www.ziyouz.com кутубхонаси
125
— Тиббиётдан ҳеч нарса билмаслигимни бу қадар назокат билан англатиб қўяётганингиздан
ҳайратга тушмоқдаман.
— Мен бошим оғриётганидан нолиётган эдим, — тушунтирди Палмер. — Тинчлантирувчи
дорилар эса асабий зўриқишни йўқотади. Мени бироз хумор қийнаяпти, холос.
— Қаранг-чи, столимда кодеин бормикан?
— Миннатдорман сиздан. — Палмер ўриндиқда бурилди, зўриқиш аста-секин қайта бошлади.
Наҳотки жувоннинг уч-тўрт оғиз гапи шу қадар тез таъсир қилган бўлса? Балки уларнинг ҳар
иккови ҳам бир-бири билан мана шундай эркин гаплашишлари ҳам ёрдам бергандир?
— Энди яхшиман, — деди йигит. — Нима қилдингиз ўзи мени?
— Менинг жодугарлигимни билмайсизми, ҳали? — деди жувон. — Гарчи сиз ўрганган
жодугарлар лўли хотинлар бўлса ҳам. Лекин биринчи даражали жодугарликни фақат
кельтларда учратиш мумкин. Бу ишда уларнинг олдига тушадигани йўқ.
Интерполнинг енгил қўнғироғи янгради.
— Кечирасиз, — Палмер тугмачани босди.
— Лумис деган одам сиз билан гаплашмоқчи, мистер Палмер.
— Мени у билан уланг. — Палмер қаддини ростлади ва ҳайрон бўлиб қошини чимирди. —
Лумис деган одам! — у Виржиния Клэрига юзланди. — Гўё яна бошқа ҳам Лумис деган одам
бордай! — У телефон гўшагини олди.
— Палмерми? — кекса, аммо жуда дадил овоз таралди.
— Мистер Лумис, — жавоб берди Палмер, — ўтган ҳафта сиз билан боғлана олмаганимдан
жуда афсусдаман. Қўнғироқ қилганингиздан ғоят миннатдорман.
— ... улар яна бир банд қулаб тушмагунларига қадар, — Палмернинг қулоғига симнинг
нариги учида чолнинг кимгадир гапиргани чалинди. — Ҳелло, Палмер! Бугун ленчда банд
эмасмисиз?
— Бугунми?
— Сизга машинамни юборишдан мамнун бўлардим. Клубда ленч устида кўриша оламизми?
Фикрини тўплаш учун Палмер кўзини юмди. Лумиснинг шаҳар ишбилармонлар бўлимидан
туриб қўнғироқ қилаётганига шубҳаланмади.
— Келолсам керак деб ўйлайман, — деди у. — Қачон?
— Мен эрта овқатланишга ўрганганман, — хабар қилди Лумис. — Олдингизга йигирма
дақиқаси кам ўн иккида етиб боришади, агар бу сизга тўғри келса. Сиз бу ерда тахминан
тушгача бўласиз ва сизни бир яримда олиб бориб қўйишади.
— Жуда яхши. — Палмер кутиб турди. — Бирон нарса... — деб гап бошлади-ю, сўз қидириб,
яна жимиб қолди. — Ўзим билан бирон нарса олиб олайми?.. — Гапини тугатмасиданоқ Палмер
саволи аҳмоқона чиққанини англади.
— Йўқ, шунчаки гаплашамиз. Ўн биру қирқда.
— Яхши. Мен... — Бироқ Лумис гўшакни илиб қўйди.
Қари рўдапо. Палмер ҳам гўшакни қўйди ва шу заҳоти қаншарида оғриқ ҳис қилди, миясини
бир нарса найзадай тешиб ўтгандек бўлди. У Виржинияга қаради.
— Кодеин, — деди у, — илтимос.
Жувон чиқиб кетиши ҳамон ўриндиқда ўтирганча Палмер энсасини уқалай бошлади. Қизиқ,
агар буни унинг учун бошқа биров бажарганида у ўзини қандай ҳис қилган бўларди? Бировга
боғлиқ бўлиб қолишдан ёмон нарса йўқ. Дарвоқе, бу шунчалик ёмонми?
Энсасини титраб-қақшаб чангаллаганча у яна кўзларини юмди ва Виржиния Клэрининг
қайтишини кутган, оғриққа бардош берган ҳолда қимир этмай ўтиришга ҳаракат қилди.
Йигирма тўртинчи боб
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |