www.ziyouz.com кутубхонаси
151
— Биласанми, — давом этди Виржиния, — мен... сени нима деб чақирай? Ишда ўзим
биламан, лекин бу ерда-чи?
— Узоқ вақтгача мени Палмер-кичик деб келишди, — жавоб берди Палмер. — Ҳеч қачон
бундай қилишга уринма.
— Кўрдингми... Вудс, — деди жувон. — Вудими?
— Қани, қани. Бир қийнал-чи.
Жувон ўгирилди-да, унга жилмайиб қаради.
— Вудс, мен сенга ҳайратомуз эътироф қилмоқчиман. Нима бўлганда ҳам мен учун у
ҳайратомуз. Чўмилаётиб, ҳисоб қилиб чиқдим. Менда бунақа нарса бўлмаганига қарийб икки
йил бўлибди.
— Сен ҳақсан, бу таажжуб.
— Ростданми? Бу шунинг учунки, буни ўзим хоҳламаган эдим — бир неча марта.
— Нью-йорклик эркакларга раҳмим келади.
Жувон бош ирғади.
— Мен сенга бир вақтлар учрашишимизга тўғри келган нью-йорклик эркаклар ҳақида сўзлаб
бераман. — Жувон яқин борди-да, қўлини йигитнинг елкасига қўйди. Жувоннинг бадани
муздай ва ғоят таранг эди. — Лекин ҳозир эмас. Биз хонани бўшатиб қўйишимиз вақти
келганини сезаяпман.
— Навбати билан.
— Қатъий равишда, — рози бўлди жувон. — Мен биринчи чиқиб кетаман. Лекин кетишдан
олдин мен бу ерни бироз саришталайман.
— Йўқ, буни ўзим қиламан, — туриб олди Палмер. — Буни қандай уддалашни мен анча яхши
биламан.
Жувон бир лаҳза унга ҳайрон бўлиб қаради, сўнг:
— Э-ҳа! Собиқ жосуслик зобити. Наҳотки у ерда олган барча сабоқларни шундоқ эсда сақлаб
қолган бўлсанг? — деди.
— Булар сабоқлар эмасди, мияни ювиш эди. Бунақасини унутиб бўлмайди.
Виржиниянинг бармоқлари унинг елкасини қисди.
— Битта бўса, мана шундай ҳолатда, — деди у. — Кийингандан кейин у қадар бўлмайди.
Кириб келгандаги эмас, бошқа эшикдан чиқишни айтиб, Виржиния кетгач, Палмер ўзи ҳис
этаётган қандайдир ғалати туйғунинг тагига етишга ҳаракат қилгач, меҳмонхона бўлмаси
ўртасида бир лаҳза туриб қолди. Бироздан сўнг у англаб етди: енгиллашган экан.
Висол учун қулай шароитга қарамай унда яққол нотинчлик ҳукм сурмоқда эди. Бернс қайтиб
келиб қолиши ва уларни бирга кўриб қолиши мумкин. Хавф ўтиб кетгани учун эмас, балки ҳеч
бўлмаганда Виржиния кетиши билан тартиб ўрнатишнинг биринчи босқичи ниҳоясига етди.
Палмер қадаҳларни, музли челакни кўздан кечирди ва улар ҳеч қанақанги сирни ошкор
қилмайди деган қарорга келди. У ётоқхона бўлмасига кирди ва чироқни ёқди. Каравотнинг
аҳволини кўриб, унинг кайфи учиб кетди. У ўз нарсаларини ҳаммомхонага олиб бориб қўйди,
қайтиб келди ва каравотдаги матрацдан бошқа ҳамма нарсани олиб ташлади. Сўнг матрацга
тўшалган, қаттиқ ғижимланиб кетган чойшаб ўрнига бошқа силлиқроғини ёйиб қўйди. Бунда
ётадиган навбатдаги одамга матрацдаги чойшабни кўриб олиш қийин бўлмаслиги учун шундай
қилди, олдингиси эса адёл тагидан деярли кўзга ташланмас эди. Палмер ёстиқ жилдларининг
тескарисини ағдарди, ёстиқларни дўппослади ва ёпқи чойшабни қўли билан текислади. Иккала
кулдонни меҳмонхона бўлмага олиб борди, ичидагиларни ўша ерда турган катта кулдонга
тўкди, кичкиналарини ҳўл қоғоз салфетка билан тозалаб артди ва қоғозни унитаздан оқизиб
юборди. Қайтиб келиб, кулдонни каравот ёнидаги столчага қўйиш учун у яна бир марта хонага
кўз югуртириб чиқди ва ҳатто тиззасида чўкиб, каравот тагига кўз солди — тағин битта-яримта
сирғаси тушиб қолмаганмикин?
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |