www.ziyouz.com кутубхонаси
93
Тағин стол қошига қайтди-да, энди бу китобнинг кераги йўқдек шартта ёпиб, қўйгали жой излади.
Жавонга оборса хаёлини тортаверадигандек туюлиб, столнинг қуйи тортмасига тиқиб юборди.
Эшигини ёпиб, серрайиб қолди.
Ярим соатдан кейин у дарвоза сиртида — ёмғир савалаб ўтган хиёбонда баайни пахта теримига
чиққан азамат либосида безовталаниб турар, тепадан — ўриси дарахт япроқларидан томаётган
томчиларни гўё сезмас эди.
Эгнида ўн саккиз яшар ўғлининг айни терим маҳаллари киядиган қалин пахталиги, кирза этиги ва
телпаги. Албатта, бу кийимлар ифлос, кир, тер ҳиди ўрнаб қолган... аммо на чора, кийишга мажбур эди.
Мелибой, бу уст-бошга сира ярашмайдиган бир жиддий нигоҳ билан ариқнинг у бетидан ўтган —
неон чироқларида йилтираб турган асфальт кўчанинг у боши-бу бошига қарар, хаёл қилиш мумкин
эдики, хизмат «Волга»си негадир кечикиб қолаётир: котиб бундан дарғазаб!
Бир маҳал ўнг томондан — дарахтлар панасидан аста жилиб келаётган енгил машина кўринди.
Мелибой унга қатгиқ тикилди ва кўрдики, у — «Волга», олдойнаси четида яшил чироғи ёниб турибди.
У ариқдан ҳатлаб ўтиб, қўл... кўтармади: қўлини сал олдинга чўзиб ерни кўрсатди: шу ерда тўхта!
Машина ҳам унинг қошида тўхтади. Ойнаси тушириб қўйилган деразадан шўртумшуқ, кўзи
йилтироқ, қорача бош чиқди.
— Ҳа? — унинг оғзидан «Прима»нинг аччиқ ҳиди келди.
— Нима «ҳа?» Йўл бўлсин?
— Ўзинг қаерга борасан?
Котибнинг бадани жимирлаб кетди: минг йилдан буён биров сенламаган эди.
— Ўзинг-чи, ўзинг? — Чамаси, бу саволни унида қаттиқроқ сенлаш учун берди.
— Э, бор-е!
— Тўхта-тўхта! — Мелибой шошиб, эшик тутқичидан ушлади. — Шу ёққа! Тўғрига! — деди.
— Шундай демайсанми!
Мелибой «Волга»нинг ортидан айланиб ўтиб, беихтиёр орқа эшикни очди. Бояги аччиқ ҳид ўрнаб
қолган кабинага кириб, кирган жойида ўтира қолди ва шошилинчда ён ойнани туширди.
Шофёр машинани яна жилдиргач:
— Ойнани кўтар, — деди. — Шамоллаб қоласан.
— Бўлмаса, сен тушир ойнангни. Ҳайдовчи унга бошини буриб қаради.
— Кимсан ўзинг?
— Менми? Мен... механизатор, — жавоб берди Мелибой ва деразага қаради.
— Что-то не похож, — тўнғиллади ҳайдовчи. — Қаерга борамиз?
— Ҳайдайвер!
Мелибой Бўриев қўшни вилоят фирқўм котиблигидан келган, бу юртда илгари икки-уч марта
бўлган, ушбу йўл эса бора-бора бир гал меҳмон бўлгани — тоғ бағридаги Қайнарбулоқ деган
қишлоқдан ўтишини биларди.
У ана шуни бирдан эслаб:
— Қайнарга! Ҳе, булоққа! — деди беписандлик билан. — Биласанми уни?
— Бе.
— Билсанг, ўша ерга!.. Ресторан ишлаяптими?
— Ҳа, Пасажир оламизми?
— Қанақа пасажир?
— Автостанцияга бурилсак, оламиз-да. Ё бир ўзинг тўлайсанми?
— Бир ўзинг эмиш... Мен сенга буюрдим. Ҳайдайвермайсанми! Ҳим, ҳа, ўзим тўлайман. Ҳим, жуда
ғалати бўп кетгансизлар-а?
— Тушунмадим.
— Энди... Шу сигаретни ташла. Мана, мундан чек! — Мелибой «BT» қутисини узатгандан кейин
хато қилганини... умуман, хато қилаётганини англади. — Обкомнинг дўконига кириб қолган эдим,
шунда бор экан... — деб тўнғиллади. Яна хатога кетаётганини фаҳмлаб изоҳ берган бўлди: —
Хўжайинлар билан келган эдик... Улар обкомнинг дачасига келишди.
— Сен ўзинг қаерликсан? — сўради шофёр. — Бунингдан чекмайман. Слабий.
— Мен ҳам чекмас эдим-у... — Кейин кулиб юборди. — Чекиб ўрганмаганларга бу яхши... Нимани
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |