www.ziyouz.com кутубхонаси
116
Ҳадемай улар отларини миниб этакка эниб кети-шаркан, онам қайрилиб қараб:
— Гапим эсингдан чиқмасин, Содиқ! Ҳалиги китобингни ўқи! — деди.
Ўша куни ўрикзорнинг у ёғидаги баҳайбат ёнтоқлар остида паққа бўлмаган ёнғоқларни тошга уриб,
пўстлоғини арчиб ўтирганимизда, Оқбой менга қизиқ гапларни айтди:
— Энанг Раис бобога тегармиш... Жўранинг энаси мараз бўлган. Дайродан норманкапада яшайди.
Жўра ёнгоқ шохида эди. Пастга тушгандан кейин:
— Жўрака ака, — дедим унга. — Энангиз мараз бўлганми?
У бошини эгиб қолди.
— Дўхтирга обориш керак-ку?
— Давоси йўқ эмиш, — деб пичирлади у.
— Би-ир ўзлари яшайдими капада? У бош ирғади.
— Юринг, бориб кўрамиз.
Жўра менга тикилди. Оқбой бўлса:
— Бугун бордингми? — деб сўради ундан. У бошини чайқади.
— Кайвони момо тўйга кетган. Нон ёпмаган.
Биз туман марказидаги уйимизда ғамимизни еб, момом ёпган уч-тўртта ёғли патир-нон, кастрюлга
қовурдоқ солиб олган эдик. Ҳали келиб, қора уйга
ясойлашганимиздан кейин ана шулардан бироз тамад-ди қилгандик.
— Нон бор. Гўшт ҳам бор, — дедим. — Уйда! Ана, ишонмасангиз, кириб кўринг!
Жўра ғамгин жилмайди. Оқбой бўлса:
— Жур, — деди. — Оламиз! Борамиз!.. Мана муниям қидиртамиз! Борасанми, Содиқ?
— Э, бўлмасамчи, — дедим.
Онам ҳалиги гапни тайинлаб кетган бўлса-да, мен Жўранинг ёнидан жилмаган эдим: ахир, нима
қилай? Ким билан ўйнай? Иккинчи тарафдан, Раис бобонинг туманда — уйимизда айтган гаплари
ёдимда: Жўра мени дарёга олиб бориши керак эди. Учинчидан десангиз, айниқса онамнинг гапидан
кейин бу йигитга қизиқиб қолгандим. Бундан ташқари, бечоранинг...
...онаси ҳалигидай касалга йўлиққан, битта ўзи бир капада — дарёнинг у томонида яшар экан...
Шуни айтишим лозимки, ўшанда — урушдан кейинги, йўғ-э, эллигинчи йилларнинг ўрталарида ҳам
тирикчилик кечириш оғир, етимлар кўп, анавинақа касаллар ҳам сероб эди. Ва бизнинг туман марказида
ҳам пес, мараз бўлган кимсаларни жамоадан чиқариб қўйиш расм эди.
Оқбойнинг гапидан кейин Жўра елкасини қисиб, менга мўлтираб қаради. Мен унинг қўлидан
тортдим.
— Юринг.
Онам ўшандай дегани билан мен бу йигитдан негадир қўрқмадим. Ўзимга ишонармидим —
билмайман. Ҳарқалай, мактабда чопиш, сакраш, муштлашиш — бокс бўйича илғорлар қаторида эдим.
Ишқилиб, бировдан таёқ емасдим...
Патир нондан бирини олиб, орасига қовурдоқ қўйдик. Бир қийиққа ўраб, йўлга тушдик.
Раис бобо билан онам отларини йўрттириб кетган сўқмоқ билан борардик. Ўриклар ғарқ пишган,
ерга кўрпа бўлиб тўкилиб ётибди денг. Кўплари оёқ-туёқ остида эзилган, ачиган. Улар устида арилар ва
паш-шалар ғуж-ғуж. Ана шу — эзилган ўриклар ҳиди анқийди!
Қандайдир ташландиқ, ёввойи ўлкага келиб қолгандай сезасан ўзингни.
Бу қишлоқда ўзи хонадонлар сийрак экан: ҳув ундай ерда қора сувоқ қилинган бир каталак кўринса,
ундан анча нарида бир капа кўзга ташланади. Ундан ҳам нарида ўтов... Кейин билсам, бу ерликларда
чорва ҳам мўл, қўй-эчкиларини яйловларга ҳайдаган ёхуд тоғ ўтлоқларига чиқариб кетишган экан.
Ариқ лабидан бора-бора шолизор ёқасидан ўтдик. Ва бирданига баҳайбат бир жарлик четига чиқиб
қолдик. Жарлик шундай каттаки, у қирғоғи билан бу қирғоғининг ораси бирон чақирим келади.
Бироқ ёнбағирдан илонизи бўлиб ўрмалаб тушиб кетган сўқмоқ ҳам борки, унда мол туёқлари ва
яланг-оёқчаларнинг излари қолган.
— Ана, дайро, — деди Жўра тубанликни кўрсатиб.
Тубанда — жарлик тубида ялтираб сув оқар, соҳилларни юлғун босиб кетган, қизариб гуллаган бу
яшил буталар орасида — қумда бўлса керак, ярим яланғоч болалар ва лозим-кўйлакли қизчалар ҳар хил
алфозда ўтиришар-ётишар эди.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |