www.ziyouz.com кутубхонаси
81
Йўқ, сира танимадим. Ёшгина. Кўзлари ўйноқлабгина турган йигит. Ўттизларнинг нари-берисида.
Қодиржонга ўхшаб жайдари кийинмаган ҳам. Бўйнида галстук, оппоқ кўйлак.
— Нима дедингиз ўзи? Ким ҳукумат? — деб бошлади.
— Ҳай-ҳай, тил ўлгур ўрганиб қолган-да, — дедим. — Ҳовлиқманг, болам. Биз ҳам, ҳей, сондан
чиққан уй хотини эмасмиз... Вақтида райкомлардаям ишлаганмиз. Киссамизда партия билетимиз бор!
— Ҳеч ўхшамайди-да, ўхшамайди, — деди. — Ҳа. Хўш, мақсад нима? Тезроқ бўлинг, вақтим зиқ!
Бу гапдан кейин унга бир нимани дангал айтиб бўладими?
— Директор болам, — дедим. — Билсангиз, эшитган бўлсангиз, мени фалончи опа дейдилар.
Кекса...
— Опа, ветерандан кўпи йўқ! — деди гапимни кесиб. — Ҳалиям битта ветеран чол келиб кетди.
Қиладиган иши — магазиндан давлатнинг гўштини сотиб олиб, ташқарида икки марта қимматга
пуллаш экан! Ветеранлар учун ҳамма нарса безочирид-да! Шундан фойдаланар экан, ноинсоф.
— Ҳа, энди ночорликдан...
— Опа, муддао нима?
Жуда хўрлигим келди: ахир, мени районда билишарди. Ҳар йили Октябрь байрамларида бизни
чақириб сийлашарди. Дугоналаримниям. Кўрганлар салом берарди.
«Бу йигит бошқа райондан келган экан-да», деб ўйладим-да, муддаога ўтдим:
— Олдин Қодиржоннинг совхозига қарардик...
— Қайси Қодиржон?.. Ҳа-ҳа, Қодир Собиржонович! Хўш?
— Энди сизнинг совхозингизга ўтипти бизнинг ерлар.
— Жуда яхши бўпти! Бу совхознинг келажаги катта! Ҳим, болаларингиз ишлайдими?
— Ҳа, бир ўғилчамиз... Кенжабой шопир. Лекин... Лекин... Лекин билмадим, у сизнинг
сапхозингиздами, ё ҳалиям Қодиржоннинг сапхозидами?
— Хўш, мақсад? — Кейин ҳеч иккиланмай: — Тайин бирон илтимос билан келган бўлсангиз керак?
— деди.
— Ҳа, — дедим.
— Ўзим ҳам пайқаган эдим...
— Шу биргина бостирмамиз... товуқхонамиз бор эди. Кечаги довул томини бузиб, картонларини
учириб кетипти, ўғлим. Шунга бир қарашасизми деб...
— Шипр йўқ.
— А?
— Бизда қурилиш бригадаси бор. Самофинансированияга ўтган! Бу гапни тушунасизми?
Кооперативни-чи? Хозрасчётни? Ҳим... Гап шундаки, сиз ўшаларга учрашасиз. Улар бориб, ками-
кўстингизни битириб беришади.
— Ўзлари-я?
— Ўзлари! Лекин текинга эмас!
— Ҳа, албатта... Давлат нархида бўлса...
— Давлат нархида эмас! Илгари биз баъзи қари-қартангларга қарашганмиз... қарашганлар. Совхоз
баҳосида ул-бул ишлар қилиб берилган. Энди у нарса бекор қилинди. Ҳали бора-бора қурувчиларимиз
ҳам мустақил бўлиб кетишади.
— Тушунмаяпман. Улар... қиммат оладими?
— Уҳ! Ҳозир, опа, қурилиш материаллари икки карра қимматлаб кетган. Биласизми шуни?
— Йўқ.
— Хуллас, биз ёрдам беролмаймиз... Бошқа саволлар борми? Ўша Кенжабойингизга айтинг... Сизни
ветеран деб чоптириб қўймасин, хўпми? Ҳозир бари ёшлар нуқул ветеранларни чоптиришади... Билиб
олдик! Энди бунга барҳам берилади...
— Энди биз...
— Менинг сизга ёрдамим — мана шу!
— Нима?
— Тушунтирдим-ку?
— Сал-пал тушундим... Лекин сизни ҳукумат деб... Ахир, ҳукуматдан бошқа кимимиз бор, ўғлим?
Сизлар ёш эдинглар, балки туғилмаган эдинглар...
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |