www.ziyouz.com кутубхонаси
80
— Йўқ, тушундим, тушундим, — дедим. — Лекин сизнинг идорангизга пиёда келдим, уникига
аптобус билан борсам, у бизга йироқ экан. Қодиржон, меникиям бир гап-да: сизнинг совхозингизда
тураберсак-чи, қола берсак-чи?
— Ҳе, холам-э, холагинам-э, холагинам-э! — деб кулди у. — Мумкин эмас!
Мен билар эдим: мумкин эмас. Лекин йўлига айтган эдим-да.
— Хўп, ўша совхозда бўла қолайлик. Лекин сиз... ўнтагина шипрга қоғоз берсангиз, мен
пулгинасини тўлаб...
— Холажон, мен нима деяпман? Кечирасиз, тушунтиролмадим шекилли... Хўш, энг муҳим гап
шундаки, бизда ҳам ҳалигидай хўжалик ҳисоби, самофинансирование деган гаплар амалга ошяпти...
Бундан ҳам муҳими, хўш, ҳамма нарса шу қадар ҳисоб-китобли бўлиб кетаяптики, мен сизга битта
шипр берсам ҳам, бу ерда гап қилишади. Совхоз мулкини бегоналарга талон-тарож килдирди деб...
Ана, биз бегона бўлиб қолган эканмиз. Вой, мен тушунаман, ғалча эмасман: ҳукуматнинг гапи гап.
Қарорлари — қарор! Уларнинг, мисол учун, план бажаришда кўп амал қилмасаям, мана мундай
йўриқларда жуда амалда!
Лекин мен энди бешта шипр деб юрсам... Кенжабойдан ҳам уяламан: «Ҳукуматингиз нима қилди
деса, нима дейман? Ҳукуматим ўзгарипти, дейманми?»
Қодиржон яна бош эгди. Билдим: боланинг иложи йўқ. Бўлмаса, у бундай қилмас эди.
— Ҳа, болам, яхшилигингни кўр, — дедим. — Сен ўксима, Қодиржон... Унга бўлса, унга бораман-
да...
Қодиржон хўрсиниб туриб кетди.
— Биз бир қаттиқ бўлсак, тошдан ўтиб кетамиз! — деди. — Бир сахий бўлсак...
Мен кулдим.
— Сахий бўлганимизни ҳалигача кўрганим йўқ. — Кейин унинг кўнглини кўтардим. — Биз, болам,
ҳукумат... ҳукуматимиз катталариям йўқсилдан чиққан. Ўзимиз ҳам. Бойларниям йўқсил қилганмиз.
Бундай мамлакат, ҳукумат... кўрпасига қараб оёқ узатиши керак. Тушунаман, оғажон. Меникиям бир
гап-да.
— Ақлли холажонимдан айланай, — деди.
Шундай деди.
Мен уни дуо қилиб чиқдим. Айтганидек йўлга тушиб, бекатга бордим. Автобусиям айтганидай экан,
келди. Ўша қарағайзорга бурилганда, тушиб қолдим.
Қаранг-а, уйда ўтириб қолганингдан кейин жамиятдан чиқиб ҳам қолар экансан. Газета кўп, кўп
оламиз. Журналлардан ҳам... Дунёнинг у чеккасидаги гапни билиб турар экансан-у, ёнингдаги
ўзгаришлардан бехабар қолар экансан.
Бу тарафлар, ҳее, тоза ўзгариб кетган экан... Эсимда бор. Кечагидай: қирқинчи йилмиди, ўшанда
Шўро мажлисини ўтказиш учун шу томондаги бир овулга бориб, кеч қайтгандим. Бир чўпон бечора:
«Қизим, отингиз яхши экан. Лекин бемаҳалда юрманг, жондор учрайди», деб эди. Мен... ёш эканман:
оловлик. Отимга ишониб ҳайдай бердим. Қурисой деган жойга етганда, бир бўри эргашди. Тавба,
қўрқмапманми денг. Бошимда катта шол рўмолим бор эди. Шунинг бир учидан ушлаб, бир учини
осилтириб келавердим. Бўри ўлгур рўмол билан ўйнайди денг. Эшитганман-да, бўри отнинг думидан
олади деб. Хавотирим шундан эди. Бир маҳал рўмолни тишлаб бир тортди, қўлимдан чиқиб кетди. Ана
энди, ўлдим, деб ўйладим. Отни ҳайдадим. Қор, муз, совуқ. Бўри эргашди. Буёқда қоронғи тушаяпти.
Сойдан чиқиб, энди қирга ўрлагандим, бўри етди... Отим бир сапчиб кетди-ю, йиқилди. Шундай
ёнбошлаб қолди. Қарасам, бўри-мўри йўқ. От соғ. Пишқиряпти. Шундай бўйнига осилиб олиб: «Чуҳ,
жонивор!» дедим. Гапим далда бўлдими, от жонивор сапчиб туриб кетди. Ҳей ундай жойга борганда
эгарга миниб олдим. Қарасам, бўри... от йиқилганда тагида қолган экан. Оқсоқланиб четга чиқяпти.
Бирдан увлаб юборди. Мен отни суриб ҳайдадим яна. Жийдали деган жойга етганда, бир аравани
учратдим... Шундай қилиб, омон қолган эдим...
Нима деятган эдим?
Ҳа, бу даштлар ҳам ўзгариб кетган экан.
Идорани топиб кирдим. Ҳе, башанг. Зиналари мармардан. Райкомнинг биносига ўхшайди. Бир
чолгина диванда ўтирган экан, директорнинг хонасини кўрсатиб қўйди.
— Ассалом алайкум, ҳукумат болам, — деб кирганимни биламан, у талаб ташлади.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |