www.ziyouz.com кутубхонаси
29
БИТИКЛИ ТОШ
Бойқувар эшикни аста очиб, бошини суқди. У ёқ-бу ёққа қараб, тўрда оқиш шарпани кўрди.
— Ассалом алайкум! — У отилиб кириб, йўрта кетди. Шу боришда узун стол қиррасига урилди ва
илжайганча тисланиб, тўрга тикилганди, оқиш шарпа ёришиб, оқ кофта кийган, тўлагина юзига доғ
тошган Дилнура... йўқ, Дилнура Қосимова... район партия комитетининг идеология секретари кўринди.
Шу асно хона ҳам ёришиб ва кенгайиб кетди. Деворда плакатлар, ўнгда китоб жавони, девор
ёқалатиб қўйилган стуллар ва яхлит деразалар ҳам ўзини кўрсатди.
Унинг кўзи равшан тортиб кетган эди.
— Нимага тентирайсиз? Мастмисиз? Кўзларингиз ғалати? — деди Дилнура Қосимова ва ўрнидан
адил туриб, унга дадил қўл узатди. Кейин, қўли бировнинг панжаларини ушладими-йўқми, асло сезмай,
стол ёнидан жой кўрсатди. — Ўтиринг!
— Хўш, хўш... — Бойқувар стулга аста ўрнашди-да, олдидаги газетага тикилиб, уни ағдариб кўрди.
— Нима қиб юрибсиз?
— Нима? — Бойқувар оғзини катта очиб, секретарга қаради. Унинг таниш... болаликдан таниш
қиёфасини яққол кўриб жилмайди. — Ҳеч нима, ўзим... — Кейин шошиб қолди. — Чақирган экансиз!
Ўртоқ Келдиев айтдилар. Шу билан чопавердим. — Кейин нафасини ростлаб, хўрсинди. — Ўзингиз
ишлаб, чарчамай юрибсизми, Дилнура? Ҳе, биз жуда фахрланамиз, синфдошимиз райком секретари
бўлди деб...
— Қўйинг, хушомадниям эплолмайсиз, — деди Дилнура Қосимова. — Нимага отангизнинг қабрига
мар-мартош қўйдингиз?
— Қандай... А-а! — Бойқувар кулиб юборди. Кейин Дилнура ҳеч нарсани тушунмайдиган ёшгина
қизалоқ-у, ўзи мураббийдек: — У мармартош эмас, гранит, — деди. — Гранит! — Сўнг енгилгина
хўрсинди. — Мармар тополмадим. Шаҳрисабзгаям бордим, — куюниб давом этди. — Иўқ дейишди.
Бошқаларга берса керак-у, мендан шубҳаланишдими, билмайман.
— Нимага тош ўрнатдингиз деб сўраяпман?
— Нимага... — Бойқувар бирпас гангиб қолди. — Нимага... нимага қўймаслигим керак экан? —
Дилнурага қараганди, у яна шарпага айлана бошлади.
— Динга қарши кураш ҳақида янги кампания бошланди. Газета, ўқийсизми ўзи?
— Қўлимга тушгандаям... ўқий олмайман.
— Ҳаётдан орқада қопсиз... Хўш, жавоб беринг!
Йигит бор кучини йиғиб унга тикилганди, тағин у жамол кўрсатди. Хаёлини йиғиб:
— Менинг отам у, — деди. — Урушга кетиб, олти жойидан ярадор бўлиб келган! Шу аскольканинг
жабрида кетдилар...
— У киши мулла ўтган экан-да?
Бойқувар анграйиб қолди-да, яна қаршисида ёшгина қизалоқ ўтиргандек хайрихоҳона жилмайди.
— Йўқ, Дилнурахон... — Кейин тетикланиб кетди. — Ахир, ўзингиз кўриб юрардингиз-ку? У киши
қачон муллалик қипти?
— Нега у кишини сўпи дейишар эди?
Бойқувар яйраб кулиб юборди.
— Ашула айтгани учун. Овозлари баланд эди-да! Шу ерда туриб бақирсалар, ўзимизнинг Қурисойга
эшитиларди! Э, ўзларингни сигирларинг йўқолганда, эсингизда борми, гужумга чиқиб жар солганлари?
Ҳе, эсдан чиқарибсиз-да, Дилнура.
— Кечирасиз, кўп Дилнура-Дилнура деманг. Биз расмий идорада ўтирибмиз.
Бойқувар қизиб, ҳатто терлаб кетди.
— Кечирасиз, — деди овози зўрға чиқиб. Кейин ўйланиб қолди. — А, нима? Сўпи деганлари
ёмонми?
— Сиз кўп талмовсираманг, ўртоқ Бойбўриев! — Столга ручкасини уриб қўйди секретар. — Саволга
жавоб беринг. Нима учун отангизнинг қабрига... гранит тош қўйдингиз? Унга «Мулла Бойбўри ўғли
Бойқувватовга», деб ёздирдингиз? Тағин «Ўғлингиз Бойқувардан», деб ҳам ёздирибсиз... Чектирибсиз!
Ким у ишни қилиб берди?
— Шаҳрисабзда қилиб беришди, — деди Бойқувар. — Битта арманига ёздирдим. Тошдан уй қурар
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |