www.ziyouz.com кутубхонаси
116
— “Меррей Хилл” унинг уй ва фермаларини мусодара қилолмайди. Гаррининг бўйнида ҳеч
қандай қарз, ҳеч қандай мажбурият йўқ. — Бернс яна Палмерга мўлтайиб қаради: — Тўғри
айтаяпсанми?
— Бундан хабарим йўқ. У ҳақида кредит бошқармасида у-бу нарсани билиб олса бўлади.
— Гарри ҳақида у ерда кўп нарса билолмайсан, — деди Калхэйн. — У тўловларни тўлашга
қодир.
— Буюк иш — жорий ҳисоб, — хаёл суриб деди Бернс, — агар кимдадир бор бўлса, бу
шубҳасиз Гарри бўлади. Тўғри айтяпманми, Вуди?
— Нимани назарда тутаяпсиз, ўзи? — сўради Палмер.
— Мен назарда тутмаяпман, — тушунтириб деди Бернс, — яъни шуни назарда тутаманки,
Гарри на фақат хўжакўрсинга (чунки вискига ҳам, таксига ҳам у тўлайди), балки чинакамига
тўловларни тўлашга қодир, тўғрими?
— Жорий ҳисоблар турлича бўлади, — оғзидан эшилиб чиқаётган сўзларга эринибгина қулоқ
солиб ғудранди Палмер, — баъзилари виски қултумидек ўзлари оқиб келади, баъзилари эса...
Калхэйн ҳамдардлик билан бош ирғади.
— Сиз анавиндан жуда ошириб юборибсиз, — хабар қилди у Палмерга.
— Йўғ-е? — суюниб ҳайрон бўлди Палмер.
Бернс ниманидир миясида пишитарди.
— Хўш, ҳаммасини гаплашиб олдиларингми? Ё гаплашмаган бирон нарса қолдими?
— Йўқ, — ишонтирди уни Калхэйн.
— Унда, демак, қизларни чақирамизми? — таклиф қилди Бернс.
— Менга керак эмас, — деди Калхэйн. — Айтдим-ку, руҳоний бўлишга тайёргарлик кўряпман
деб. Иккита нарсага онт ичганман — бокираликка ва ҳирсни ўлдиришга.
— Қасамларингга содиқсан, — минғирлади Бернс. — Хушахлоқ болакай. — У яна Палмерга
бурилиб қаради. —Хўш, қизларга қалайсан, Вуди?
— Унга ҳам ҳеч ким керак эмас, — эълон қилди Калхэйн.
— Иккита онт ичганман, — тушунтирди Палмер, ўнг қўлини кўтариб, — ҳақиқатни гапиришга
тантанавор онт ичганман.
— Конституцияга киритилган Бешинчи тузатишдан фойдаланиб қолинг, — маслаҳат берди
унга Калхэйн.
— Алдамайман, — давом этди Палмер. — Садоқатга содиқман, бесоқолбозлик каби
нарсаларга қаршиман...
Бернс оқ телефонни ўзи томон сурди-да, рақам терди.
— Шафтолимисан? — сўради у. — Бу Мак. Сени уйғотиб юбордимми?
— Шафтолини олманг, — огоҳлантирди Калхэйн Палмерни, санъаткорона шивирлаб. — У
ҳаддан ташқари бесаранжом.
— ... Биз ихчамгина улфатбозлик қилган эдик, — дерди Бернс гўшакка, — икки-учта
йигитчадан иборат.
— Сизга унинг танлаганлари ёқмайди, — деди Калхэйн, — улар орасида битта ҳам жажжи
қизалоқ йўқ. Ҳаммаси аллақаёқдаги рўдаполар. Умуман, арзимайдиган иш.
— ... Ўзинг билан биронта портловчи хотинни олвол, Шафтоли, — деди Бернс.
— Унга айнан шунақалар ёқади, — давом этди Калхэйн, — мени ҳам шундайлар билан
таъминлашга ўрганган, чунки менинг гавдамга улар мос келади-да. Унинг ўзи эса
Голливуддалик вақтидаёқ шунақаларга мазахўрак бўлиб қолган, уни келбатлари тортади.
Қаерлардан қидириб топаркин-а уларни? Қидирсанг, кундуз чироқ ёқиб тополмайсан.
Биронтаси Ғарбий соҳилдан шаҳарга тушиб қолгудек бўлса, дарҳол бунга қўнғироқ қилади. —
Калхэйн кучаниб ўрнидан турди, Бернснинг олдига борди ва ундан гўшакни юлқиб олди.
— Шафтоли, — бўкирди у гўшакка, — агар бунақа кеч ётадиган бўлсанг, сенинг ҳайратомуз
тараққиётингда таназзул бошланади. Хайрли тун, дўндиқча! — У гўшакни осди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |