www.ziyouz.com кутубхонаси
38
Қўлдош Ботирники тутиб кетди:
— Э, қачондан буён орқамиздан юрадиган бўлиб қолдингиз? — деди. — Ўтинг.
— Барибир... Айб бўлар-ов.
— Ҳе-ҳе-ҳе. — Козим Пухтаев энгашиб кулди.
Қўлдош Ботир бирдан олдинга ўтиб, қор кечиб кетди. Козим Пухтаев Ўсарга «марҳамат» деган бўлиб,
Ботирга эргашди. Лекин энди унинг изига қадам босганда ҳам туфлиси ичига қор кира бошлади.
— Қўлдош ака, тулки қорда юрганда думи билан изини сийпаб йўқотиб кетаверар экан-а?
— Ҳа! — деди Қўлдош Ботир. — Лекин ҳозир бўри юрадиган пайт!
— Мен бўрини бир марта кўрганман.
— Мен — минг марта.
— Сиз аломат!.. Тавба, қачон шунча қор тушди-я? Ҳайронман!
— Оқшом бошлаган эди, кўрмаган экансиз-да.
— Э, менинг хаёлим ўн саккизинчи асрда эди!.. Ўсар! — Пухтаев бирдан бурилиб сўради: —
Нималар ёзаяпсиз?
— Менми? — деди энди росмона издан юриб келаётган Ўсар Усмон. — Сизлар ёзмаган нарсани
ёзяпман.
— О! Нима экан у?
Қўлдош Ботир ҳам тўхтаб қаради.
— Ҳаёт, — деди Ўсар. — Бугунги кунни ёзяпман. Ниҳояти шу.
— Ниҳояти шу... — Ишшайди Қўлдош Ботир. — Бизлар нимани ёзиб юрган эканмиз?
— Сиз анави... порахўр, кўзбўямачи бор-у, оти нима эди? Шуни ёзяпсиз-да.
Ботирнинг жиғи-бийрони чиқиб кетди.
— Бу... Козимжон, бунинг гапини эшитяпсизми?
— Эшитолмадим... Ўсарбой, биз-чи, нимани ёзаётган эканмиз?
— Сиз ўн саккизинчи асрни. Хонларнинг бузуқ-лиги, бекларнинг порахўрлиги, халқнинг
қийналгани...
— Хайрият-е!..
— Шошма, ҳей бола! — деди Қўлдрш Ботир. — Мен ҳақимда нималар дединг?
— Эшитдингиз-ку? — деди Ўсар. — Нима, унинг порахўрлиги, амалпарастлиги ёлғонми? Ҳамма
билади. Ўзингизам... Фақат кўриб кўрмасликка оласиз.
— Бу қанақа гап, а, Козимжон?
— Орқага қайтсакми дейман? Сиз ҳам қор кечиб...
— Мени қўйинг...
— Бўлмаса, жилдик.
— Ҳа!.. — Қўлдош Ботир тағин икки одим отди-ю, нима учун одим отганини унутиб, тағин бурилди.
— Сен Ўсар, гапингни қайтиб ол! У одам... герой-а! Депутат! Шу гапинг қулоғига етса...
— Ана шу-да...
— Уни казо-казолар қўллаб турганда... Э, уятсиз! Адабсиз! Козим, тўхтанг! Бу бола билан
юрмаймиз!
— Менам юрмас эдим-у, йўл битта-да, — деди Ўсар.
— Йўл битта... Бўлмаса, олдинга ўт!
— Йўқ. Биз катталарни ҳурмат қиламиз.
— Э, ҳурматингни...
— Ахир, ўзингиз ҳурмат қилиш керак дейсиз. Лифтга ҳам улардан олдин кирма дейсиз... Бир гапда
туриш керак-да!
— Ҳай, ўртоқлар, арзимаган гап учун... — Козим Пухтаев тарафларни муросага келтирмоқчи бўлди.
— Қўйинглар. Қўлдош ака, сиз каттасиз...
— Ҳе, катта бўлмай кетай! Бу менинг бутун ижодимни бир пулга чиқарди-ку!
Ўсар унга тикилди.
— Хафа бўлманг. Шунга арзиса керак-да.
— Мен арз қиламан!
— Бемалол.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |