www.ziyouz.com кутубхонаси
12
— Омон ака, ҳайвонларга раҳмингиз келмайдими? Отар эмишсиз? — деди.
— Шу гапни айтган бекор айтипти, — деди Омон.
— Бўлмасам нималарни отасиз?
— Нимани отишимни истар эдингиз?
— Билмадим энди, масалан, қутирган ҳайвонларни, молга ўрганган бўрини, ишқилиб, одамларга
шикаст етказадиган жондор борки, у ўлимга маҳкум...
Омон мерган сомсахонани тўсган тахта деворга бир нафас қараб турди-да, секин ҳикоя қилди:
— Бир куни Кунтегмасдан чиқсам, бир эшакли шудгорда чирқиллаб келяпти. «Ҳа?» дедим. Халачўп
билан орқани кўрсатади: нима деганини тушунмайман. У ёққа қарасам, йўғонлиги болдирдай бир илон
ўрмалаб келяпти. Отдим. Илонни кўзламай отсанг ҳам ўқ тегади, дейдилр. Бекор гап... Кўзлаб отдим.
Илон жойида қолди... — Омон ниҳоят кулимсиради. — Уни отишим мумкин эди-я?
Муштумини иягига тираб тинглаётган мухбир ишшайиб:
— Йўгонлиги қандай дедингиз? — деб сўради.
— Болдирдай.
Мухбир у ёқ-бу ёққа қараб қиқиллаб кулди-да:
— Ие бу сиз аждаҳоларни ештан миллий қаҳрамонларимиз традициясини давом эттираётган киши
экансиз-ку, ака! Сизни мақташ керак экан! — деди.
Нариги столдагилар кулишди. Омон унга ўқрайиб турди-да, пиёласидаги чойни унинг юзига сепиб
юборди. Мухбир бошини эгиб қолди.
— Кетдик, — деди Омон Ҳамдамга.
Омон уйга қайтиб келганида, хотини тағин сигирни эслаб:
— Жониворнинг бир эмчаги шишиб қизариб кетган экан, менам билмаган эканман, — деди.
— Ўзи қалай?
— Овқат емаяпти.
— Сўямиз.
Омон эртаси куни сигирни сўйди. Бели синиб кетган экан. Ярим гўштни қўшниларга улашиб
беришди, ярим гўштни қовуриб, хумга солишди.
Шундан кейин қишлоқда Омон сира кутмаган воқеа содир бўла бошлади: қўшнилар бирин-кетин
жанубга — Бандихон чўлига кўчиб кета беришди: чўлқувар бўлиб... Омон уларни гангиб кузатар, бу
қишлоқни, шимолдаги Олатоғни ва унда бор арчазорлару ҳайвон-паррандаларни ташлаб чўлга —
пашша қайнаган қизириқ чўлга тушиб кетаётганларини ақлига сиғдиролмасди...
Қовунни кўриб қовун ранг олгани шуми — ҳадемай қишлоқ бўшаб қолди.
Бу энди қишлоқ эмас, сатти чордевор эди: томлари бузилган, ёғоч тўсинлари ҳам олиб кетилган. Тез
орада у ерда каламуш ва сичқонлар кўпайди. Кейин эса уларнинг кушандалари бойқушлар кўпайди:
баъзиси кундуз кунлари ҳам девор кемтикларида ҳурпайиб ўтирар эди.
Омон негадир буларни сира отмас, аксинча, уларни узоқ-узоқ томоша қилишни яхши кўрар, баъзан
кечалари ташқарига чиқиб бойқуш сайрашини эшитганда — юрак сесканиши қайда! — паришонхотир
бўлиб тек қоларди.
Шунда у бу тун қушларининг мунгли ҳамда нимаси биландир тунга ўхшаб кетадиган унларига
аллақандай сингишар, гўё ўзи ҳам шу тунга, шу мунгли унга, бойқушга айланиб қоларди.
Уйда хотиннинг ғишинг-ғишинги кўпайган эди.
— Ёввойи одамларга ўхшаймиз... Сиз кетганда, кундуз куниям қўрқаман бу ерда... Ёш бола бир ўзи
марказга қатнайди. Ҳадемай қиш киради...
— Мен ҳеч қаёққа бормайман... Мен ҳам шунинг ёшида қатнар эдим марказга... — деб қўярди Омон.
Бир кеча боёқиш жуда зорланди:
— Шамоллапти ўғлингиз. Ичирай десам, сут йўқ, томоғига малҳам бўларди. Тоғдаги
жуваналарингиз инак бўлгунча косамиз оқармас экан...
— Хотин, чидасанг — шу, чидамасанг жўна! — деди Омон.
Хотин бир муддат бошини хам қилиб турди-да:
— Майли. Талоқ қилсангиз... — деди.
— Бор. Талоқсан, уч талоқ! — Сўнг айвонга чиқиб бирпас турди-да, қайтиб кириб, ўғлига: — Сен
қол... Анавидай милтиқ олиб бераман, — деди.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |