www.ziyouz.com кутубхонаси
114
— Барибир, Ра-мат ака.
— Уф... Қорним очди! — У яна йиғлай бошлади. Семиз одамлар тез очқаса керак-да.
— Бўлмаса қолганини эртага зувиллаб бераман.
— Майли, майли.
Шунда мени яна жин урди.
— Йўқ, эртага келмайсиз!
— Рост, келаман, — деди Раҳмат. — Бугун бўлди. Кетайлик. Жон ука, сен ғирром эмассан.
Билдингми? Сени ғирром десам, ўлай агар.
Мен жим қолдим. Шу гапни эшитмоқчи эдимми? Билмайман. Лекин кўпдан бери айтилиб юрилган
бу сўз, демак, ёқмас экан-да менга?
Шунчалик шумлик, шайтонлик қилиб, уни ўзимга олмай юрар эканманми?
Балки қийналиб бўлсаям ғирром бўлмасликка ақлим етдими? Униям билмайман.
... Лекин, бир нарсани энди қайд этишим мумкин: ўша кундан кейин Раҳмат билан яна ўйинимиз
давом этишга этди-ю, мен қочмайдиган бўлдим. Ҳатто у тўғрида ўйлашдан уялардим. Кўкқиянинг
бошигача борганимиз, шўрсувли жилғагаям тушганимизни эсласам, ўзимдан ўзим хурсанд бўлиб
кетардим.
Қандайдир... ғирромлик бошқа, ҳа-ҳа, қандайдир жуда катта, чидам, бардош, ҳатто мардлик талаб
қила-диган ишларга ҳам қодирдек сезардим ўзимни.
Тўғри, кейинчалик у қадар мард бўлиб қололмадим. Бироқ шу йўлдаги илк қадам ўша кун қўйилган
эди.
1992
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
115
ОҚТОШ
Биз Улкан қишлоғига кўчиб бордик. Онам — Шўро раиси, мен — энди учинчи синфни битириб
таътилга чиққан пайтларим эди.
Бизга атаб катта бир ўрикзорнинг адоғида ўтов тикиб қўйишган экан. Жиҳозлари ҳам бор: шолча,
бир тахмон кўрпа-тўшак. Хўш, ўтов биқинида ер тандир, ундан сал нарида — катта ариқ, унинг бўйида
толлар. Толларнинг, лоф бўлсаям, ҳар бир бутоғида чумчуқ уяси бор. Чирқ-чирқ, чиғир-чиғир товушлар
тинмас эди.
Онам менга тушунтирди:
— Биз Раис бобонинг уйига қўндик. Бир-икки йил турамиз. Кейин яна районга қайтиб кетамиз. — Бу
гапларни тушунганимдан кейин у киши давом этди: — Раис бобонгни Жўра деган ўғли бор. Ҳализамон
келади. Ким билан ўйнасанг — ўйна-ю, ўша билан ўйнама!
— Нимага?
— Ишинг бўлмасин.
Ҳақиқатан ҳам ҳадемай Жўра келди. Ёнида иштонини липа урган, шалпанг қулоқ бир бола ҳам бор
эди. Уларнинг бир-бирига муносабатидан кимликларини билиб олдим... Жўра ариқнинг у бетидаги
пастак деворга миниб ўтирди-да, қўлидаги палахмон билан толлар шохига тош ота бошлади.
Онам билан Раис бобо ўтовнинг чап томонидаги супада бир-икки кишига нималарнидир
тушунтиришар, улардан сал нарирокда Раис бобонинг тўриқ оти билан онамнинг жийрон оти ўтлаб
турарди.
Шуни айтишим керакки, Раис бобони мен икки йиллардан бери билар эдим. Туманга — ҳовлимизга
мана шу тўриғини миниб бориб қолар ва меҳмонхонада ётарди. Мени эркалар, қачон бўлмасин, ўзининг
Улкан қишлоғига томошага олиб боришини айтар, сўнг у қишлоқни мақтар эди: «Дайроси бор.
Чўмиласан. Мениям сендай улим бор, дўст бўласан...»
Албатта, мен бу таклифдан қувонардим ҳамда ўша «қачон»дир дейилган муддат тезроқ келишини
кутардим.
Мана, оқибат онам ўша қишлоққа Шўро раиси этиб тайинланди-ю, биз келдик.
Раис бобо билан онам анави икки кишига бир нималарни тайинлашди-да, ўтовга қайтишди.
Раис бобо Жўрани кўриб:
— Э, нимага ўйтиб ўтирибсан? Келиб, Содиқбой билан танишмайсанми? Сенга айтар эдим-ку? —
деди.
— Ҳа, Содиқжон, кел. Аканг билан таниш, — деди онам ҳам. Ва менинг елкамдан қучиб: — Гапим
эсинг-да бўлсин, — деб шивирлади.
Жўра девордан тушиб, қийшайиб келди. Мен ҳар қалай шаҳарлик эдим: унга қўл узатдим. Уям
қўлининг учини берди-да отасига:
— Қуртни чумчуқ жеб кетаяпти, — деди.
— Ҳе, уккағарлар! — Раис бобо этигини ечмоқчи бўлиб қўнжидан тутди-ю, вақтни бой берадигандек
бирдан алпанг-талпанг юриб бориб, битта толга чиқиб кетди. Кейин айрида туриб олиб шохларни
шундай силкитдики, чумчуқ болалари ёмғирдек тўкила бошлади. Жўра билан Оқбойга эргашиб мен ҳам
дўппимни олдим-да, палапонларни териб сола бошладим.
Раис бобо шохма-шох юриб, бошқа толларгаям ўтди. Улардан ҳам сон-саноқсиз палапонлар
тўкилди. Энди онам чумчуқ болаларига ачиниб, қошини чимириб турар, нуқул:
— Бас энди, ўртоқ Бобоев! Бундан кўра қуртхоналарга қоровулларни кўпайтириш керак, — дер эди.
Шу пайт денг, қайси гўрдан бир маймоқ ит билан иккита мушук пайдо бўлди-ю, улар ҳам тўкилган
чумчуқ болаларини териб, ҳалигидай ошқозонларига жойлай бошлади. Ит билан мушук — бир-бирига
душман: яқин келганда, ташланишиб, фишиллашиб қолишар, кейин тағин тирик хўракка ташланишар
эди.
— Юринг-е, ярашмаган ишни қилиб!.. — Онам жеркиб шундай деди-да, отлар томонга йўл олди.
Салдан кейин Раис бобоям дарахтдан тушиб ва уст-бошини қоқиб:
— Эса биз ғалланинг бошига кетдик. Жўрабой, укангни ўйнат! Палахмон қилиб бер. Чўмилишга
олиб бор... Молтишни ўргат. Хўпми, болам? — деб ва менинг кифтимга қоқиб қўйиб, онамнинг изидан
хетди.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |