www.ziyouz.com кутубхонаси
135
Палмер унга қараб қўйди ва ўйлади: наҳотки энди ҳаммаси ўшандай сийқа йўл билан бўлса?
Ёки у шунчаки қитмирлик қилаяптими? Томошани охирига етказиш учун Стеккертнинг ҳозир
шляпасини боши орқасига суриб қўйишигина қолганди, холос. Бироқ “Стар”да ишловчи
репортёрларнинг уйга кираётганида барибир шляпаларини оладиган одатлари бор экан.
— Шундай қилиб, нимадан бошлаймиз, мистер Палмер? — унга мурожаат қилди Стеккерт.
— Энди бошидан бошласа бўлаверади.
— Жуда яхши, марҳамат.
— Пенемюнде қаердалигини биласизми сиз?
— Германияда. Аллақаерда, денгиз бўйида.
— Тўғри. Германиянинг энг шарқий қисмида. Польша билан чегарада. Бу Болтиқ
денгизидаги орол бўлиб, Пене дарёси ўзанига яқин, у денгизга қуйиладиган жойда жойлашган.
Ундан шимоли-ғарбда Фин қўлтиғи бор, қитъада эса — Грейфсвальд шаҳри. Жануби-шарқ
томонда Шчецин шаҳри ва Свиноуйсте деб аталадиган поляк шаҳарчаси жойлашган.
Тушунарлими?
— Тушунарли.
Стеккертнинг юзидаги сўнгги шубҳа ифодалари ғойиб бўлаётганини кузатаркан, Палмер
кулиб юборишидан ўзини аранг тутиб турарди. Репортёрнинг қалами сариқ ён дафтарида
аллақачон қандайдир қайдлар қиларди. Далилларни қоп-қоп келтириб қўйиши ҳар қанақанги
шубҳани бартараф этишнинг энг яхши усули. Палмер фотограф ҳам ҳайкалтарош санъатини
суратга олишни бир четга қўйиб, диққат билан қулоқ солаётганини кўрди. Ҳатто Виржиния
Клэри ва Гарри Элдер ҳам унга диққат билан қулоқ соларди. Марк Бернс дераза олдида турар
ва ташқаридаги манзарани томоша қиларди. Бироқ Палмер унинг ингичка лабларида билинар-
билинмас табассум ўйнатганини пайқади.
— Бизнинг ТФ гуруҳимиз икки “жип”дан иборат эди: командир бораётган броневик ва пиёда
аскарлар взводи ўтирган юк машинаси, — деди Палмер. — Йигитларда пулемётлар, кўздан ёш
оқизувчи ўқлар билан ўқланган бир нечта милтиқ ва базукалар бор эди. Мен унда майор
унвонида эдим ва мен билан яна бир лейтенент ва сержант бор эди. Қолган унтер зобитлар
бизнинг тезкор гуруҳимизга кирмасди.
— Илтимос, айтиб беринг-чи, тезкор...
— Ҳа, ҳа, — унинг гапини бўлди Палмер, — бу унча катта бўлмаган, фақат махсус
вазифаларни бажаришга мўлжалланган ғоятда ҳаракатчан гуруҳ. У душман қисмлари билан
тўқнашмасликка ҳаракат қилади, фуқаро мудофаасига дахл қилмайди ва одатда, жосуслик
маълумотлари тўплаш билан шуғулланади. Бизнинг гуруҳимизга келсак, у ўзида орқамиздан 12
соат фарқ билан келаётган асосан кўпсонли қўшилмалардан иборат авангардни ўзида намоён
этарди. Менинг командирим Эдди Хейген эди. Генерал Эдвард Х.Хейген: русларнинг катта
қўшилмаси тахминан Пенемюнде ёнида турарди, биздан кўра анча яқинроқда эди. Кейин
биздан илгарилаб кетиб, у ерга биринчи бўлиб кириб боришларига ишонарди. Аммо биз агар
улар илгарилаб олишга ҳали жазм этмаган бўлишса, бизнинг биронта тезюрар қўшин
қисмларимиздан бири улардан олдинроқ етиб боришига умид қилардик.
— Хўш, нима бўлди?
— Унчалик эмас, — деди Палмер, — немис разведкачи олимлардан бир қанчалари рус
қўшинлари турган жойга йўл олиб бўлганди. Бошқалари Америка қўшинларига пешвоз чиққани
кетишди ва албатта, уларни топиб олгунимизча кўп ҳам кутишга тўғри келмади. Биз
Пенемюндега бир кун олдин етиб боришимиз ҳам мумкин эди, бироқ йўлда бир неча марта
отишмаларга учрадик ва бизда яраланган асирлар бор эди — лейтенант — менинг машинам
ҳайдовчиси ва уч пиёда аскар. Биз уларни командир броневигида олиб борардик, чунки унинг
рессорлари мустаҳкам эди-да. Ярадорларни госпиталга юбораверса бўларди, лекин биз бундай
қилолмасдик, чунки Хейген буйруғига бўйсунардик. Биз Гамбургдан шарққа, Ростокка қараб
бормоқда эдик ва бу тахминан бир юз йигирма мил масофани ташкил этарди. Грейфсвалдгача
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |