www.ziyouz.com кутубхонаси
14
— Беш-тўрт кило гўшт нима бўлади. Бутунини обориб ташлайман.
— Майли-ю, Ҳамдам Омоннинг жўраси деб, қўйнимга қўл солиб кўрган бўлишиям мумкин...
— Оёғи синиб ётган экан, ҳаром ўлмасин деб, сўйиб олдим дейман...
— Ҳа, бу гапингам маъқул. У ер-бу ерини атай синдириб қўйсанг, а?
— Ўқ еган билан дарров ўлмайди. Шунда бирон жойига урсанг, қон уюшиб қолади. Сўйганингдаям
билиниб туради... Кейин уриб синдиришдан фойда йўқ.
— Ў, сен биласан.
Ўриклар барги қонталаш бўлиб тўкила бошлаган, ёмғир савалаб турган кунларнинг бирида Омонни
совхоз идорасига чақириб, Бондихонга — пахта теришга боришини маълум қилишди. Омон
«Бондихон» номини эшитиб, оёқ тираб туриб олди: «У ёққа бормайман. Бошқа нима иш буюрсангизлар,
қиламан... Майли, бошқа районга бор денглар, бораман», деди.
Ўрмон хўжалигига қараши лозим бўлган кўп жойлар, арчазорлар ҳамда ёввойи ҳайвонлару ов
қушлари мўл бўладиган қир-адирлар вақти замонида совхоз чегараси ичида қолган, совхоз унга қоровул
қўймас, бундай штат ҳам унда йўқ, шу хусусда область газетасида бир танқид — мақола босилган экан.
Совхоз директори шуни тилга олиб:
— Мана, ҳадемай қиш тушади, ука. Бу йил қиш қаттиқ келади деган гап бор... Совхоз ўз чорваси
билан паррандасини бир амаллаб қишдан чиқаради. Анави ёввойилар қирилиб кетса, яна бошимиз
балога қолади, — деди. — Шунинг учун, Омонбой, тоғда, хусусан бизнинг ерларимизда — қаерларда
ҳалигидай ёввойи ҳайвонлар кўп бўлади, қаерда каклик, чил кўп бўлади, булар сизга маълум...
Хуллас, Омоннинг ёнига тағин бир кишини қўшиб берадиган бўлишди. Қиладиган ишлари:
кийиклар бор жойларда битта-яримта охур ясаб қўйиш, какликлар сув ичадиган, демак, ўрганиб қолган
булоқлари атрофини симтўр билан ўраш... токи уларга сочиб қўйиладиган донни ўткинчилар ташиб
кетмасин.
Омон мерганга бу вазифа жуда маъқул тушди. Кейин ўйланиб сўради:
— Мен тўғримда ҳар хил гап юради, директор бобо... Шу жиҳатдан мени синаш эмасми бу?
— Инсофингиз бор-ку, ука, — деди директор. — Агар қўйни бўрига топшириб қўйди деб ўз
билганингизни қилсангизам Худо бор-ку... Охири яхши бўлмаса керак.
«Нима бўларди! — деб ўйлади Омон. — Изимдан тушган одам мени қўлга туширмаса, ҳеч нима
бўлмайди. Э-э, тушириб бўпти!..»
Омон мерган тунда: ўрмонда, тоғда ҳеч нарсадан қўрқмагани каби жин-ажина деган нарсаларга ҳам
ишонмас, шу маънода «қон тутади», «гуноҳ», «кўз тегади» деган гапларнинг ҳам унинг учун маъноси
йўқ эди.
Масалан, қадимдан қолган гап бор: овчи кийикдан битта отиши керак... Акс ҳолда, бир фалокат юз
бериши мумкин эмиш. Омон бу гапга ҳам панжа орасидан қарарди. Чунки бу гап — қадим-қадимдан
кийикларни асраб қолиш, уларни қириб юбормаслик учун диний тус бериб айтилган, деб ўйларди.
Тағин, халқда: «Ҳар ким ўз касб-коридан топади», деган ҳикмат бор. Бунинг яхши маъноси ўз
йўлига, ёмон маъноси — шу касб-кор йўриғида оламдан ўтади, дегани бўлса керак. Масалан, ўтакетган
зўр қассоблар умрининг маълум бир палласида шу даражага етармишки, ёстиқдоши эҳтиёт чораси деб
унинг пичоғини ётганда яшириб қўярмиш...
Шундайки, «овчиям овдан топади» дейишади. Бунга ҳам ҳаётда мисоллар кўп...
Омон мерган бу хил ҳангомаларга ҳам панжа орасидан қарарди ва эшитган ҳар бир ҳикмати
таъбирини ўзга бир мантиқ билан изоҳлаб бера оларди.
Омон совхоз идорасидан қўшилган йигит билан бир ҳафта Олатоғ атрофидаги совхоз ерларида
кезиб, топширилган вазифани адо этиб қайтди-да, бу ишга беихтиёр қизиққани учун уйидан икки дўнг
наридаги Қуриқсой ёқасида ҳам какликларга бир кичик қўриқхона ясашга киришди: Ҳамдамнинг
ёрдамида юз газ симтўр топиб келиб, сой жиягидаги Ёлғизбулоқнинг атрофига тутди.
Сой бежиз Қуриқсой дейилмас, у кўкламда тўлиб оққани билан ёз ўртасига етмай, суви қуриб қолар,
теварак-атрофдаги бир неча гала «ўтроқ какликлар» шу — Ёлғизбулоқнинг сал нарига оқиб бориб, ерга
сингиб кетадиган сувидан ичарди.
Омон овчи бу какликларни ўз хўжалигидек билар, тоққа чиқишга хуши бўлмаганда, улардан уч-
тўрттасини отиб олиб, хуморини босарди.
Шу орада — шу қиш ичи унинг бошига оғир кун тушди.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |