www.ziyouz.com кутубхонаси
3
Лекин бу нарсаларни орзу қилмаган ҳам эди: у қилиши лозим деган ишни қилар, аксини қилмас, йўқ:
ўзлигига қарши бормас, бунга кучи етмас эди. Шунинг учун баъзи ўринларда «тирсакланди» ҳам.
Зеро, оддий иш... хушомад қилиш, катталарга таъзимда бўлиш, кези келганда, бир гапдан қолиш
ҳам... қўлидан келмади. Аксинча, шундай қилиб, обрў топган, мартабага минган кишилардан
нафратланади ҳамон...
Унинг бори — шу экан.
— Ҳа, яхши гапмиди ўша гап?
— У-у, доно гап. — Жалил ота шифтга тикилди. — Раҳматли командиримиз ўзи хўжалардан чиққан
эди. Лекин янги ҳукуматга... советга содиқ эди. Номардлик ёмон...
— Уни айтгансиз, — деди Шокир. — Хўжасан деб қамашган.
— Ҳа, ўз жўраси қамади.
— Ҳалиги гап...
«Шошиляпти» деб ўйлади Жалил ота ва гапни қисқа қилди:
— Шу киши раҳматли айтгич эди-да: «Ўлимдан қочиш керак! Лекин ўлимниям бўйинга олиб юриш
керак!»
— Қўйинг, ота, ўлимдан гапирманг.
— Э, болам, мен кўрдим...
— Яна...
— Сен ишингдан қолма... Менинг дори-дармоним бор. Иштаҳам яхши... Фақат сизларга жуда қараб
қолганимдан хижолатман, ўғлим. Йў-йўқ, сен гапирма... Шокир жим қолди.
— Шундай. Энди, на чора!
— Омонатини олгунча кутаман-да.
Шокир илиққина кулди.
— Ёшингиз ўтиб, жудаям тақводор бўлиб қолдингиз.
Жалил ота ҳам кулди.
— Ўзимам ҳайронман.
— Ота дейман... Ҳалиги...
— Лаббай, гапиравер.
— Садафингиз бу йил ўнни битиради. Кейин ўқишга бормоқчи.
— А-а.
— Майли. Менинг қаршилигим йўқ. Лекин унга ёрдам ҳам беролмайман.
— Ҳа-а.
— Лекин қаерга кетсаям боши боғлиқ бўлиб кетса дегандим. Кейин ўқишини сиртқига ўтказиш
мумкин. Қисқаси, қиз боланинг бир шаҳарга кетиши...
Жалил ота яна кулимсиради.
— Сен ҳам мендан қолишмайсан.
— Нимада?
— Э...
Шокир ўрнидан турди.
— Майли.
Бир ҳафтадан кейин яна ҳовлида югур-югур бўлиб қолди. Жалил ота ҳушёр эди. Бироқ, бу гал ҳам
меҳмонларни бу хонага киритишмади. Бу гал ҳам улар кетиб бўлишгач, Шокир келин билан кирди.
Отага қўш салом бериб, четга ўтиришди. Кейин Шокир гап бошлади:
— Ота, сиз жанг-жадал, уруш, командир... деб бежиз гапирмайсиз, — деди. — Ўша йилларни сиз
жуда яхши биласиз. Ёшликдан кўп нарса бошингиздан ўтган...
Чол тетикланиб ётган жойида бош қимирлатди.
— Ҳақиқат, рост.
— Ўша даврдаги тенгдош жўраларингиз ҳам саноқли қолган-а?
— Ҳа, болам.
— Шу, Мўмин ота билан қалайсиз?
Чол ўғлига тикилиб қолди. Кейин, ижирғаниб, кўзини пастга олди.
— Нимага сўраяпсан?
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |