www.ziyouz.com кутубхонаси
31
— Интернатга? Хўп, хўп. Ҳозир етиб бораман. А, сиз...
Қосимова унинг гапини эшитмай жилди. Машинасига яқинлашаркан, қарағай ортидаги бетон
ҳовузча бўйида чўнқайиб ўтирган шофёри туриб келиб, кабинага кирди.
— Школа-интернатга! — деди Дилнура ҳам кабинага киргач. Кейин Бойқуварга шунча қарамай
десаям машина бурилаётганда кўзи тушди.
У каловланиб, ҳовузча ёнидан тўғрига тушган зи-налардан энмоқда эди. Яна унга ачиниб кетди.
Интернат. Директор Ҳусан Келдиевнинг кабинети. Жамоат жам экан. Бошланғич партия
ташкилотининг секретари Шойим Шайдулов билан унинг бюро аъзолари ҳам ирғиб-ирғиб туришди.
Дилнура Қосимова улар билан илиқ жилмайиб кўришди. Ҳар биридан бўғиқ, ясама шўхчан овозда
аҳвол сўради. Сўнг Шойим Шайдуловга ҳазиллашди:
— Ўзингизам намоз ўқисангиз керак-а?
Паст бўйли, елкалари кенг, юзи чоркунж, бошида тук йўқ Шайдулов жуда зўр аския эшитгандек
бошини эгиб, пих-пихлаб кулди.
— Қарор чиқмасаям шундай дермидингиз? — Кейин сийрак қошларини кериб гапиришга, демак,
ўзининг намоз ўқишдан неча-неча чақирим наридаги одам эканини сўзлашга шайланган эди, унинг
сергаплигини биладиган Дилнура:
— Хўш, нима қарорга келдинглар? — деди.
Барваста, сарғишдан келган, кўкраги баланд Ҳусан Келдиев:
— Нима бўларди, ўчирамиз-да, — деди. — Уёғини сўрасангиз, Дилнурахон, у коммунист бўлиб гўр
бўлармиди. Вақтида чўлқувар деб ўтказиб қўйишган-да.
— Шу, шу. Кампаниячилик жуда авж олган эди-да! — деб гапга қўшилди Шойим Шайдулов. —
Мен, масалан, ўттизинчи йилларда...
— Ўзингиз бориб кўрдингизми қабрни? — сўради Дилнура директор Келдиевдан.
— Ҳе, ўтган куни лагерни кўргали ўтаётиб, машинани тўхтатдим. Борсам, бир парча қора доска
турипти. Ёзувиям бор.
— Қора доска эмас, гранит, — деди Қосимова. — Шаҳрисабздан опкепти. Шундан шунча жойга
бориб кепти. Унга қолса, мармар олмоқчи экан.
— Ў, азамат! — деди Шайдулов. — Мармар-а! Аммо-лекин, ўртоқ Қосимова, ҳаммамиз ҳам
ғафлатда қолиб юрганга ўхшаймиз.
Бойқувар очиқ дарвозадан кириб, ғунчалаб қолган гулзор ёқасидан туртинмай-қоқилмай (ўрганиб
кетган) ўтиб, тўғри директор хонасига етди. Ердаги тўшанчани қарамаёқ топиб, кирза этигини артди-да,
эшикни дангал очди.
— Мумкинми?
Крупскаянинг портрети ёнида уймалашиб турган катталар бурилиб тўзиб қолишди.
— Кир, кир! Ҳе, уйинг буғдойга тўлгур, — деди Ҳусан Келдиев. — Бўлди... Ўша ерга ўтир!
— Хўп, бобо.
— Ҳим, қани ўртоқлар... Ўртоқ Қосимова, бу ёққа ўтинг. Шундайми? Майли. Хўш, ҳамма бор.
Мажлисимиз очиқ. Демак... Э! Шойим ака, ўзингиз туринг!
— Ҳа, бюрони партия ташкилоти секретари обориши керак, — деди Қосимова.
— Марҳамат, — деди Ҳусан Келдиев. — Лекин қисқароқ бўлсин, Шойим ака.
— Хўп, хўп. — Шойим Шайдулов сал тўрга ўтиб, солланиб, костюмининг енги жуда узун-у, осилиб
кетаётгандек ҳар иккала қўлини ҳам тепага кўтариб, енгини тирсак томон туширган бўлди. — Гапнинг
қисқаси, масала битта, — деди. — У ҳам бўлса, коммунист, бизнинг сторож Бойқувар Бойбўриевнинг
коммунистлик шаънига асло тўғри келмайдиган... коммунист деган номга доғ туширадиган,
кечирасизлар, доғ туширган, шунинг билан бирга бизнинг Крупская номли интернат мактабимиз
бошланғич партия ташкилотининг обрўсини тўккан... район партия комитети олдида юзимизни шувит
қилган, хўш...
— ...ишини муҳокама қилиш, — деди Келдиев.
— Ҳа, муҳокама қилиш! — такрорлади Шойим Шайдулов. — Ўртоқлар, бизлар атеистлармиз.
Кечаги қарор эса бизни янада ҳушёрликка...
Дилнура унга ижирғаниб қаради.
— Бирон кишига сўз беринг!
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |