www.ziyouz.com кутубхонаси
103
Чунки топишмоқларда Олтой элининг, яъни, қадимдан то яқин-яқинларгача овчилик ва чорвачилик
билан шуғулланиб келган элнинг энг ибтидоий — «яширин тили» тўла-тўкис акс этаркан. Илло,
олтойликлар атроф-муҳит — ўрмон, сув, ҳайвонлар ва паррандаларнинг шубҳасиз Руҳи бор, лекин
Руҳлар кўзга кўринмайди, уларни сира-сира ғазаблантирмаслик керак. Руҳлар ранжиса — халқ оч
қолади, яъни, ов барор олмайди, рўзғордан— «ўчоқ»дан файз-барака кўтарилади деб ишонишар экан.
Ана шунинг учун улар қадим-қадимдан табиат бобида «эзоп тили»га ўхшаш — яширин лаҳжада
гапиришиб келишар экан, бунинг маъноси шулки, биронта жониворниям асл номи билан аташмас
экан... Масалан, «илон-йилон»ни — «қамчи, қайиш», «бўри-бору»ни — «кўк ит, узун қуйруқ»,
дейишаркан.
Умрзоқ ака шундай мисолларни айтар экан, менинг юрагим гурс-гурс уриб, жуда тўлқинланиб
кетдим: ҳе, ёшлигимизни эслайман.
«Бўри»ни — «жондор» деб аташарди бизда. «Илон» — «арғамчи», «айиқ»ни — «полвон»...
Айниқса, тунлари булардан бирининг ҳам номи тилга олинмас эди.
Топишмоқларнинг, умуман, топишмоқ айтиш ва топишнинг бошқа буюк ҳикматлариям айтилди:
жумладан, топишмоқни топиш — нақ зукколик, донолик белгиси саналажаги, айрим ҳолларда, дейлик,
қонли жангларнинг ҳам олди олинажаги. Эсланг-е, бор-ку, яна: пошшо учта топишмоқ айтипти. Ким
топса, ўшанга қизини берармиш... Ёки бўлмасам...
Эсладим: куёвларнинг ҳам ақл-фаросатини шу тариқа синовдан ўтказишаркан...
Дарвоқе, Олтойда яқингача келинлар куёвдан тортиб, унинг қариндош-уруғларигача — бирини ҳам
номи билан чақирмас экан...
Вой, улар билан ўзимизнинг орамизда қандай яқинлик-қариндошлик бор-а!
Туркий деганлариям шудир.
Хуллас, Умрзоқ аканинг маърузасидан кейин шундай фикрга келдим: бу одамнинг менга топишмоқ
бердиришдан муроди — мени синаб кўриш, пироварди, ўзимиз томонни оз бўлса-да билиш экан.
Шундан сўнг ўзим ҳам унга олтойликлар табишкаги билан балки уйғун келадиган ўзбек
топишмоқларидан ҳам айтдим.
Оқибат, у киши:
— Мен борам, — деб винодан тағин хўплади-да, ғилтиллаган кўзларини менга тикди. — Сизда кок
кол бар по?
Кўз олдимга қишлоқ устидаги тепалик, унинг ортидаги — ҳалиги кўл келди.
— Бор, бор! — деб юбордим. — А, нимайди?
— Очунда уч кол бар! — деди кўзлари қандайдир жовдираб. — Оқ кол, Қора кол, Кўк кол... Тоес:
тенгис, тенгис. Понял? Белое море, Черное море, Синее море.
Қаердадир ўқиганимни эслаб қолдим: қадимда Орол денгизини — Кўк денгиз ёки Кўк кўл деб
аташган... Шунчалар зилол бўлган у!
— Рост айтасиз, оға, — дедим. — Ўша Кўк денгиз ҳам биз томонда.
У болаларга шодон чулдираб бир нималарни тушунтирди. Сўнг:
— Кок кол-да учта! — деб хитоб қилди. — Бири бизда олган... — Умрзоқ ака тағин ғамгин тортиб
қолди. — Ул талай, талай, — деди. — Талай-да — кол, тенгис... Ондаги ўртолнқде, тоес в острове жил
один шаман. Старий-старий! Сууда бальж коп ўлган. Улус, курсак тўк... Народ жил хорошо! Кетин
ўрус... ну, Алтай албати Россияга кирген тужунда... Ну, когда Россия завоевал нашу родину, шаман
видит сон. Сон это — кижининг уйқудаги ўйи... Он видит, что в озере не осталось бальнс. Осталось! Но
очень мало и им нечего есть.
— Хўш? — дедим.
— Сонра ул шаман ўзини сууге берген.
— Тушида?
— Да, во сне! Уйқуда... Потом он ушёл от этих мест! В Улусай! И дествительно сейчас Кўк кол
мёртв. Балмк аз. Шаман йок. Бу улусчун олум...
Мен унинг фожиасини, халқининг фожиасини тушундим-да, кўнглини кўтаргим келди.
Бироқ қандай қилиб?
Қангзасини тутатиб, бир муддат ўйланиб қолган Умрзоқ ака бирдан:
— Нукерларим! — деб, кўзлари ола-кула бўлиб турган болаларга қаради. — Мен кетят...
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |