www.ziyouz.com кутубхонаси
35
Бойқувар уч марта райкомга бориб, «ўртоқ Қосимовага» иши борлигини машинистка қизга
билдирди. Қиз чиқиб, бир гал: «У кишининг вақти йўқ», деди, кейинги икки гал: «Кутар экансиз.
Ўзлари чақиради», деди. Бойқувар интернат мактабга ҳам уч марта борди. Ҳусан Келдиев уч гал ҳам:
«Опанинг гапини эшитдинг-ку? Сабр қиласанда энди!» деб жавоб берди.
У кўчаларда тентираб юрар, уйига бормас... борса ҳам на камгап хотини билан, на-да олти яшар
қизалоғи билан гаплашар, баъзан ҳовлисида кун бўйи кетмон чопар ва тол остида ухлаб қоларди. Кейин
яна чиқиб кетар эди.
Бора-бора одамлардан четда юргани билан бошига тушган «савдо»ни ҳамда унинг сабабини улар
аллақачон билиб кетганларига ишонди-да, чойхоналарга кирадиган бўлди.
Аста-секин минғирлаб, дуч келган ҳамсуҳбатга ўз дардини айтадиган одат чиқарди:
— ...Мен тушунмайман. Мен ўзим атеистман! Қандай қилиб, динни тарғиб этарканман?
Яна:
— ...Кимга борай? Ким тушунади?
Оқибат, ҳеч ким билан чаплашмай, одамови бўлиб қолди.
Бир куни довдираб, Қурисойга тушиб ювинди-да (кун иссиқ эди), аста гужумзорга чиқиб борди.
Бирам салқин! Ўша қушлар овози! Ўша шабада!
Бойқувар бирдан ҳансираб отаси қабрига етди. Гўр устидаги ўт-ўланлар қовжираб битган, гўрнинг
оддий дўнгчадан фарқи қолмаган эди. Шунда қабртошни эслаб, булоқ бўйига чопди. Тош йўқ. Кимдир
олиб кетибди.
Йигит бўшашиб, яна қабр бошига қайтди. Кейин қўлларини қовуштириб, бир қадам берига ўтирди-
да:
— Э, ота, ота, — деди. — Қаёкдан ҳам сенга тош қўйиш хаёлимга келган экан? Аттанг... — Кейин
Тошкентга боргани (чўлдан келгач), Чиғатой бозорчасида юрганида бир тобутни кўтаришиш асноси
кириб қолгани қабристонни эслади. Яшил дарахтлар, қарағайлар. Ҳайкаллар ўрнатилган, катта-катта
мармартошлар қўйилган қабрлар хаёлида кўринди. Бир зумга маза қилиб, ҳатто илжайиб ўтирди (У хаёл
сураётганда кўзини юмар эди). Сўнг кўзини очди-ю, қаршисида бефайз, ғариб, тош қотган тупроқ
уюмини кўриб, инграб юборди.
— Бу, нима аҳвол ўзи? Чиғатой қабристонигаям шу кунлар тушадими? Йў-ўқ. У ёкда эсли одамлар
кўп. Раҳбарлар бошқача бўлиши керак! Йўғасам... ҳамма ёқ эшшак ўтлайдиган даштга айланар-ов... —
Кейин беихтиёр булутли осмонга қараб қолди-да, ўша булутлар ортида сирли бир олам-у сирли ва
қудратли зот бордек туюлди. Ва шу заҳоти унга тавалло қила кетди: — Эй, Тангрим, агар бор бўлсанг,
бу аҳвблни... менинг аҳволимниям кўриб турибсан! Сенга топингувчи мусулмонларга мурувват қилур
эмишсан... Мана, мен ҳам сенга ёлвораётибман. Чунки сендан бошқа зот қолмади...
Бойқувар беихтиёр қўлларини олдинга чўзиб шу тариқа тавалло қилар экан, уни тошлоқ йўлдан
кузатиб турган бир кимса (қабрга тош қўйганини райкомга ёзиб берган қари ветеран) мийиғида
жилмайиб қўйди-да, ғизиллаб йўлга тушди.
Шундан кейин Бойқувар гоҳо кунора, гоҳо уч кун-тўрт кунда бир марта нимадир тортаётгандек
бўлиб бу манзилга келипши одат қила бошлади: илло, бу ерда у энди ҳордиқ чиқарар, ҳаловат топар,
гоҳо тили ўз-ўзидан кўзга кўринмас Зотга ибодатми-тиловатми қилиб қолар ва наздида, ҳаётида
ўзгариш бўлаётгандек туюларди. Ва, дарҳақиқат, уйига-боғига қайтиб боргач, ғайрати қўзиб, кетмонни
қўлга олар, қандайдир — кимгадир берган ваъдасининг устидан чиқадигандек бир шаҳд ила гоҳ жўяк
тортиб кўчат ўтқазар, гоҳо дарахтларнинг тагини юмшатар, гоҳ гўнг ташир ва сочар эдики, бундан
камгап хотинида хурсанд бўлиб, унга чой тутар, қизалоғи эса қувнай-қувнай изидан эргашиб юрарди...
Алқисса, илгари ишлаган жойи — мактаб-интернат ҳам, унинг раҳбарлари ҳам, ҳатто собиқ
мактабдоши — райком секретари Дилнура ҳам унга узоқ ўтмишдек туюладиган бўла бошлади.
Ҳа, у қандайдир табиий ва ибтидоий ҳаёт тарзига тушган, буни бутун борлиғи билан ҳис этар ва
бошқа эътиқоду ботиний ишончлар унга мадад берар эди.
Табиийки, Бойқуварнинг мозорчага қатнаши ва отаси қабри бошида ўтириб, юзига фотиҳа тортиши
туман аҳлига овоза бўлиб кетган — бу ҳолдан баъзилар хурсанд эса, баъзилар кинояли жилмайишар
эди.
1987
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |