www.ziyouz.com кутубхонаси
32
— Да. Жуда тўғри!
— Мен гапираман, — деб ўрнидан турди Ҳусан Келдиев. — Ўртоқ Қосимова, бюромизга
келганингиз учун раҳмат. Биз ўзимиз бу болани муҳокама қилиб, кўзини жойига тушириб қўймоқчи
эдик... — Кейин Бойқуварга тепадан тикилди. — Ҳе, ўл-э, сендай отали! Ким билади, шу отадан
бўлгансанми, бошқаданми?
Дилнура унга оғринган кўз билан қаради.
— Ўртоқ Келдиев...
— Э, энди, одамни қуюшқондан чиқариб юборади-да! Мана, шуни деб ишдан қолиб ўтирибмиз. Буям
майли... райком олдида, Шойим ака айтганларидек, юзимиз шувит бўлди! — Яна Бойқуварга дўқ қилди.
— Эрта мени райкомга чақириб сўраса, бу нима деган гап? Бир одамингиз мулла отасининг қабрига тош
қўйипти, деса... нима дейман, аҳмоқ?!
— Сўкманг!
Бойқувар шундай дегач, гарангсиб, стол теварагида ўтирганларга қаради. Сўнг бор кучини кўзига
тўплаб, бир-бир тикилиб чиқди-да, Шойим Шайдуловнинг ҳали айтган гапларини эслади. Кейин ҳайрон
қолиб ва нафаси бўғилиб, Келдиевга кўз тикди. Сўнгра Дилнурага қаради-да: — Э, — деди. — Сизлар
мени муҳокама қиляпсизларми?
— Тавба! — деб жилмайди Шойим Шайдулов. — Артистликдан ҳам анча-мунча бор экан. Биз
кўрганмиз...
— Нима бало, меров-перов бўлиб қолганмисиз? — деди Дилнура Бойқуварга.
— Нима... мен.. Йўқ! Йўқ! Мен тушунмаяпман, холос, — деб Бойқувар ўрнидан турди. — Қарор...
қарор чиқаверади-да!
— Ўтир-э! — деди Келдиев. Сўнг Дилнурага мурожаат қилди: — Ўртоқ Қосимова, бу йигит... динни
прапаганда қилгани учун, бизнинг худди шу кунларда юритаётган... жуда ғайрат билан киришиб йўлга
қўяётган атеистлик прапагандамизга қарши боргани, атай қарши боргани учун уни... буни дарҳол
партиядан ўчиришни таклиф этаман. Бу билан майда-чуйда гап қилиб ўтиришга ҳожат йўқ! Кимлар
қарши? Кимлар...
— Ўртоқ Келдиев... — деди яна Дилнура зорланган овозда. — Сиз ахир раис...
— Э, кечирасиз, Шойим ака!
— Ўртоқлар! — деб яна солланди Шайдулов ва дам Дилнурага, дам директорга манглай остидан
қараб: — Бўлмасам мен... овозга қўяман, — деди.
— Шошманг, — дея унга ҳам ўрнини кўрсатди Дилнура. — Хўш, Бойқувар, айбингизга иқрормисиз?
— Нима... га? — Анграйиб, яна ўрнидан турди-да, бақириб юборди. — Қанақа айбим бор? Э,
одамни... Ахир, одамсизлар-ку? Коммунистсизлар-ку?
— Мулла отангизнинг қабрига...
— Тош қўйдим!
— Нега?
— А, нима... — У кўзларини катта очди. — Мени динчи... динни тарғиб қилди деб айблаяпсизларми?
— Тавба, ҳамма нарсани тушуниб турипти-ю... — Шайдулов бошини чайқаб илжайди. — Лекин...
— Э! Сизлар қизиқ экансизлар-ку? Нимага... Тошкентда... Чиғатой қабристонига борганмисизлар?
Йўқ...
Демак, бормагансизлар! Ў, у ерда... — Кейин минғирлаб қолди. — Бизда эса, қабристонда эшак
юради... Шойим Шайдулов Дилнурага олайиб қаради-да:
— Эса овозга қўяман. Мен «за!» — деди.
— Мен ҳам, — дея Ҳусан Келдиев ҳам қўлини кўтарди.
— Эсиз, йигит... — дея Дилнура ҳам бармоғини кўтарди.
Шу билан бошқа уч киши ҳам улар қилган ишни қилишди. Сўнг Шойим Шайдулов:
— Демак, сиз партиядан ўчдингиз, — деди Бойқуварга. — Қани, билетти опкелиб қўйинг бу ерга!
Бойқувар худди қопқонга тушган ҳайвондек уларга мўлтирар эди. Бирдан ҳушёр тортиб:
— Йўқ. Бермайман! — дея чап кўкрагига кафтини босди.
— Опкелиб қўйинг!
— Йўқ!
— Э! Сенга милиса чақириш керакми? — деди Ҳусан Келдиев. — Керак бўлса, милисанинг
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |