www.ziyouz.com кутубхонаси
127
— Мижозлар ўзларининг келганларини метрдотелга хабар қиладилар, — ғудранди лифтчи
чол ниҳоят лифт эшигини очаркан.
Метрдотел жойида йўқ эди ва Палмер баланд .столда турган қўнғироқчани чалди. У бонг
овозидай бўғиқ ва чўзиқ садо берди. Вақт ўтиб борарди. Палмер у ёқ-бу ёққа қаради. Ҳа, ҳозир
бунақа қилиб қуришмайди. Шифтларнинг баландлиги камида ўн беш фут келарди. Деворлари
мум суртиб ялтиратилган дуб багет қопламаси ва усти яшил шишасимон юқориги қисми
кулранг тусда. Девор ёнига қўйилган ўриндиқлар оқ дубдан ясалган бўлиб, ён суянчиқлари
ғоят залворли. Суянчиғи ва ўтирғич қисмларига қора чарм қопланган. Палмер ўриндиқлардан
бирини кўтариб кўрди: у манави ерда эллик фунт келарди. Қизиқ, бу буюмлар қачон ясалган
бўлса? Ярим аср олдинми ё етмиш йилми? Бундайларга ўхшаганини ясаттириш учун ҳозирги
нархларда одамнинг ақли бовар қилмайди. Дарвоқе, бундай ўриндиқлар синмайди ҳам, шу
боис улар ҳеч қачон таъмир ҳам талаб этмайди.
— Сэр?
У ўгирилиб қаради ва оч кўкранг шим ва қора сарғиш пиджакдаги ёши катта кишини кўрди.
— Вуде Палмер. Мистер Лумис ҳузурига.
— Ҳа, мистер Палмер. Мистер Лумис сизга мунтазирлар. Бу ёққа марҳамат этсинлар.
Палмер хийла энсиз ва ҳаддан ташқари узун йўлакдан унга эргашди: деярли уйнинг ярмини
юриб ўтишга тўғри келди, ниҳоят улар ичига тахминан йигирматача думалоқ стол териб
қўйилган кенг танобий хона эшиги олдида пайдо бўлишди. Кун ёруғи бу ерга кўчага очилувчи
кўтарма деразалардан тушар эди. Бир вақтлар деразалардан дарё манзараси кўриниб турарди,
аммо ҳозир кўчанинг нариги томонида ойна ва алюминдан тикланган кўп қаватли бинолар бўй
чўзиб, дарёни деярли бутунлай тўсиб қўйганди. Унинг бостириб келганини бу ерда қанчалик
ёқтирмай қарши олишларини тасаввур қилиб, Палмер билинар-билинмас жилмайиб қўйди.
Палмер танобийнинг тўрига, бошқалардан сал нарида турган бир думалоқ стол олдига бориб
тўхтади ва столда ўтирган қотмагина кекса одамга одоб билан таъзим қилди.
— Мистер Лумисмисиз?
— Ўтиринг, Палмер. Шошманг, Генри, ҳозир айтамиз.
Палмер соатига қаради: роппа-роса ўн икки, уларнинг танобийда танҳо ўзлари қолгани
сабаби бу ёқда экан-да. Палмер зимдан Лумисни кузата бошлади. Худди бинонинг ўзига ўхшаб
кўҳналикнинг мана бундай ҳилвираб ва дилдираб қолган мумтоз намунасини яқиндан туриб
кўриш ҳар доим ҳам насиб этавермайди.
Жозеф Лумис ҳосил қилган дастлабки таассурот, одатда, яқиндан танишганда ҳам ўзгармас
эди. У, эҳтимол, умрининг кейинги ўттиз йилида ҳам шундай кўринарди ва унинг фотопортрети
молия оламидаги воқеаларни кузатиб борган барча одамларга яхши таниш эди. Қаншари томон
кенгайиб ва ияги томон торайиб борган юзи чўзинчоқ, сийрак сочи оппоқ ва дид билан тараб
бир томонга ташлаб қўйилган. Кўзлари Виржиния Клэриникидай деярли катта-катта, аммо
ингичка ва енгил ажинлар ўрими билан қуршалган бўлиб, бамисоли жимжимадор гардишга
қадалган бир жуфт қимматбаҳо тошга ўхшарди. Янкиларга хос бурун — фақат
фотосуратлардагина учли бўлиб кўринади. Дарвоқе бурнининг юқори қисми пичоқ тиғини
эслатарди, аммо учи бироз тўмтоқлашиб, энсиз катта оғзи узра хиёл осилиб турарди.
Бир текис терилган сунъий тишларини кўрсатиб, Лумис унга хотиржам кулиб қўйди.
— Сизни кўрганимдан хурсандман, — деди у.
Унча катта бўлмаган жилддаги кўчириб ёзилган ва обдон тўғриланган таомномани кўтариб
официант келди. Палмер номаълум хаттотнинг маҳоратига офарин деб қўйди ичида. Чизиқлар
гоҳ босиб йўғон, гоҳ қалам учида қилдай ингичка қилиб ёзилган эди. Яхшироқ кўриш учун
Палмер таомномани ёруққа тутди: ҳа, у дарҳақиқат, қўлда ва ҳарҳолда ҳаттоки ғоз патида
ёзилган эди.
— Биқин гўшти қовурдоғи олинг, — маслаҳат солди Лумис, — жўжа — emince фақат менга
ўхшаган қари бобойлар учун пиширилади.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |