www.ziyouz.com кутубхонаси
119
— Биласанми, сақловчи клапанни ёпганда нима бўлади? Қозон портлайди, мана, нима
бўлади. Мен, албатта, тан бераманки, ўзини қўлга олиш буюк нарса, бироқ ҳаддан ташқари
кўпи ҳам зарарли. Хўш? — деди Бернс.
— Менга ҳеч нарса қилгани йўқ, — қулоғига чалинди Палмернинг — у яна аввалги сўзларини
такрорлаганди. — Ўзимни назорат қилиб тургунимга қадар ҳаммаси жойида бўлади. Тамом!
Бернс бошини қаттиқ-қаттиқ чайқади:
— Сиз, банкирлар, сизлар Ўрта Ғарбнинг аҳолисисизлар. Сабаби нимадалигини билмадим-у,
аммо сизларнинг барчангизда секс масаласи чатоқ. Уни сизлар ишлашга мажбур қилиш ўрнига
у сизларни истаган мақомига солиб ўйнатади.
Палмер қўлини кўтаришга ҳаракат қилди, бироқ бунинг уддасидан чиқолмаслигини сезди.
Айни вақтда аллақайси узоқ бурчакдан туриб ўзини кузатар экан, у бу ҳаракатнинг барча
ночорлигини кўрди ва тўсатдан ўзи тасаввур қилганидан кучлироқ маст бўлиб қолганини
англади.
— Назорат, — деди у, — ҳамма бало мана шунда.
— Ҳаракатлар эркинлиги, — мана ҳамма бало нимада, — эътироз билдирди Бернс. —
Одамзод ўзини бирон-бир назорат остида тутиб туриш учун яратилмаган, — қўшиб қўйди у ва
ўриндиқда асабий чиғанди. — Сенинг эр-хотинлик ҳаётинг — сенинг шахсий ишинг, Вуди. Эдис
— кетворган аёл. Мен айтган гаплар эса бевосита сенга ёки унга дахл қилмайди. Гап бу ҳақда
эмас. Мен умумий мулоҳазаларимни баён қилаяпман, холос.
Палмер яна қўлини кўтаришга ҳаракат қилиб кўрди, бу сафар у елкасини ўриндиқ
суянчиғидан узишга муваффақ бўлди.
— Етар, — минғирлади у.
— Айтдим-ку сенга, бу шахсан сенга дахл қилмайди деб, — аёвсиз эслатди унга Бернс. —
Эркаклар аёллардан фарқ қилади. Аёлларда болалар бўлади ва улар болалар учун ошён
қурадилар. Уларнинг ҳаммаси шунақа. Фаолиятсизлик — мана аёллардаги алоҳида хусусият
нима. Мен, албатта, ўзбошимча хотинлар ёки фоҳишаларни назарда тутмаяпман. Одатдаги
покдоман аёлларни назарда тутаяпман. Бундай аёл секс билан фақат бир марта рўбарў бўлади,
ўз уйида. Аммо эркаклар бошқача яратилган. Улар бир умр саргузашт шайдолари. Уларнинг
табиати ўзи шунақа, Вуди. Бир қарагин-а, эркаклар қандай тузилгану аёллар қандай тузилган,
шунда сенга ҳаммаси кундай равшан бўлади: аёл фаолсизлигича қолаверади, эркакка эса
лаллайиб турмасдан ҳаракат қилишни худонинг ўзи буюрган. Одамлар бирон-бир нарсани
ўзгартиришга кучи етмайди. Улар шунақа яратилган — мана, гап қаёқда. Бин... бин...
бинобарин... — Бернс қошини чимирди ва жим бўлиб қолди. — Бин... бин... — У қўлини
қулочкашлаб олиб келиб, ингичка лабларига суртди. — Бинобарин, — ниҳоят гапини тўғрилади
у, — ҳеч қанақа аҳамият касб этмайди: уйда ҳамма нарса ҳар қанча гўзал бўлмасин, эркак
доим бир нима қидиради. Унда ҳаммаси жойида бўлмаса-чи, у унда “нима учун?” деб
сўрамайди. У ўзи бу саволга жавобни уйдан ташқарида қидира бошлайди. Айримларда уйда
ҳам ҳаммаси яхши ва оиладан ташқарида ҳам. Бундай ҳолларда ҳеч ким гуноҳкор эмас — на
улар, на уларнинг хотинлари. Шунчаки эркаклар буни уддалай олмайдилар. Бизларнинг
табиатимиз ўзи шунақа. Бор гап шу.
Палмер анча вақтгача қимир этмай ўтирди. У ўзини эркин ҳис этмоқда эди, Бернснинг кўз
ўнгида ухлаб қолиши ҳеч гап эмасди. Аммо шу билан бир вақтда ўзини четдан кузатар экан,
вужудини мана бундай ачинарли ва беўхшов бир қиёфада кўрди. Бор кучини тўплаб, у
ўриндиқда қаддини ростлади-да, деди:
— Ҳаммаси бир чақага қиммат.
Бернс қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
— Мен айтган ҳақиқатни, азизим, қанчалик тез англасанг, яшаш шунчалик сенинг ўзингга
осон бўлади. — Шундай деб у яна телефонга чўзилди. — Шафтолига қўнғироқ қилиб кўрайлик-
а?
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |