— Эшитмайман, — дедим. — Мен — шу масаланинг тагига етишим керак. Чунки буни... бурчим деб
биламан! Ҳа, Қўйсиной, бўлари гап шу!
Қўйсин бирдан чуқургина хўрсинди. Сўнг кўзимга тик қараб:
— Сиз бунинг сабабини нимада деб ўйлайсиз? — деди.
— Ниманинг?
— Бу кишига... дейлик, сиз айтгандақа, муомаламни. Ахир, бу киши сизга айтган-ку?
— А-а, уними? — Ҳа..
— Сизга очиғини айтайми?
У тек қолди. Айтмади. Назаримда, бутун вужуди қулоққа айланди. Энди асл гапни айтиш вақти
келган эди. Секин Эшвойга қарадим: бу гапни у қандай қабул қилар экан?
У боёқиш жим.
— Менимча... — дедим.
— Хўш?
— Сизнинг бошқа йигитингиз бор.
О, назаримда зилзила бўлди. Уй силкиниб кетди. Эшвой ғалати қимирлаб, тўлғаниб, аланглаб қолди.
Қўйсин... унга нима бўлди? У ҳам Эшвойга ялт этиб қаради, кейин бошини эгди, лабини қимтиди. Сўнг
чуқур нафас олди.
Биласизми, одамлар ғала-ғовур қилганда, шовқиндан гангиб қоласиз-ку баъзан? Баъзан эса, мана
шундай сўзсиз талваса, кўзларнинг ола-кула бўлишлари, юракларнинг гупиллаб уриши, хуллас, мана
шунақа ҳолатдан ҳам киши гангиб қолиши мумкинлигини шунда сездим.
Биотокларда гап бор деганлари рост.
— Чиқиб кетинг.
Ниҳоят, Қўйсиннинг гапини эшитдим. Юрагим шувиллаб кетди.
— Нима-нима?
— Чиқиб кетинг деяпман!
Қўйсин, ишонасизми, ўрнидан ярим туриб кетган эди. Нима қилишим керак? Индамай чиқиб
кетсам... Йўқ, мен бунақа ҳолда ютқазган бўламан.
Қолаверса, мен унга асл гапни... энг асосли гапни айтдим. Эшвойга қарасам, бошини эгиб қолган.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |