www.ziyouz.com кутубхонаси
30
экан, тошйўнар экан... Улар бундай ишга жуда уста бўладилар.
— Нимага ёздириб... қўйдингиз?
Бойқувар унга қараб-анграйиб тураркан, тағин секретар бир зумга узоқлашиб кетди ва тағин
яқинлашди.
— Э, ўртоқ Қосимова, сиз қизиқ саволлар берасиз-а! — деди у жиддий тортиб. — А, нима бўпти тош
қўйдирсам? Ҳа-а... — Яна кулимсираб, кулиб юборди. — Бизда расм эмас-а? — Кейин уни кўздан
йироқлатмаслик учун тикилганча сўради: — Сиз Тошкентда бўлгансиз-а? Чиғатой қабристонида-чи? —
Кейин ўз хатосини тузатди: — Албатта, бўлгансиз-да. Секретарлар ҳар ҳафта Тошкентга бориб келади...
— Менга қаранг, нимага «Мулла Бойбўри ўғлига...» деб ёздириб...
— А, нима деб ёздиришим керак эди? Шунчаки...
— Сиз мени калака қиляпсиз.
— Вой, вой! Ўлай агар, Дилнурахон... Ахир мен... биз сиз билан фахрланиб...
— Бас!
— Хўп, хўп.
— Чиқинг! Каридорда кутиб туринг. Ўзимиз чақирамиз!
— Хўп бўлади.
Бойқувар тисланиб таъзим қилди. Бурилганди, тағин кўз олди шафақланиб қолди. Туртиниб
кетмаслик учун таваккал қилиб тўғрига юрди. Эшикни пайпаслаб очиб чиқди. Машинистка қиз ёнидан
ўтаётганда, кўз ўнги хиёл ёришди-ю, нимқоронғи йўлакка чиққач, девор ёқалатиб қўйилган стулларни
зўрға топди.
Дилнура Бойқуварнинг чиқиб кетишини беихтиёр кузатиб турарди. «Бечоранинг кўзи хиралашгани
рост, — деб кўнглидан кечирди. — Қуриб кетсин бутифос дегани... Э, ўзидан кўрсин! Ким унга самолёт
дори сепаётганда культивация қил, депти?»
Хаёлидан шу ўйлар кечгач, шошиб телефонда номер тера бошлади.
— Ўртоқ Келдиев? Салом... Бир келинг! Ҳозир! Бошланғич партия ташкилоти секретариниям ола
келинг! А? Ҳа-да! Шу ерда... Э, гапини тушуниб бўлмайди! Барибир... Бир иш қилайликки, қарорга
жавоб бўлсин. Ҳа... Ҳим, шундайми? Бўлмасам, ўзим ҳам бораман. Э, бемалол.
Дилнура Қосимова жавон ёнидаги шкафдан область Советининг депутатлик нишони қадалган
костюмини олиб кийди. Чиқиб, машинистка қизга, ўзининг интернат-мактабга шошилинч иш билан
бораётгани, агар Биринчи йўқлаб қолса, дарҳол Келдиевнинг кабинети билан улашни уқтирди.
Бойқувар стулда бошини хам қилиб, кўзини юмиб ўтирар, отасининг қабри устидаги баҳайбат ям-
яшил гужумлар нақ қаршисида шилдираб турар, улар шохидаги қушларнинг шаддод чуғурлашларини
ҳам эшитар, устига малла тупроқ уюлган қабр ва унинг бош томонига тупроққа санчиб, таги сомон
қоришмасида сувалган қоратош худди ярақлар эди.
«Ҳа-а, жуда чиройли бўлди-да! Лекин буларга унинг нима оғирлиги тушди? — деб ўйлар эди. —
Мармар эмас... Мармар қиммат-а! Мен ўттиз сўмга олдим, холос! Агар мармар бўлганда, қиммат
турарди, чоғи. Ана унда бунинг пулини қайдан топдинг, деса, ҳаққи бор эди...
Тўғри-да, интернат қоровулида катта пул қайдан бўлади? Мармар қўйганимда, интернатдан бир
нимани ўғирлаб сотибсан деса бўлар эди... Тавба, ўғирлаб сотадиганлар ҳам бор-а? Болачаларнинг
ҳақига жабр қилиб... Э, дунё!»
— Бойқувар!
— Лаббай! — Ўрнидан туриб кетди йигит ва қаршисида ғира-ширада Дилнура Қосимовани
таниди.— Ҳа? Ўзингиз чиқибсиз?
— Юринг! — Секретар йўлак бўйлаб кетди.
— Қаёққа? А-а...
Бойқувар унга эргашиб кетаверди. Зиналардан тушди. Каттакон ойнабанд эшик.
Эшикдан чиқиши билан гўё уйқуси очилиб кетгандек, теварак-атрофни яққол кўрди.
Қуёш порлаб турибди. Бетон лавҳалар ётқизилган майдон адоғида, яшил қарағайлар остида
тумшуғини бу ёққа қаратиб турган турли машиналар.
Дилнура йўлакда келаётганда Бойқуварни ўзи билан бирга олиб кетишни ўйлаган эди. Энди,
ташқарига чиққач, ҳали жуда катта хатога йўл қўйишига оз қолгандек, шарт бурилиб:
— Интернатга ўтинг! Ҳозир... Ўша ерда гаплашамиз! — деди.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |