www.ziyouz.com кутубхонаси
202
фикр урилди: ўзи кимдир — қачондир уддалаганмикан?
— Вуд, азизим.
— Келаяпман.
У аввалига зулматда кўзга кўринмаётган зинапоялардан секин, ҳадиксираб юқорига
кўтарила бошлади, ёруғроқ бўлган жойда эса одимларини жадаллатди. Ошхона эшиги тагида
тўхтади. Эдис чироқларни чарақлатиб ёқиб қўйганди. Хонага қараб кўз қамашарди,
болаларнинг чеҳралари ёқимли ва деярли беғубор эди.
— Парда очилди!
Ўттиз еттинчи боб
Бу вақтга келиб, поезд Манҳеттеннинг юз йигирма бешинчи кўчасидан қўзғалганида ва
Олбани томон шимол сари гумбурлаб йўл олганида вагонда битта ҳам бўш жой қолмаганди.
Бироқ, Палмер кўпчилик қатори чиптани олдиндан олдириб қўйганди. Қолган йўловчилар
вагонни шошмай, эринчоқлик билан тўлдира бошлаган эдилар. Уларнинг чеҳраларидан:
“Модомики шу жой бизники эканми, қиттак-қиттак отиб олиб, кейин бемалол чиқиб
ўтираверамиз-да”, деган қандайдир бамайлихотирликни алайна ошкор сезиш мумкин эди.
Палмер аста-аста виски ҳўплар экан, стакан тепасидан ўз ҳамроҳларини кузатарди.
Ҳаммалари шунчаки олифталикка ичишаётгани очиқ кўриниб турибди, хаёлидан ўтказди у.
Самолётнинг йўриғи бошқа — асаби бўш сайёҳлар учун алкогол — энг яхши тинчлантирувчи
восита. Вагонда эса йўловчилар бир-бирлари билан гурунглашиб ҳам, у ёқдан-бу ёққа бемалол
юриб туриб ҳам вақтларини ўтказса бўлади. Фақат бундай имконият ўтириб кетиладиган
купелардагина йўқ. Тўрт соатлик бекорчиликни америкаликлар бир жойда қимирламай ўтириб
ўтказишни афзал кўрадилар.
Чунки, ўй суришда давом этди Палмер, бир жойда қимир этмай ўтирганимда
атрофдагилардан беихтиёр узиласан ва ўзинг билан ўзинг қоласан. Шунда хаёл суришдан
бошқа ишинг қолмайди.
Вискидан ҳўплар экан, Палмер мийиғида кулиб қўйди. Бу ёғини сўрасанг, америкаликлар
хаёл суришдан қочишга ўрганиб қолишган. Темир йўл станциялари ва аэродромларнинг
киоскалари бунинг яққол далили. Юмшоқ муқовали журнал ва китобчаларга тонналаб қоғозу
бўёқлар сарфланган — булар бари вақт ўғрилари бўлиб, шууринг деворини чақирилмаган
ўйлар келиб дукиллатади-да, зерикарли узоқ-узоқ соатларни тўлдиришга кафолат беради.
Деразадан боқиш учун Палмер ўриндиғида ўгирилди. Қиш қуёшининг сўнгги нурлари тез
сўниб борарди. Яна бир лаҳзадан кейин манзара бутунлай сидирға тус олди — у ёқдан фақат
оч-сариқ тимқора бўёғу заиф пушти тутунгина кўзга ташланарди. Сўнг уфқ осмони ҳам қоқ
тепадаги каби тимқора тусга кирди. Ҳаммаёқ бир хил рангда. Тун тепаликларни ҳам текислаб
юборди, ҳозиргина уй ва чорраҳалар айқаш-уйқаш бўлиб ётган жойда ёрқин чироқларгина
чарақларди.
Палмер оҳиста хўрсинди — кун ботишига ҳали бир неча дақиқа бор, деб ўйлади. Кимдир
унга айтган эди — Виржиния бўлса керак, Гудзон воҳасида йўллар жуда чиройли бўлади деб.
Ҳозир эса бу йўл Олбанигача унда-бунда учраб турадиган тунги қишлоқлар манзарасидан
бошқа ҳеч нима тақдим этмаётганди. У кўзларини юмди ва охири пинакка кетди.
Олбани шаҳрининг қадимий станциясида негр ҳайдовчи унинг фуражкаси четидан туртди:
— Мистер Палмер, сэр?
Палмер унга ягона юки бўлмиш жомадонни тутқазди-да, ҳайдовчи ортидан тутунли
платформа ёқалаб кетди ва кейин пешоб ҳиди уриб турган бетон зинапоядан бир қават пастга
ўтди. Йўлак чеккасида узун кулранг “флитдут” турарди. Ҳайдовчи Палмерга машина эшигини
очди. Ичкари иссиқ эди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |