www.ziyouz.com кутубхонаси
204
— Чакки бўлибди, — деди Палмер, кўйлагини шими ичига соларкан. — Аммо такрор
айтаман, менинг зудлик билан бу ерга келишим шартмиди?
Бернс унга қошини чимириб тикилди:
— Нимадандир хафамисан, жўражонгинам.
— Йўқ, шунчаки, қизиқяпман.
— Гап оҳангингга қараганда менга аччиқ қилаётганга ўхшайсан.
— Йўқ, — алдади Палмер. — Поезддан кейин бўларим бўлди. Айниқса, нима учун бориб
келганимни тушунмаганимдан кейин.
— Кўпгина сабабларга кўра, — жавоб берди Бернс. — Сен бу ерда шахсан иштирок этишинг
зарур.
— Фойдали одамлар жамоасига ўзимни кўрсатаманми? Шуям баҳона бўлди-ю.
— Қисман ҳақсан, Вуди. Дам олиш хонасига тушиб, бир нечта демократик партиялар
раҳбарлари билан валақлашамиз. Бу яхши таассурот қолдиради. Кейин республика партияси
барзангиларидан бири ташкил қилган “Тэн Эйк” йиғилишига борамиз. Бироқ, бу ишнинг бир
қисми холос. Сен менга шу ерда, ҳафта давомида бу арбобларга сотган нарсаларимни
мустаҳкамлаш учун кераксан.
— Ҳайит арафасида бу ерда арбоблар кўп бўлмаса керак.
— Улар эртага тарқалишади. Шунинг учун сени зудлик билан келишга мажбурладим. Бугун
оқшомда шундай тадбирларнинг охиргиси бўлади. Таътил тугагандан кейин эса, ҳатто ўйласанг
кўнгил айнийди — сессиялар бошланади. Шундай қилиб, ё бугун, ё ҳеч қачон.
Палмер жамадонидан янги бўйинбоғ олиб, жавондаги узун, туссиз ойнага ўзини солди.
— Бу ерда нималар билан кўнгил очдинг?
— Орзулар билан. Яна нима билан шуғулланишим мумкин?
— Қанақа орзулар?
— Бернс елкасини қисди. Палмер ойнада унинг бу қилиғини кўриб, бир лаҳза ўз аксига эмас,
унга қаради.
— Аниқроғи?
— Бир нечта шу ерлик йигитлар, асосан, ҳуқуқшунослар бизга фойдали бўлиши мумкин.
Уларга қарз сўраган мижозлар учун омонат банклари ҳеч вақо бермаслигини, фақат тижорат
банкларигина ёрдам кўрсатиши мумкинлигини айтдим.
— Биронта кафолат бердингми?
— Овоз бериш масаласидами? Ҳали жуда эрта.
— Қарз бериш масаласини айтяпман.
— Қарз бериш? Мен? — Палмер қўлларини кўтарди, бирлаштириб, кўксига босди. — Мени
ким деб ўйлаяпсан? Бирорта аҳмоқ дебми?
— Шунчаки сўрадим.
— Вуди! — Яна сўзлари гўё бошлари устида муаллақ қолгандек бўлди. — Вуди, болакай, —
давом этди Бернс. — Мендан жаҳлинг чиқаяпти, тан ол.
Палмер ўзини тутолмагани учун ойнага қараб, афтини бужмайтирди ва Бернс
ишонмаслигини ўйлаб, жавоб беришдан олдин бўйинбоғини ҳафсала билан боғлади.
— Мак, — гап бошлади у. — Ақлинг расолигига шубҳа қилмайман. Мулоҳазакорлигингга,
сиёсий сезгирлигингга, садоқатингга, куч-қувватингга тан бераман. Фақат банкирлик
қобилиятинг борлигига ишонмайман. Банкир сифатида ҳеч нарсага арзимайдиган одам
бўлишинг мумкин. Шу боис, қарз масаласида тезкор музокара олиб бораяпман деганингда,
ажабландим.
Бернснинг узунчоқ юзи табассумдан ёришиб, пастки лаблари роҳатланганидан ёйилиб
кетди.
— Мен банкир эмасман, йўқ. Гапимга ишонавер, болакай, буни биламан. Бироқ мен аҳмоқ
ҳам эмасман. Молиявий масалаларни сенга қолдираман.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |