www.ziyouz.com кутубхонаси
264
— Бруклинда хитой ресторани очилди, — шошилиб гапида давом этди Палмер. — Биринчи
хўрандаёқ таомномани қўлига олиб, “Авф этинг, сизларда бақлажондан тайёрланган pissa,
losana, manicotti, parmigianлар бор экан! Сизлар буларни хитой таомлари деб атаяпсизларми?
— деб сўрабди. Унга жавобан официант елкасини қисиб: — Нима қилайлик, яҳудийлар
ҳудудидамиз-да, — деган экан.
Эдис кўзларини бўяшга ўтди.
— Бу ҳазил, — деди у бор эътиборини кўзини бўяшга қаратиб, паст, ўзиникига ўхшамаган
овозда, — фақат Нью-Йоркликлар учун кулгили. Агар менинг кайфиятимни кўтармоқчи
бўлсанг, овора бўласан.
— Жин урсин, сенинг яхши кайфиятингни менга нима кераги бор? — заҳарханда қилди у. —
Сен қандай бўлсанг, шундайлигингча менга ёқасан.
Дастурхон ўта тўкис бўлгани боис меҳмонлар “Плаза”га оқшом соат етти яримга таклиф
қилинган эдилар. Шунга қарамай, соат тўққизда келган Палмерлар залнинг ярми бўшаб
қолганини кўришди. Хизматкорлар чаққонлик билан таомли тақсимчаларни қўя бошладилар.
Палмер махсус кийим кийган эшик оғасига босма ҳарфларда ёзилган таклифномани узатди. У
нимяшил рангдаги қалин қоғозга қараб, паст, лекин ширали овозда уларнинг исм-шарифини
эълон қилди:
— Кичик Вудс Палмер жаноблари, хонимлари билан!
Эшикдан нарироқда турган бир нечта одам шу заҳоти суҳбатларини тўхтатиб, кулиб
қараганича эр-хотин Палмер билан саломлашишди. Гўё буйруқ берилгандек, етти кишидан
иборат жаз мусиқачилари шўх куй бошлаб юбордилар.
Гуруҳдан ёқимтой юзли эркак ажралиб чиқди. Палмер у билан Олбанида атиги бир марта
учрашган бўлса ҳам у ҳақда анчагина гаплар эшитганди. Штат губернаторининг ёрдамчиси
бўлган бу одамнинг типратикан шаклида олдирилган сийрак сочлари тепасидаги хаддан
ташқари тоза ва ялтироқ тепакали аниқ кўриниб турарди. Асли касби муҳандис бўлгани учун
сиёсатга келгунча у бир неча йил маҳаллий коллежда ўқитувчилик қилганди. Ҳозир ҳам унда
профессорлик нутқи бор, деб ўйлади Палмер. Губернатор ёрдамчисининг кўзлари
Бэркхардтникига ўхшаган мовий эди. Кўзлари тепасидаги кўндаланг чизиқли пешонаси,
Палмернинг хаёлида, қувноқ сурбетлик белгиси бўлиб туюлди.
— Вудс, — деди у бир маромдаги вазмин овоз билан, — келганингиз жуда ҳам яхши бўлди.
— Губернатор, бу — менинг рафиқам Эдис.
— Жуда ҳам хурсандман, Палмер хоним. Сизга рафиқам Сай-мени таништиришга рухсат
этинг. Азизим, “Юнайтед бэнк”дан эр-хотин Палмерлар. Кичкинагина аёлнинг юзларида гўё
қизини турмушга узатаётган онаникидек саросимали табассум пайдо бўлди.
— Салом, Адлер хоним, — деди Эдис. — Сиз учун, албатта, бу катта воқеа. Қанчадан-қанча
ташвиш.
Адлер хоним нозик елкаларини қисди — меҳмоннинг гапида қандайдир маънода очиқдан-
очиқ камситиш оҳанги бор эди. — Менинг турмушга чиқарадиган қизим кўп эмас, ахир, — деди
у ва ёнида турган қиз томон ўгирилди. — Мана келин. Мим, жаноб Палмер ва Палмер хоним
билан таниш. Мана бу — қизим Миранда, буниси эса-куёв.
Келиннинг кўринишидан никоҳ ёшига етган деб бўлмасди. Палмер унга қараб жилмайди ва
бунга жавобан келин бўлмишнинг ғалати, ҳорғин кулимсираганини кўрди. У Адлерни қулидан
эпчиллик билан тутиб, меҳмонларни бу гуруҳдан нари олиб кетди.
— Қариганда кўрган фарзандим, — деди у паст овозда.
— Нечта фарзандингиз бор? — сўради Палмер.
Улар бар томон йўналдилар.
— Иккита ўғлим, уларнинг ҳам иккитадан ўғиллари бор. Мим ҳали коллежда ўқийди. У
акаларидан анча кичик.
— Демак, Миранда Пиросперонинг қизи. Сиз, эса сеҳргар экансиз-да?
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |