www.ziyouz.com кутубхонаси
81
— Ий-е, намунча аҳмоқона савол? — тўнғиллади у.
— Ҳа, албатта. Ахир ўзинг ҳеч нарса гапирмай мени ноқулай аҳволга солаяпсан.
— Сени шунга мажбур қилдимми?
— Мана бу ишлайдиган хонанг сингари, — деди Эдис. — Жуда аҳмоқона иш бўлди,
шундаймасми? Агар менинг ўрнимда меъмор ёки безакчи бўлганида, уларга ҳаммасини
тушунтиришни ўз бурчинг деб билардинг. Эҳтимол, уйни қайта қуриш билан боғлиқ ишларга
мен аралашмасам-у, буни мутахассислар қилсалар сенга яхшироқ бўлар? Балки улар учун вақт
топарсан, ахир менга вақт ажратолмаяпсан, мутахассисларга кўрсатмалар берарсан. Кейин мен
улардан сўраб оларман. Ҳеч бўлмаса мен шу тариқа билардимки, сен... — Эдис бирдан тўхтаб
қолди, яна қандайдир сўзларни айтиб юбормаслик учун пастки лабини тишлади...
Сўнг яна чизмалар устига энгашди.
— Пастда сени машина кутаяпти, — деди Эдис, мулойим оҳангда. — Cоат йигирмата кам
тўққиз бўлди.
— Ҳа-я, — деди ўрнидан жилиб Палмер, — Менга қара, афсуски, сени хафа қилиб қўйдим.
Лекин саволинг ҳам жуда бемаъни эди-да, жин урсин.
— Қайси саволим?
— Менинг кун бўйи ишда бандлигим ҳақидаги-да...
— Сенинг жуда кўп ишлаётганингга шубҳа қилмайман, — деди Эдис яна ўша мулойим товуш
билан. — Мен бундай қилмаслигим керак эди, бу адолатданмас.
— Йўғе, нима деяпсан, жуда адолатдан-да, — деди у аламли товушда ва эшикка бурилди. —
Мен тушликдан сўнг сенга сим қоқиб, мен учун бугунга нималар белгиланганидан хабардор
қиламан.
— Эсингдан чиқмасин, бугун биз Грэмларникида овқатланамиз, — эслатди Эдис, эри хонадан
чиқаётганда.
— Яхши.
— Вудс! — чақирди Эдис уни орқасидан.
— Нима? — у остонада тўхтади.
— Яхшилаб ўйлаб олгач, банкда нима иш қилаётганингни менга тушунтириб берарсан.
Палмер эшикни қарсиллатиб ёпди. У бунчалик қаттиқ ёпишни истамаганди. Меҳмонхона
хизматчилари эътиборини тортмаслик учун, албатта. Лекин шу даражада қаттиқки, Эдис
тушуниб олсин, бу сафар қош қўяман деб, кўз чиқаришига сал қолди.
Ўн олтинчи боб
Палмер ўз хонасининг улкан ойнаси олдида туриб, Сентрал-паркдаги дарахтларнинг қўнғир
ва қизил баргларини томоша қиларди. Ўзгариш энг сўнгги кунларда юз берди. Яқиндагина
қуёш нурлари остида яшнаб турган яшил япроқлар бир кечанинг ўзида сўлди.
Интеркомнинг бўғиқ овози жиринглади ва Палмер каттакон хонанинг қарши бурчагида
турган столга ўгирилди. У ойна олдидан истамайгина стол ёнига борди, «котиба» деб ёзилган
яшил чироқли тугмани босди.
— Ҳа?
— Мисс Клэри сизни кўрмоқчи экан, мистер Палмер.
— Яхши. Майли кирсин.
Палмер стол четига ўтирди. Мисс Клэри унинг хонаси бўсағасидан ўтди ва одатдагидек
эшигини қия очиқ қолдирди. Бугун у тўққизил юмшоқ жерсидан тикилган кўйлакда эди. Бу
кўйлакда унинг ингичка бели ва дўмбоқ сонлари яққол сезилиб турарди.
— Сиз сўраган материални олиб келдим, — деди мисс Клэри. Унинг юзи Палмернинг
синовчан нигоҳи остида қотиб қолгандай эди. У аёлга ҳамон диққат билан қараб турарди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |