www.ziyouz.com кутубхонаси
89
оламанки, ҳаммаси жонимга тегди. Етар энди.
Эдис хонанинг қоронғи бурчагига тикилганча жим қолди. У ўйчан бош чайқади:
— Ҳа, сен ҳақсан, Вудс. — У Палмернинг бошидан оёғигача қараб чиқди-да, қўшиб қўйди: —
Вудс, буларнинг замирида нима ётганини мен ҳам билмайман. Кел, мен билан бир оз ўтир;
менга бир оз ёрдам бер, майлими? Мен бошқа бундай қилмайман.
Палмер тағин ўтириб, қаҳва ича бошлади. Уларнинг тепасида осилиб турган электр чироғи
столга ва тўшамага доира шаклида доғ тушириб турарди. Қаҳвали финжонда кичкинагина
сариқ учқун ўйнарди, Эдиснинг малла соч уюми эса, унинг юзига соя солиб турарди.
— Менинг ички зиддиятларим мажмуи ҳақида гапирганда нимани назарда тутдинг? — сўради
Палмер, босиқ гапиришга уриниб.
Эдис сезилар-сезилмас елка қисди.
— Менда шундай таассурот вужудга келдики, — жавоб берди Эдис ҳам ўша оҳангда, — сен
аслида жуда мураккабсан. Мен эса ўша оддийман. Сен одам кўзини шамғалат қилишга устаси
фарангсан, мен эса бундай қилолмайман.
— Нималар деяпсан ўзи? — қатъий сўради Палмер.
— Биз никоҳдан ўтганимизда сен бутунлай бошқача кўрингандинг, — деди Эдис секин
овозда. Шунда Палмернинг миясига у гапимни эшитмасин деган фикр келди. У ўтирган жойида
сал олдинга энгашди. — Сен мен билган ўсмирлардан анча фарқ қилардинг. Ўзингни эркин
тутардинг, мақтанчоқлик қилмасдинг. Сен бошқалар калака қилмаганлар устидан кулардинг.
Учта коллежни алмаштирганинг билан шуҳрат қозонгандинг. Шарқий соҳилда яшаган
пайтингда бир қиз билан ораларингда бўлган воқеалар ҳақида гапиришарди.
Эдис жим қолди. У худди кўзбойлоқчи сингари қўлини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ағдарарди,
енгининг игнатугмасидаги тош ялтираб кетарди.
— Лекин, шуларга қарамай, сен барибир менга мураккаб шахс бўлиб кўринмагандинг, — яна
гап бошлади Эдис. — Сен ўшанда мураккаб эмасдинг... Кейин Хэнли ҳалок бўлди.
Палмер бош ирғади:
— Сен бу ҳодисанинг аҳамиятини тўғри ҳис қилдинг.
— Лекин ўшанда ўзгариш бирданига юз бергани йўқ. Ҳатто армияда, таътил ва сафарга
келганингда ҳам кўп жиҳатдан ҳамон олдингидай эдинг. Европада қанча вақт бўлдинг? Икки
йилми?
— Бир ярим йил.
— Ўша Европадан қайтиб келганингда, сенда ўзгариш юз берганини сездим. — Эдис эрига
қаради. — Банкда Хэнлининг ўрнини эгаллашга сени ҳеч нарса мажбур қилгани йўқ. Отанг ҳам
бу ҳақда сўрамаган эди.
— Унда бунинг учун зарурат йўқ эди.
— Демак, биринчи зиддият, — деди Эдис. — Биринчи, шундан кейин кўплаб бошқалари
содир бўла бошлади. Вудс, сенда бутунлай алоҳида бир нарса бор. Мен фақат эндигина тушуна
бошладим. Қанчалик фарқ қилишингни...
Палмер жумланинг тугашини кутмай, уни ўзи тамомлашга шошилди:
— Бошқа оддий одамларданми?
Эдис ғалати илжайди:
— Мен фақат саволингга жавоб беришга ҳаракат қилаяпман. Бу унчалик осон эмас, айниқса,
унга ҳожат бўлмай турганда.
— Унда жавоб бериш шарт эмасди, — таклиф қилди Палмер.
Эдис бош чайқади:
— Мана шу зиддиятлар бу йил кескин кучайди. Отанг ўлганидан сўнг банкни сотдинг.
Шундан кейин бунақа бўлиши турган гап эди. Мен буни билишим керак эди. Лекин мен ўшанда
сенинг янги лавозимга кўтарилишингни олдиндан билолмасдим. Сен худди ўз отангни
тирилтираётганга ўхшайсан, ҳаммасини янгидан бошлаяпсан, бу сафар Нью-Йоркда қилаяпсан
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |