www.ziyouz.com кутубхонаси
155
кетдилар.
Палмер кўзини очди-да, қизига қаради. Энди 11 ёшга кирса ҳам яланг оёғи билан бўйи 167
смга етганди. Даҳлиздаги ғира-шира ёруғда унинг ялтироқ сочлари одатдагидан кўра қорароқ
бўлиб кўринарди. Тикка фарқ қоқ иккига бўлиб турган сочлари рафаэлча усулда елкасига
тушиб турарди, сўнгги вақтда ёшлар орасида бу анча кенг урф бўлганди. Модомики, 11 ёшга
тўлибдими, ўйлади Палмер, Жерри ўзини бўй етган қиз деб ҳисобласа бўлаверади. Унинг оқиш
чеҳраси онасига тортган, ёз пайтларда енгил сепкил қоплайди. Бироқ юз тузилиши эса
Палмернинг ўзи — чўзинчоқ, энсиз ва ёноқлари чиқиқ. Кўзларининг, ўзича деди Палмер,
илгари ҳам бир неча марта пайқаганимдек, бир-биридан узоқлиги менинг ўзимдай, тиниқ ва
тим-қораликни эса Эдисдан олгандай, бироқ юқориги кўз милкининг ғалати тарзда салқи
тортиб туриши унинг чеҳрасига шарқона тус бериб туради.
— Соат 10 дан ошиб кетибди-ку, — деди у.
Жерри терлаган бурни учини отасининг иягига суртиб олди, ингичка қўллари билан белидан
қучоқлади ва уни шунақанги қисдики, Палмер нафас ололмай қолди.
— Вуди ҳали ҳам ухлагани йўқ, — деди қиз бўғиқ овозда.
— Топ-чи?
— Ухлаяпти.
— Бахтиёр Жерри эса уйқусираб юрибди-ю, ухламаяпти.
— Ҳечам уйқусираганим йўқ-да, — эътироз билдирди Жерри, отасига қараш учун орқасига
тисарилиб. — Галстугингизга нима бўлди?
Палмер бошини эгиб қаради — галстуги бир томонга оғиб кетибди. У тўғноғич қадашни
эсидан чиқарганди. Кўнгилсиз бир сезги билан у дарҳол галстук тўғноғичи Бернс уйининг
аллақаерида қолганини эслади. Бироқ шу заҳоти англаб етдики, ҳатто Бернс уни топиб
олганида ҳам бу унга ҳеч нарсани фош этмайди: бор-йўғи битта тўғноғич-да — тикув игнасидан
бироз узунроқ, миттигина оқ думалоқ бошчаси бор. Бернс уни Палмерда ҳеч қачон кўрмаган,
чунки уни доим кўйлак ичкарисидан тўғнаб оларди, шунда галстукнинг қадаб қўйилгани
сезилмайди. Бундай тўғноғичлар идора буюмлари сотиладиган ҳар қандай дўконда қутилаб
ётади.
— Тўғноғич тушиб қолган бўлса керак, — изоҳ берди Палмер.
— Бошқасини тўғнанг-да, жўнанг. Бэркхардтникида бир соат бурун бўлишингиз керак эди, —
деди Жерри.
— Нима?
— Менга қичқирманг.
— Эй худойим! — Даҳлизда турган тошойнага ўзини солиш учун Палмер ўгирилди. Унда
юзидаги ифодани англаб бўлмас бир озғин одамни кўрди. Костюми жойидалигига эътибор
қилди. Пиджакни улоқтирди-да, у ётоқхона бўлмасига отилиб кирди, йўл-йўлакай галстуги ва
кўйлагини ечди.
— Вой дадажон-ей! — ёзғурди Жерри унинг изидан чопиб. — Ҳеч етиб бўлмайди-я сизга!
Янги кўйлагини кияр экан, Палмер уни яна кимдир кузатаётгандек ҳис қилди. У қайрилиб
ётоқхона бўлмаси эшигига қаради ва остонада ўйчан ва саросима бир ҳолда турган тўнғич ўғли
Вудини кўрди.
— Дадамнинг ҳеч бунақа ўзларини урганларини кўрганмисан? — қичқирди Жерри укасига.
— Дада, — гап қотди ўғли, — тижорат газетаси нима дегани?
Палмер қошини чимирди.
— Жуда пайтини топиб гапирадиган маъсум қобилиятинг бор-да, — деди у тугмани янги,
эпақага келмаган илмоқдан ўтказишга чиранар экан. — Балки ҳафта охиригача кутиб
турарсан?
— Ҳм-м? — ҳайрон бўлиб овоз чиқариб қўйди Вуди.
— Аввал тушунтириб беринг-чи, “маъсум” нима дегани ўзи? — таклиф киритди Жерри.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |