www.ziyouz.com кутубхонаси
79
йиллигида берилган медалларни такдим. Чолга қарасам, боши хам. Жўнадим.
Мана шу тор кўчадан ўтиб, мош экилган далага чиқдим. Бирам ҳаво яхши. Мош пишган. Қирс-қирс
ёрилади. Ариқларда сув. Қурбақалар қуриллайди.
Жуда кўнглим очилиб, ҳее, ўгган-кетган кунларни эслаб, катта йўлга чиқдим. Кўпқаватли иморатлар
тушаётган экан, шуларнинг орасидан ўтиб, совхоз идорасига бордим.
Бу — эскидан қолган иморат эди. Пешайвони бор. Ери тахта-пол қилинмаган. Лекин менгаям
қандайдир яқин иморат эди. Қодиржон шу ерда ишларди.
Кириб бордим.
— Ассалому алайкум, холажон, — деди. Ўрнидан туриб, келиб кўришди. Мундай жойдаги диванга
ўтқазиб, бир пиёла чой берди. — Дамлигинамисиз, холажон? Бобой яхшими? Жиян қалай?.. Яқинда
янги машина келади, албатта берамиз...
— Ҳе, мишта киринг, оғажон, — дедим. — Отангиз ўзи улуғ одам эдилар-да!
— Хизмат, холажон?
— Э, ўғлим, — дедим. — Кечаги шамолни билдингизми?
— О, аста айтасизми! Бизнинг қирқта шшшримизни учириб кетди. Парча-парча қилиб ташлади.
Қанча цемент, албастр кўкка учди. Ўзиям ярим соат орасида ҳаммаёқни тўс-тўполон қилиб юборди-да!
Шипрни тилга олганида, дамим сал ичимга тушган эди. Барибир айтдим:
— Шундай-шундай... Катакнинг усти очилиб қолди. Товуқлар сочилиб кетди. Кенжабойингиз жинни
бўлиб юрипти. Бизда қўй йўқ, сигир йўқ. Шу тўртта товуқ...
Қодиржон индамай қолди. Индамай чой ичди. Худо урсин, уни ҳеч мундай аҳволда кўрмаган эдим:
ҳамма вақт «йўқ» демасди... Ахир, биласиз, бир замонлар бу ҳукуматимиз бизга қарам эди. Энди биз
унга қарам бўлиб қолдик: қарашиб турса ёмонмас-да! Тўғри, одам хижолат бўлади. Аммо ноилож.
Йўқ-йўқ, мен йилида келсам, бир марта келардим. Илтимос билан. Шундаям давлат нархида пулини
тўлаб олардим. Энди, бир қоп-ярим қоп камикормами, буғдойми, арпами, ишқилиб... «йўқ» демасди-да.
Ўзи, мен сизга айтсам, болам, бу тиланчилик эмас. Худо асрасин: энди, одам... ҳаддинг сиғиб
келасан-да. Ўзингнинг ҳукуматинг, ахир.
Тўғри энди, бу ҳукуматимиз ҳам анча пишиқ бўлиб кетди: бир вақтлар, байрамлар бўлса, Октябрь,
ҳайитлар куни бозоржойда қозон-қозон ош дамланарди, чой, нон — бари бепул. Ўйин-кулги. Байрам,
тўй тўйдек ўтарди. Кейин... бунақа супралар ҳам очилмайдиган бўп кетди. Қайтамга баъзи одамлар
каттароқ тўй қилса: «Бой бўп кетдингми?» дейдиганлар кўпайди...
Мен ўғри, каззобларни кўзда тутмайман, болам... Улар ҳалиям бор. Охири ўз ҳақини олади: худодан
топади. Худодан топмаса, ҳукуматнинг ўзи кўрсатиб қўяди.
Қаригандан кейин эзма бўлар экансан киши.
— Ҳа, Ўқуматжон? Мундай ўйланиб қолдингиз? — дедим.
— Э, холажон, ҳозир замон ўзгариб кетди, — деди Қодиржон. — Мен сиздан ҳеч нарсани аямайман,
би-либ қўйинг! Ҳукумат ўз ветеранларидан аямайди...
— Раҳмат! Ҳукумат пақат халқ фаровонлигини кўзлайди.
— Гап шундаки, холажон, биринчидан, бизда ҳамма нарса қаттиқ ҳисоб-китобли бўлиб қолди.
Қурилиш материалларининг ҳам нархи ошди... Шунга қарамасдан сизга ёрдам қилиш керак... Аммо,
холажон, ўзингиздан қолар гап йўқ, этақдаги чўл ўзлаштирилгандан кейин совхоз бўлинди.
— Бўлинди?
— Ҳа. Иккита совхоз бўлди-да... У совхозга кўп жойларимиз тушиб кетди.
— Қаерда у?
— Ана шу катта йўлдан бора берсангиз, астановка келади... Ҳали эшитмаб эдингизми?
— Қайдан?
— Шу ердан қизил автобус ўтади. Учта астановкадан кейин чапга бурилиб тўхтайди. Қарағай
экилган боғ келади. Ана шу ерда янги совхознинг идораси...
— Хўп, идораси бўлса бўлар, — дедим. — Мен сиздан ёрдам сўраб келдим-ку?
— Мен ҳам айтяпман-ку, сизнинг ерингиз ўша совхознинг территориясига тушиб кетган.
— Хўш?
— Шунинг учун... шунинг учун ёрдамни ўша совхоз қилади энди. Директори ёш йигит, ақлли...
Холажон, тушунмаяпсизми?
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |