www.ziyouz.com кутубхонаси
5
— Оға, биздан ҳуркиб сизга йўлиқди, танимизни бермайсизми? — деди.
— Кимсан ўзинг?
— Бу дунёда отаси ўлмаган ким бор, онаси ўлмаган ким бор?
— Кимсан? Кимлардан бўласан? Нима қилиб юрибсан?
— Таги етимман, оға... Лекин отамиз бели бақувват одам ўтган. Ундан беш-ўнта ушоқ мол бир
чўпоннинг қўлида қолган деб эшитар эдим... Мана, фурсати етди деб шуни қидириб чиқдим. Топсам,
инсоф қилса...
— Босмачилар еб кетган бўлса-чи?
— Тешиб чиқсин.
— Қизиллар еган бўлса-чи?
— Оға, етимнинг ҳақига ким кўз олайтирса, топади...
— Оти нима экан у чўпоннинг?
— Шуни билмайман-да... Бир чўпон дейишди. Отам ўлим олдида тилдан қолган эди.
— Шуни излаб юрибсан?
— Ҳа, қаерда овул кўрсам, бораман. Бир кеча ётаман. Чўпонларни гапга соламан...
— Бу ёқда овул йўқ.
— Ҳе, тепаликда бир дидбон кўринади.
— А, уми? Қани, юр-чи.
— У ерда одам яшайдими?
— Билмадим.
— Эса, қайтсам...
— Ҳа, юр-чи.
Овчи кийикнинг оёқларини куликлаб, даст кўтарди. У баланд бўйли, сариқ чакмон кийган, барваста
йигит. Лекин кўзлари ҳорғин, зериккандек эди.
Жалил унинг кимлигини билолмай, бироқ босмачиларга алоқаси борлигига ишонган ҳолда эргашди.
Салдан кейин, кийикни мен кўтарай, деди. Йигит қарамади.
Пистирма қора сувоқ қилинган, тошқалама деворли уйча эди. Атрофда хас-чўп, суяклар ётибди.
Нарироқда бир кўлмак сув. Лекин ранги қора ҳамда ундан сассиқ ҳид келар эди. Пистирманинг ичи
шинамгина. Бироқ уч томонда тўрт-беш қават қилиб кўрпачалар солинган, улар эскириб кетган ва мой
тўкилган. Тўр деворига учта пилта милтиқ ва иккита қийшиқ қилич осиғлиқ турарди. Ўртада ўчоқ.
Қуюн қўрбоши шу овчининг ўзи экан.
— Ука, балки сен қизилларнинг одамидирсан, — деди у кийикнинг бир сонини қовуриб, ўртага
қўйгач. — Майли... мен Қуюн қўрбоши бўламан. Эшитган бўлсанг...
Жалил қўрқиб кетиб, ёқасини ушлади.
— Агар...
— Қасам ичма. Мен дунёда қасамдан қўрқаман, ука... Бир вақтлар қасам ичиб эдим... «Шунча
қизилни ўлдиряпман. Шунча мусулмонни қийратдим. Шунча уйга ўт қўйдим. Шунча сурув молни
афғонга ўтказиб, қуролга алмашдим...»
— У-ў! — деди Жалил.
— Юрт озод бўлмаса, ука... биз енгилсак, ўзим пастга эниб бораман деб қасам ичиб эдим... Қайтар
дунё дейдилар. Одам мард бўлиб ўлиши керак, ука...
— Ҳим...
— Шуйтиб ўтирибмиз.
— Бир ўзингиз?
— Йўқ.
Мўмин ҳам овга кетган экан. Иккита қуённи елкасига ташлаб келди. У ўрта бўй, кўзлари кичкина ва
чағир, сергак ва жонсарак йигит эди.
— Бу ким? Сенга нима бор? — деб дўқ қилди Жалилга.
Қуюн қўрбоши орага тушди.
— Қўй, тегма... Буям сенга ўхшаган бир дарвеш-да, Мўмин. Сен ҳам қаландар бўлиб келиб эдинг-ку!
Тегма бунга... ўтир.
Мўмин Жалилга ўқрая-ўқрая ўтирди.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |