www.ziyouz.com кутубхонаси
92
Орага жимлик чўкди. Уларнинг ҳеч бири сукунатни бузмади. Эдиснинг юзи ҳис-туйғуларини
акс эттирмасди.
— Сен мени тушунаяпсанми? — деди Палмер, — Масалан, сен уйга, қурилишга сарфлаётган
меҳнатинг. Сен буни уддаллаяпсан, фойда келтираяпсан, унга ўз шахсингнинг бир қисмини
қўшаяпсан.
Эдис унинг юзига қаради.
— Вудс, — деди у секин. — Мен... — У ўйланиб қолди. — Нимагадир сен ҳақсан, албатта.
Дарҳақиқат, бу ерда фойда борлиги кўриниб турибди. Ана шу менга завқ беради. Лекин гап
бунда эмас. Завқ — бу натижа. Сабаби эса шунда-ки, бу ғаним ва иккиюзламачи шаҳарда мен
қиладиган иш йўқ.
— Эдис!
— Мен бу ерда ҳеч кимни билмайман, — давом этди Эдис бўғиқ овозда. — Ҳеч кимни
билишни ҳам истамайман. Мен улар учун ҳеч нарсаман. Чикагода ўз обрўйим, салобатим бор
эди. Бу ерда эса...
Палмер жимиб қолди. Эдис қаҳвали финжонни унга қараб сурди.
— Ҳарҳолда, — деди у, — бу вақтинчалик қийинчиликлар, уларни енгишга ҳаракат қиламан.
Биз уйимизда дўстларни кутиб ола бошласак, ҳаммаси изига тушиб кетади. — Эдис жим қолиб,
унинг жавобини кута бошлади.
Лекин Палмер индамай турарди, шунда Эдис яна гапирди:
— Лекин, афсуски, азизим, сен билан юз бераётган нарса, вақтинчаликка ўхшамаяпти.
Палмер афтини буриштирди:
— Бу билан нима демоқчисан?
Иккаласи индамасдан бир-бирига тикилди. Қандилнинг юқоридан тушаётган нури фақат
унинг киприклари учларинигина ёритиб турарди, шунинг учун Палмер хотинининг кўзларига
қарай олмади. Бундай қийин аҳволда ўзини жуда ноқулай сезди. Палмернинг дилидан нималар
кечаётгани эса Эдисга яхшироқ сезилиб турарди.
Ўн саккизинчи боб
Ундан ўнг ёқда турган одам бутун овқатланиш вақтида чурқ этмади ва Палмер бунинг учун
ундан миннатдор бўлди. Официант Палмернинг олдига тавозе билан музқаймоқли идишни қўяр
экан, у ухлаб қолмадими ишқилиб, дегандек қизиқсиниб индамас қўшнига аста бурилиб қараб
қўйди. Палмер бундан ҳайратланмаса ҳам бўлади — тушлик ҳаддан ташқари зерикарли кечди.
Бу ерда, Нью-Йоркда ишчан учрашувлар билан тўлган қисқа вақт ичида Палмер кам деганда
мана шунақа тушликлардан ўнтачасида бўлишига тўғри келади. Уларни икки-уч тоифага бўлиш
мумкин. Сиёсий тушликлар деб аталадиганлари маблағ йиғиш учун, шунингдек, ўз ҳиссасини
қўшганларга эътиборни жалб этиш учун уюштирилади. Бундай зиёфатларда шахсан
иштироклари билан бу одамлар ўзларининг мойилликларини намойиш қилар эдилар. Бироқ
республикачилар партиясининг дастурхонларида, айрим истиснодан ташқари, демократлар
партияси зиёфатларидаги ўша ишбилармонлар иштирок этар эдилар. Тантанавор тўй
зиёфатларига келсак, уларда, ўз-ўзидан маълум, бирон-бир кўзга кўринган шахс фаолияти
шарафланар ва алқанарди, бироқ Палмернинг тез орада шунга ишончи комил бўлдики, улар
одатда қандайдир бошқа мақсадда, аксар ҳолларда пул йиғиш ниятида ташкил этиларди.
Барибир хайрия зиёфатлари ҳам муқаррар равишда қандайдир бошқа, одатда диний мақсад
билан, аммо протестант эмас, балки католик дини мақсади билан чатишиб кетар эди.
Протестантлар ҳам аллақаерда уларга зарур маблағ тўплаётганлари аниқ, аммо Нью-Йоркда
диний маънодаги барча хайрия фаолиятлар асосан католик черковларига ёки яҳудий диний
ташкилотларига ёрдам учун гоҳо биронта жамғарма ташкил этишга мўлжалланган бўларди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |