www.ziyouz.com кутубхонаси
117
— Сени қара-ю, Вик, — деди норози оҳангда чўзиб Бернс, — мен уни энди чоғлаб бўлувдим-
а...
— Эртага бизда катта ишлар бор, — гумбурлаб деди Калхэйн, салобати билан уларни босиб.
— Мен, оғайни, кетмасам бўлмайди. Тушлик нима бўлади?
Бернс бу девқомат нусха олдида оз бўлса ҳам савлатли кўринишга беҳуда ҳаракат қилиб
гавдасини чўзди.
— Бўпти, бор, хотинингнинг пешонасидан ўпиб қўй.
У Калхэйннинг кутилмаган чаққонлик билан эшик томон йўналганини кузатиб турарди.
— Тушликда кўришгунча! — унинг изидан қичқирди Бернс.
— Бўпти.
Калхэйн Палмерга ўгирилди:
— Сиз ҳам кетсангиз бўларди, Вуди. Унинг ўн тонналик тансиқ таомларидан татиб кўришни
кўнглингиз тусамай қўя қолсин. Соғ бўлинг. — Эшик шовқинсиз ёпилди.
Бернс икки-ўн бирни терди.
— Диспетчерни чақиринг, илтимос. — У кутиб турди, сўнг диспетчерга қандайдир рақамни
айтди ва тирноқларига диққат билан разм солганча яна кутиб турди: — Томмимисан? У
тушяпти, машинани ўт олдир. Хайрли тун.
— Калхэйннинг ҳайдовчисими? — сўради Палмер.
Бернс бош ирғади.
— Семиз хонимчалар дидингга ёқадими? — сўради у. — Ёки синаб кўрмаганмисан?
— Анчадан бери улар билан ишим йўқ, — жавоб берди Палмер.
— Роса маза қиласан, оғайни. Биласанми, силасанг қўлинг тўлади.
— Эҳтимол, — деди Палмер. Тиззаларида санчиқли оғриқдан юзи буришиб, у секин ўрнидан
турди. — Ҳозир такси тутиб бўлмаса керакдир?
— Қанақа такси яна? — ҳайрон бўлди Бернс. — Менинг ҳайдовчим олиб бориб қўяди сени.
Палмер соатига қаради:
— Уни шундай бемаҳалда безовта қилишнинг ҳожати йўқ, у аллақачон ухлаб қолган.
— Менинг ҳайдовчим мен билан бир вақтда ётиб ухлайди, — деди Бернс ва ярми ичилган
қадаҳларга қараб маъносиз ҳиринглади. У гурс этиб ўзини ўриндиққа ташларкан, “ҳиҳ” деб
қўйди ва Палмернинг галстугига тикилганича бирмунча муддат ўтириб қолди. Сўнг нигоҳини
унинг юзига олди.
— Ҳой оғайни! — деди у ниҳоят.
— Сиз ҳам, ҳайдовчингиз ҳам энди ётиб ухланглар, — деди Палмер. Бернс аста бошини
чайқади.
— Айт-чи, пандавақи, тонготарда уйга қайтиб борсанг, хотининг нима деб ўйлайди?
Саволга жавоб бераймикан ё яхшиси, уйга жўнавораймикан деб Палмер нима қилишини
билмай бирмунча муддат туриб қолди. Ўзи ҳам кутмаган ҳолда ўз жавобини эшитди:
— Билмай қолдим. Мен келганимда у ухлаб ётган бўлади.
— Сени ҳеч қачон кутмайдими?
— Йўқ. Агар эртароқ қайтаман деб хабар қилсам бошқа гап.
Бернс кинояли жилмайди.
— Эрталаб тергайвериб жонингни эговламайдими?
— Йўқ.
— Наҳотки бирон марта қаерда юрибсан тонг отгунча, деб сўрамаган бўлса?
— Йўқ, бунақа бўлганини ҳеч эслолмайман.
Бернс хўрсинди.
— Оҳ, гавҳарим, — сўзларни димоғидан чиқариб, хиргойи қилиб деди у. — Шундай осон ва
қулай ўрнашиб олгансан.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |