www.ziyouz.com кутубхонаси
112
шохларга қарсиллатиб солдим. Кейин ёнтоқнинг танасига тушира бошладим. Қобиқлари кўчиб кетди.
Қани энди Раҳмат чиқса!
Кейин чиллакболани ҳавога ирғитиб, ҳар тарафга ура бошладим. Қуриб кетгур денг, энди учади!
Саксон кадамлар нарига бориб тушди. Шунақанги қилиб тўртта чиллак урсам, Раҳмат гўппон зувиллаб
келгунча ўпкаси тамом бўлади. Шундай қилиб, чиллакни қарсиллатиб ураётган эдим, Раҳмат девордан
қаради.
Уям зерикади, бечора. Ўйнагиси келади. Тўғри, у ўртача ўқирди. Лекин менинг нима ишим бор?!
Мақтаниш эмас, айтиб қўяй, мактабда яхши ўқирдим. Аълочилардан эдим. Лекин ҳалигидай
қитмирлик дейсизми... шундан ҳам оз-моз бор экан-да.
— Ўйнаймизми? — сўрадим.
— Ғирромлик қилмайсанми? — деди. Нимагадир бу гап менга оғир ботиб кетди.
— Агар ўйнамасангиз, сизни «гўппон» дейман! — дедим.
Шундай келишувимиз бор эди. Бир кун у ялинганди-да: «Бўрижон, шундай дема. Майли, бошқалар
айтсаям сен айтма. Қўшнимиз-ку, ука».
Раҳмат орқасига бурилди.
— Ра-мат ака, ака-а!
— Нима дейсан?
— Х,азиллашдим. Келинг ака, ўйнайлик... Энди ғирромлик қилмайман!
У бир оз жим турди. Кейин девордан ошиб тушди.
Ўша куни бозор эди. Лекин, нима учун Раҳматни сўраб чиққанимни билмайман. Бошқа болаларниям
сўроқласам бўларди. Ким билади, унга ўрганиб қолган эканманми...
Ўйнай бошладик. Мен энди жиддий, эҳтиёткор эдим. У бўлса ҳар икки гапнинг бирида менинг қачон
қочиб кетишим, қачон ғирромлик қилишимни айтар, кулим-сирарди. Оҳ, менинг жони-жонимдан ўтиб
кета бошлади, унинг гаплари!..
Чиллак ўйин одатдагича тамом бўлди. У боласопни сакратиб, тагидан аста-секин урар экан, ўзим
ҳам санар эдим: саккизта бўлди.
«Ўлдим!» деб ўйладим. Лекин негадир қочгим келмас эди. Муғомбирлик қилишниям ўйламасдим.
Ниҳоят у ура бошлади. Биринчи чиллак, иккинчи чиллак, учинчи чиллак...
Метеостанциядан ҳам ўтиб кетди. «Ибрат» колхозининг ҳовузига борадиган ариққа етдик.
Боласоп ариқнинг ичида.
Уни олдим. Олдим-у, нима жин урди мени, шартта ариққа тушдим. Муздеккина. Лой.
— Зувиллайми? — дедим.
— Зувилла, — деди Раҳмат.
Ўйлаб туриб, дўппимни олдим-да, буклаб тишладим. Сезиб турибман, Раҳмат хурсанд бўлди.
Бунақада нафас оламан десанг ҳам, ололмайсан.
Лекин маррага етишим ҳам... э-ҳе, бир соат нафас олмай югурсам ҳам, етишим гумон. Бирдан
зувиллаб жўнадим. Раҳмат ёнимда. Оғзимга тикилиб боряпти. Кўзи менда бўлгани учун қоқилиб
кетади. Бир-икки йиқилди. Лекин мен вақтдан фойдаланиб, нафас олсам бўларди. Негадир ололмабман.
У яна менга етиб олади.
Кетяпман. Сездим. Қизара бошладим, қандайдир шишиб ҳам кетдим. Кейин, яқинда Раҳмат
кўкарганидек кўкаришгаям тушдим дейман. Лекин кетяпман.
Охири.. бўлмади-да! Нафас олмай бўладими? Бора-бора текисроқ жойга етганда, дўппини оғзимга
олдим-у, ўт устига тупурдим. Раҳмат мамнун бўлиб кулимсиради.
— Тузук-тузук, — деб ўзиям нафасини ростлаб олди. Кейин чиллакболани худди тупурган еримга
қўйиб, учига шундай туртган эди, у худди чигирткадек дик этиб сакраб кетди. Шу пайтнинг ўзида
Раҳмат ура қолди.
Билмадим, боласопнинг қаерига урди. У учгандан учиб, ёлғон эмас, кўринмай кетди.
Қарангки, худди ҳовузнинг бўйига бориб тушибди. Раҳмат чиллакболани олиб, менга берди. Мен
уни олиб, тағин дўппимни буклаб тишладим. Тағин зувиллай кетдим. Ариқдан ўтаётганда тойиб
йиқилдим. Лекин зувиллашдан тўхтамадим. Тўхтасам, у яна чиллак уриши керак.
Тура солиб, яна чопа кетдим. Бояги ётган еримга яқинлашиш қайда... анча берида ҳолдан тойиб,
тўхтаб қолдим. Дўппини оғзимдан олиб ерга тупурдим. Тупугим бир тошга тушган экан.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |