www.ziyouz.com кутубхонаси
100
КЎК
ДЕНГИЗ
— Недин не тату?
— Суу тату.( - Оламда энг тотли нарса нима? - Сув.)
Олтой топишмоғи
Н. вилоятидаги «Дружба» деган совхозда расм чизиб, бўёқчилик ҳам қилардим. Тирикчилик-да, ака.
Қишлоқнинг бир четида музей бор эди: хўжаликнинг тарихи, яъни ютуқлари акс эттирилган. Ўшанинг
бир ҳужрасида ётиб турардим. Манзара яхши, лекин ёнимизда бир хавфли тепалик бор, унинг бир ёни
куйиб кетган — ўт ўсмас эди. Тепаликнинг у ёғида даҳшатли бир кўл ястаниб ётибди. Қадимда Кўк кўл
дейилган, ҳозир эса Қора кўл дейишади. Тоғ этагидаги кимё заводидан чиққан оқава-ювинди сувлар
қўйиб юборилган: кўлда сув эмас, эритилган қора мум бордек ялтираб ётарди. Ўлай агар, устидан
шундоқ юриб кетиш мумкиндай. Қайсидир йили ёғин кўп бўлиб кўл тошганда, бир ариқ сув оқиб
чиққан-у ҳалиги ёнбағирдан пастга энган. Ўшанинг ўрнидан гиёҳ унмас эди: куйиб кетган-да! Кейин
тупроғини ҳар қанча қиртишлаб ташласалар ҳам ўнгланмаган. Ҳе, ўша кезлар кўп моллар ҳам қирилиб
кетган экан...
Хуллас, бир куни хўжалик директори чақириб қолди. Идорасига. Яхши одам эди бечора. Кейин
синиқибгина: «Ука, гап шундай-шундай...» деди.
Қишлоқда бошқа миллат вакиллариям кўп эди-да: ўрис, армани, карес...
Директорнинг айтишича, ўттиз тўққиз миллат вакили яшарди. Нимагаки, ҳар йили бир миллат
вакилига кўпайтириш плани бор экан... Кулманг, биласиз-ку!
Ўша киши илтимос қилди-да: «Ука, сиз жаҳонгашта одамсиз. Гаплашишни биласиз... Бизда бир
миллат вакили йўқ экан: олтойлик. Бир амаллаб биттасини опкелмасангиз, буёғи чатоқ бўлади. Мана,
пул... Ваъдани қуюқ қилинг: уй дейдими, иш дейдими — бор денг. Оиласи биланми, ёлғизми — фарқи
йўқ...»
«Йўқ» деёлмадим. Бунинг устига, Олтой — ҳарқалай, бош боболаримиз яшаган юртлардан.
Йўлга чиқлим.
Барнаулга бордим. Ҳе, ўзимизнинг шаҳарлардан фарқ қилмайди. Уни қандайдир ўрмон ичида, деб...
Қайда! Хуллас, ака, кўчаларида қанча кезганим, кимларнинг мендан ҳайиқиб қочганларини айтиб
ўтиришим ортиқча. Қайси бирига: «Паедиш к нам в Узбекистан?» десам, жиннига қарагандай тикилади.
Биттаси мени ким-нима деб ўйлади, урмоқчиям бўлди. Бир-иккитаси кулиб қўйди. Энди, тўсатдан
сўрасанг, ҳайрон бўлар экан-да. Ўз ихтиёри билан келса, бошқа гап: ана, ҳар қаёкдан келиб ётипти.
Қисқаси, ўзидан қолган биронта дарвиши-пиёнистаси бўлсаям опкетаман деб бир кечаси кўчага
чиқдим. Етти қават-тўққиз қаватли иморатлар орасида юрган эдим, бир иморатнинг ертўласидан чиқиб
келаётган ёшгина — ўн бир-ўн икки яшар болани кўриб қолдим. Иккита бўш шишани бағрига босиб
олган. Мени кўрди-ю, қочиб қолди. Аста зинапоя бошига бордим. Пастдан нур кўринди. Биласиз-ку,
катта шаҳарларда, ўзимиздаям шундай биноларнинг ертўласини ҳар хил қаланғи-қасанғи бангилар
макон қилган... Шояд биронта ёввопгага йўлиқаманми деб секин зиналардан пастлай бошладим.
Пастдан ғудир-ғудир овоз келяпти. Бир ёқдан қўрқаман денг: чиқиб, айлантириб солиб қолса...
Охирги пиллапоядан мундай саҳнчага тушдим. Ертўла эшиги шу ерга очилади. Эшик абгор,
тирқишларидан нур тушаётган экан. Аста очдим. Пастга яна уч-тўртта зина кетган, уёғи — кенг
майдончадай жой.
Шу майдончанинг ўнг томонида ўтиришган экан: уч-тўртта бола тагларига қути қўйиб, кимнингдир
сўзини тинглаяпти. Сўзлаётган киши кўринмасди. Ўртада шам ёниқ... Энди денг, ёмонам бадбўй жой
экан.
Шунда болалар бирдан мени кўриб қолишди-да, сапчиб-сапчиб туриб кетишди.
— Ассалом алайкум! — дея зинадан тушдим. Шунда сўзлаётган кишини кўрдим. Эгнида қора-
исқирт пахталик, бошяланг, сийрак соқоли ўсиқ, ёшини билиб бўлмас эди.
— Ў-ў, к нам кўнак пожаловал! — деб у ўрнидан турди-да, калта ҳассасига суяниб четга чиқди.
— Да, я қўнақ, қўнақ, — дедим. — Из Узбекистан!
— Ў-ў, озбек? — деди у. — Какими судьбами?
— Сейчас скажу, — дедим. Бориб, у билан кўришдим. Қўли тошдек. Ҳалиги ҳид унгаям ўрнаб
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |