www.ziyouz.com кутубхонаси
95
— Барибир...
— Шошма! — Мелибой олдинга интилиб сўради: — Ўша кунлар ёмонмиди, а?
— Кимга қандай. Лекин ўшанда ул-бул топилиб турарди. Бозорлар маъмур эди.
— Ана! — деди бирдан Мелибой шодданиб. — Партиянинг обрўси тушгани учун шундай бўлди!
Эндиги мақсад — уни кўтариш! Тушундингми? Ҳим, бунга сен ҳам ҳисса қўшишинг мумкин... — У
янги сигарет тутатиб олди. Шофёрнинг ёндиргичга қараб қўйганини кўриб ишшайди. — Совға... Хўш,
— шиддат билан давом этди яна, — ҳалигидай правакаторларга қарши туриш лозим! Завгарингни
айтяпман!..
— Эй, сен ким ўзи, а? — Шофёр машинани четга буриб юборди.
— Ҳайда, ҳайда!
— Олдин кимлигингни билай.
— Айтдим-ку?
— Туф-е! — У яна «Волга»ни шиддат билан ҳайдаб кетди. — Менга партиясини мақтайди! У қил, бу
қил... Э, тавбангдан кетай! Мен бунга тушунтираман: ош-нон керак, уст-бош керак... деб! Вот,
тушунмайди и всё!
Мелибой унинг дардини тушуниб турарди. Лекин ўрганган оғиздан ўрганган гап чиқар экан.
— Да-а, — деди у беихтиёр хўрсиниб. — Сизларга фақат шу... керак: ейиш, ичиш, кийиниш, пул...
— Сенга-чи? — У бақириб юборди, тағин тормозни босди. — Бола-чақанг борми ўзи? Уй-жой?
— Бор, бор, — деди Мелибой. Унинг кўз олдига уй-жойи, кутубхонаси келмади: фирқўм котибининг
бундай нарсаларга эга бўлиши табиий ҳол. — Лекин менда... жўра, эътиқод ҳам бор! — деб хитоб
қилди.
— Яна эътиқод... Менинг эътиқодим — яхши яшаш. Ҳалол яшаш. Лекин ҳалол яшашнинг иложи
йўқ. Турмуш мажбур қилади. Мана, мен автостанцияга ўтайлик дедим. Ўтсак, камида яна икки кишини
олардик. Кўнмадинг. Ўзингдан кўр.
— Бу нима деганинг?
— Ҳаммасини ўзинг тўлайсан энди.
— Тўлаймиз.
— Майли-е! — хўрсиниб юборди шофёр. — Айтмоқчи, обкомнинг дўконида яна нималар бор экан?
— Кўп нарса.
— Туфли-чи?
— Бўлса керак.
— Ўғил инжиклик қилади. Чайқовга чиқса, юз эллик сўм депти..
— Қиммат... — Мелибой ўзини ўнглаб олди. — Энди улар — чайқовчи-да!
— Очиқ магазинда бўлса-ку, ўзимгаям олардим. Ҳе! Керакмас! Шу галги маошни шундай қўлига
тутаман! Бор, ўғлим, дейман. Ол, кий! Яйра! Тепкилаб-тепкилаб кий... Воҳ! Автостанцияга ўтсак
бўларди-да.
— Айтдим-ку, ўзим тўлайман деб!
Шофёр машина тезлигини яна оширди. Рўпарада, чап қўлда ёлғиз чироқ милтиллаб турар, бир-икки
одамнинг қораси кўринарди.
Ҳайдовчи «Волга»ни ўша ерга — тош деворли бекат ва йўловчилар қаршисига етганда тўхтатди-да,
моторни ўчириб, бутун гавдаси билан Мелибойга бурилди.
— Пулни чўз.
— Ҳим, Қайнар... га борамиз. Оласан! — деди Мелибой ва бекатдагиларга қараб кулимсиради. — Бу
ерда пасажирлар бор эканми?
— Ҳа. Мен сенга ишонмаяпман. Мана, счётчикка қара, уч сўм урди. У ёкда икки сўмлик йўл қолди.
Тўла-чи? — У энди қўлини узатди. Мелибой ҳайрон қолди.
— Вей, борайлик. Менга ишонмаяпсанми? — Кейин қўшимча қилди: — Балки яна бирга
қайтишимизга тўғри келар...
— Хўп. Лекин ҳозирча борини тўлаб қўй. Бўл-бўл! — Шунда бекатдан чопиб келаётган ўсмирни
кўриб бақирди: — Машина ҳеч қаёққа кетмайди.
Мелибой ниҳоятда хижолатга тушди: наҳотки бу йигит унга ишонмаса!
— Эй, одаммисан? — деб юборди бирдан. — Инсонга ишонмайсанми? Мен ахир...
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |