www.ziyouz.com кутубхонаси
37
— Қийин экан.
— Сиз куласиз-да.
— Нега... Бўлиши мумкин, Қўлдош ака. Мен у одамни яхши билмайман. У киши ҳақидаги бор
тасаввурим — сизнинг очеркларингиз билан чекланган.
— Мен у ҳакда яна бир китоб ёзаман!
— Ёзинг, ака.
Шунда Қўлдош Ботир орқаларидан келаётган кишини кўрди.
— Ўсарми? — деди.
Козим Пухтаев ҳам елкаси оша қараб олди.
— Шу... Шуни кўрсам, асабим бузилади, ака.
— Мени айтмайсизми! — Қўлдош Ботир кескин бурилди. Икки қадам босганди, туфлиси ичига
кирган қор баданига ўтди. Ғиншиниб тўхтади. — Ҳе, бундайлар катталарга ҳурматни йўқотиб
қўйишган... Ука, буларнинг жилови жуда-а бўш қўйилди-да!
— Лекин ҳадеб рамкага солишам тўғримас... шу, ўзлариям ўйлаши керак-да.
— А, балли! — Қўлдош Ботир Ўсарнинг яқинлашиб қолганини кўриб, тағин шошиб жилганди,
шимининг почаси кўтарилиб қолдими — болдирлари музлаб кетди. — Козимжон, ёнма-ён юринг.
— Гапираверинг, эшитяпман.
— Қайси куни лифтни босиб, кутиб турган эдим. Тушиб келди. Шу пайт анави найнов пайдо бўлди.
Ёнимда тугун бор эди, кўтаргунимча, у лифтга кириб олса бўладими!
— Ана, одоб!
— Тағин ўзини окдайди. «Нимага олдин кириб олдингиз? Отангиз тенгли одамман-а!» десам, «Ана
шунинг учун кириб олдим-да!» дейди. Кириб олмаса, лифт кетиб қолар экан!
— Ҳе-ҳе-ҳе. Аммо бу гапида жон бор.
— Бе, шундай деманг-да, Козимжон! Менга деса, лифт бир умр кетиб қолмайдими! Ҳурмат керак.
— Лекин сизнинг гапингиздаям жон бор.
— Гап шунда-да! — Қўлдош Ботир хўрсиниб юборди ва беихтиёр оёғига қаради. Қор... ҳадемаса,
тиззасига чиқадиган. — Вей, шунинг шеърлари ҳақида қандай фикрдасиз?
— Жуда қалтис!
— А-а... Тағин босишяпти!
— Босмаганигаям қўймайди-да.
— А?
— Босмаганига...
— Сиз олдинга ўтинг, ука! Ёмон эшитяпман. Қулоқчин ўлгур ҳам...
Қўлдош Ботир бирдан четланиб, қорга баттар ботди. Козим Пухтаев томоқ қирганча унинг изларини
босиб ўтди-да, кўпчиб-кўпириб ётган оппоқ сўқмоққа қаради.
— Қўлдош ака, балки орқага қайтармиз?
— Йў-ўқ, йўқ! Охиригача борамиз! Кунлик нормамиз шу-ку! Қор ёғди деб...
— Қалин тушди-да.
— Қалин-қалин. Аммо-лекин, даланинг жони... Бизнинг қаҳрамон худога шукур деётган бўлса керак
ҳозир!
— У киши художўйми?
— Ғирт атеист! Гап-да бу...
Ўсар Усмон яқинлашиб қолди.
— Э, Ўсар? Сизам келяпсизми? — деди Козим Пухтаев.
Ўсар икки туфли босилгани учун кенгайиб қолган излардан бемалол юриб келаркан:
— Ҳа! — деди.
— Зўр қор бўлди-я!
— Жуда!
— Қани, шошилаётган кўринасиз, олдинга ўтинг. Ўсар унга, кейин Қўлдош Ботирга қаради. Сўнг
олдинга — асфальтга ёйилган пахтадек бўлиб ётган қорга кўз ташлади-да:
— Шошиб қаёққа борардим, — деди. — Ўзларингдан... Сизлар катта. Бизлар орқаларингдан
юришимиз керак.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |