www.ziyouz.com кутубхонаси
277
қилмишингга яраша мушт единг. Мен фақат ўзимни идора қилолмай, сени уриб юборганимдан
афсусдаман.
— Кет. Йўқол.
— Виржиния, уйингизга олиб бориб қўйишга рухсат беринг.
— Кимни, меними? Йўлдан адашган Мария Магдалинани-я? Уюшган фоҳишабозликка
реклама бўлими қўшган ҳиссасини-я?
Палмер бир неча сония унга таънаомуз боқиб, кейин эшикка бурилди.
— Сизларга америкалик фуқаро ўзининг иккита ҳамюртига мурожаат қилгандек гапиряпман,
— эълон қилди у, — иккалангни ҳам жин урсин!
— Вудс!
У яна бир бор қайрилиб қаради.
— Олиб бориб қўйишимни хоҳлайсизми йўқми?
— Мен бу ерда бироз қолиб, манави йигитни тинчлантиришга ҳаракат қиламан.
У яна эшик томон ўгирилиб, иккиланганича, тўхтаб қолди. Унинг онгида қандайдир узуқ-
юлуқ жумлалар гоҳ ҳақиқатга, гоҳ рўёга ўхшаб айлана бошлади. Ҳақиқатан ҳам у Виржиниядан
шубҳа қилганмиди? Қандай қилиб ундан шубҳа қилиши мумкин? У ким томонда эди? Умуман
бирон-бир томон бўлганмиди? Ё бу одатдаги, қайта-қайта унинг оёғига ёпишаётган, доира
бўйлаб айланаётган балчиқмиди?
— Мен яна баъзи бир нарсалардан афсусдаман, — деди у Виржинияга қарамасдан. — Айтиб
ўтган фикрларимдан афсусдаман. Умуман, менимча, мен пушаймонман.
Эллик саккизинчи боб
Такси ҳайдовчиси машинани бор кучи билан Учинчи авеню бўйлаб тепага ҳайдади. У
қоидага бўйсуниб юришга тоқати етмай, машинани катта тезликда ҳайдаб борар, светофорнинг
қизил чироғи ёнганда эса кескин тормоз босарди.
Палмер ҳайдовчининг ҳар гал қизил чироққа тушиб қолишига, ундан чиқиб олиш учун
салгина бўлсада тезликни ўзгартирмаётганига ҳайрон бўлиб борарди. У бу фикрини ҳайдовчига
айтмоқчи бўлди-ю, жим кетишни маъқул кўрди. Палмер таксидан тушиб, олд томонига
бетондан нозик ишлов берилган уй эшигини очди. У эшик тутқичини шунчалик секин босдики,
у атиги бир неча сантиметрча очилди, холос.
Палмер иродасини қўлга олишга тиришди ва куч билан тутқични босиб, эшикни катта очди.
Бармоқ бўғинлари зирқираб, аста ичкари кирди, секингина эшикни ёпиб, совуқ ҳаводан
иссиққина уйга кирганидан севинди...
Ошхона эшигини ёпиб, хона чироғини ёқди ва дуч келган ёғоч ўриндиққа бемажол чўкди.
Қимирлашга ҳам мажоли қолмаганди. Зинадан чиқаётганда боши айланганини эслади.
Ниҳоят у совутқични очиб, бир стакан сут қуйишга куч топди. Сутни ича туриб, эшик ортида
нимадир ҳаракатланаётганини сезди. Юраги музлаб, Эдис уйғонганини ва халатини
кияётганини ҳис қилди. Ва шу заҳоти ошхона эшиги ланг очилди.
Эдиснинг юз-кўзида пардоз излари қолмаган эди. Феруза рангли кенггина тасма билан
сочлари юқорига тортиб боғланган. Бунинг сабаби Палмерга маълум. Унинг юзига суриладиган,
қандайдир озиқлантирувчи кремга сочлари ёпишиб қолмаслиги учун шундай қилишга
одатланган.
Эдис бир муддат оч жигаранг кўзларини қисиб, Палмерга ифодасиз қараб турди. Кейин стол
ёнига бориб, стакандаги сут ёнига қўйилган туфлини олди ва полга қўйди.
— Вудининг бу одатини йўқ қилиш учун бор-йўғи ўн йил керак бўлди, — гап бошлади у. —
Ўйлайманки, сен ҳам ўзгариши қийин одамсан. — У бироз жим қолди. — башарангга қараб
бўлмайди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |