1.Манбашуносликнинг қайси йўналишини биласиз?
2.Назарий манбашуносликнинг мақсади ва вазифаси нимадан иборат?
3.Амалий манбашунослик деганда нимани тушунасиз?
4.Манбанинг ташқи моддий белгилари деганда нимани тушунасиз?
5.Манбанинг ички белгилари – таркиби ва мазмуни нимадан иборат?
Javoblar
1.Манбашунослик фани асосан икки йўналишга эга бўлиб, у назарий манбашунослик ва амалийманбашуносликдан иборатдир. Биз қуйида назарий манбашунослик хусусиятларини баён этамиз.
2. Назарий манбашунослик йўналиши амалий манбашунослик тажрибасини умумлаштиради, ёзма манбаларни вужудга келиши ва уларнинг реал тарихий шароитни ўзида акс эттириш қонуниятлари, манбаларни излаб топиш, туркумлаш, тавсифга олиш, тартибга солиш асосларини ишлаб чиқади ва уларни илмий муомалага киритишнинг, амалий ўрганишнинг энг мақсадга мувофиқ асосий усул ва йўлларини аниқлайди ва амалиётга тавсия этади. Улар қуйидагилардир.
3. Амалий манбашунослик йўналиши бевосита ёзма манбаларни назарий манбашунослик тавсиясига биноан ўрганиш, излаб топиш, тавсиф этиш ва ўзи топган, мавзу учун янги ва керакли маълумотларни илмий муомалага олиб киришни назарда тутади.
Амалий манбашуносликда тадқиқотчи ўзи учун танлаб олган бирор мавзуга оид манбаларни танлаб олгандан кейин уларнинг ҳар бирини ташқи ёки моддий –техник белгилари ва ички мазмунига кўра гуруҳларга ажратиб илмий таҳлил этиши лозим.
4. Манбаларни ташқи белгилари ёки моддий-техник маълумотлари деганда қўлёзма китоб ёҳуд ҳужжат битилган қоғознинг ўлчами, қоғози, варақлар сони, муқоваси,матн ўлчами, хати, сиёҳи, хаттоти, асар номи, муаллифи, китобат тарихи, жойи каби маълумотлар назарда тутилади. Бу маълумотлар асар ёзилиш сабаблари, унинг ёзилган жойи ва ўша вақтдаги техник тараққиёт ва ижтимоий-сисий муҳитни ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Бу маълумотларни аниқламай туриб, асарда баён этилган воқеалар ҳақида, умуман асар ҳақида тўғри ва тўла тасаввурга эга бўлиш, унинг хусусида фикр билдириш мумкин эмас.
Қўлёзма китобларнинг муаллифи, асар номи, ёзилган вақти ва жойини аниқлаш қийин. Чунки қадимги қўлёзмаларда бугунги кундаги китоблардаги каби муқованинг ўзидаёқ асар номи, муаллиф номи, китоб бошланиши ва охиридаги каби зарурий маълумотлар келтирилмаган. Баъзи ҳолларда асар охири-хотимада унинг кўчирилган вақти ва жойи ҳамда котибнинг номи қайд этилади, халос.
Маълумотлар келтирилмаган тақдирда, асарнинг матни, ёзилиш ва китобати тарихи, қоғози, хати ҳамда тили ва тил услубига қараб таҳминан аниқланади. Бундай маълумотларни аниқлаш тадқиқотчидан катта ҳаётий тажриба ва юксак малакани талаб қилади ва бу анча қийин ва масъулиятли ишдир. Бундай масалаларни машҳур китоб билимдони Ибодулла Одилов, Абдуқодир Муродов, Абдулла Носиров каби юксак малакали мутахассисларгина бир неча ёзма манбаларни солиштириш, қиёслаш асосида ҳал қилиши мумкин.
Асар муаллифи ва унинг шахсини аниқлаш қўлёзма китобнинг илмий таҳлил этишда катта аҳамиятга эга. Бу асарнинг яратилиш тарихи ва унинг ёзилишига сабаб бўлган ижтимоий-сиёсий муҳитни аниқлаб олиш учун ҳам зурурдир.
Одатда, қадимги қўлёзма асарларда кўп ҳолларда муаллифнинг исми маълум ва кўзга ташланадиган жойда, масалан, асарнинг боши ёки охирида қайд этилмайди. Баъзан у муқаддима қисмида, ёки асар ўртасида, воқеалар баёни орасида бирон масала юзасидан тилга олинади. Кўп ҳолларда эса муаллиф ўзининг ҳақиқий исмини айтмай, “фақиру ҳақир”, “ожиз ва хоксор”, “бу ғариб банда” деб аташ билангина кифояланади. Бундай ҳолларда асар варақма-варақ, сатрма-сатр, алоҳида эътибор ва синчковлик билан ўрганилиши лозим. Шундай ҳам бўладики, асарнинг бирон ерида муаллиф ўзи, отаси ёки яқинлари ҳақида бир-икки калима айтиб ўтади. Ёки баён этилаётган влқеага ўзининг муносабатини (масалан, “Абдуллахон тахтга ўтирган вақтда камина Ҳофизи Таниш ибн Мир Муҳаммад 33 ёшда эдим”) билдиради.
Асар муаллифининг шахси, яъни унинг қайси ижтимоий гуруҳга мансублиги, унинг дунёқарашини аниқлаш учун асарнинг умумий ғоявий йўналишини тўғри белгилаб олиш учун муҳим аҳамият касб этади.
5.Манбаларни ички белгиларига қараб таҳлил этиш деганда қўлёзма асарнинг таркиби ва мазмунини таҳлил қилиш, тушунтириш, ғоявий-сиёсий савияси ва илмий қийматини аниқлаш масалалари англашилади.
Қўлёзма асарнинг илмий қийматини унда нималар баён этилганлиги, воқеа -ҳодисаларга муаллифнинг холис муносабати, келтирилган далил ва маълумотларнинг тўғрилиги ва олдинга сурилган фикр ва ғоялар билан белгиланади.
Тарихий асарнинг асл нусха, оригинал бўлиши ёки компилятив – яъни бошқалар маълумотларни териб ёки айнан келтириши, тўла ва ноқислиги, қисқалиги, воқеаларнинг қай тарзда баён этилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Илмий тадқиқотларда оригинал ва мўътабар қўлёзмаларга таяниб иш олиб бориш ҳар бир далил ва маълумот, рақамлар энг ишончли, нодир, бирламчи манбалардан олиниши керак. Бошқалар китобида келтирилган маълумотлардан сақданиш лозим.
Ўтмиш жамият шароитида ёзилган асарларнинг муаллифлари кўпинча ўзлари келтираётган далиллардан тўғри хулоса чиқармайдилар, уларнинг фикрларида ноаниқлик, чалкашлик ва қарама-қаршилик ҳам учрайди. Бу табиий ҳол, албатта чунки улар яшаб ижод этган муҳитнинг ўзи зиддиятлар билан ажралиб турар эди.
Ёзма манбаларда қарама-қарши фикрлар билан бир қаторда холисона мулоҳазалар ҳам учрайди. Бундай пайтларда муаллиф кўпинча ўз фикр ва мулоҳазаларини пардозли иборалар ва истиорали сўзлар орасига яширади, гороскоп – одам туғилганда унинг тақдирини ёки бирон улуғ шахс иштирокида содир бўлиши мумкин бўлган муҳим воқеанинг натижасини сайёраларнинг ўша пайтдаги ҳолати ва ўрнига қараб махсус жадваллар воситасида олдиндан белгилаш, шунингдек, кўп аср аввал бўлиб ўтган ва айнан муаллиф баён қилмоқчи бўлган воқеага ўхшаш фактларни мисол тариқасида келтириш йўли билан баён этганлар.
“Абдулланома” асарининг муаллифи Ҳофиз Таниш Бухорий (ХУ1 аср) машҳур Жуйборий хожалардан бири хожа Муҳаммад Ислом (тахм.1493-1563) ва унинг “Етти иқлимнинг чаққон ҳисобчилари” бир бўлганда ҳам юздан бирини ҳам ҳисоблай ола олмайдиган беҳисоб бойликларига бўлган ўзининг салбий муносабатини Тафсир ва Ҳадис китобларига таяниб, мана шундай сўзлар билан ифодалаган: “Тафсират ул-мубтадин”[1]нинг учинчи мисбоҳида (бобида) айтилганки, жаҳон аъёнлари бўлганликлари учунгина эмас, (балки) унга тегишли бўлишлари ва мол-дунёга ҳирс қўйишлан ўзини тиймаганликлари учун ёмондир. Шу боис ҳазрат рисолат паноҳ (Муҳаммад пайғамбар)... бу маънидан хабар берди (ва дедики) “Мол-дунёни дўст тутиш ҳар қандай гуноҳнинг бошидир.[2]”
Аштархонийлардан[3] Убайдуллахоннинг (1702-1711) котиби муаррих Мир Муҳаммад Амини Бухорий мазкур хоннинг ўлдирилиши сабабларини унинг фаолиятидаги нуқсонлардан, аниқроғи атрофига тубан ва сотқин кишиларни тўплаб олиб, салтанат ва халқ аҳволидан бепарво бўлганлигида кўради. У ёзади: “Равзат ус-сафо”да[4] айтилганки, (жаҳон устидан ҳукм юргизишнинг) биринчи шарти (шулки) ҳукмдор сир сақлай оладиган, муҳим давлат ишларида мустақил фикрга эга бўлган маслаҳатчиларни тарбиялаб етказмоғи зарур. Жаҳон устидан ҳукм юргизишнинг иккинчи шарти шулки, (ҳукмдор) ўзига етук, оқил, виждонли, камтарин ва истеъдодли кишиларни яқинлаштирмоғи лозим... Шунга ўхшаш, “Cирож ул-мулук” китобида[5] ҳикоя қилинганки, Нуширвон[6] кунлардан бир куни бош коҳиндан сўради: “Давлатнинг инқирозига сабаб нима?” Бош коҳин жавоб қилди: “Бунинг сабаби учта. Биринчиси, давлатнинг умумий аҳволи олий ҳукмдордан яширин тутилса; иккинчиси, халқ подшоҳга нафрат руҳида тарбияланса; учинчиси, солиқ тўпловчиларнинг жабр-зулми ошиб кетса.[7]”
Мир Муҳаммад Амин Бухорий зикр этилган лавҳадан хулоса чиқариб бундай дейди: “Афсуски, ҳар уччала зарур шарт Саййид Убайдуллахон ҳукмронлигига тааллуқлидир... Подшоҳ ҳукмронлигининг иккинчи ярмида илгари ўтган подшоҳлар тариқидан, ота-боболарнинг тутимидан четга чиқди. Тамом куч-қувватини тубан ва заиф, суст ва манфур кишиларни тарбиялашга сарфлади, уларни ўзига яқинлаштирди; муттаҳамлар, ҳарам ходимлари ва хотинлар билан яқин муносабатда бўлди. Мана шуларнинг ҳаммаси унинг давлатини инқирозга учратди.”[8]
Манбанинг таркиби ва мазмунини илмий таҳлил қилишдан кузатилган мақсад, унинг муҳим ва қимматли томонларини аниқлаш, унда келтирилган далилларнинг ишончлилиги ва тўғрисини бошқаларидан ажрата олиш ҳамда энг муҳими асарда баён этилган воқеани холис тарихчи нуқтаи-назаридан туриб баҳолай олишдан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |