www.ziyouz.com кутубхонаси
138
— Бу ёққа келинг, — деди Бернс яна дераза олдига келиб туриб. — Бу ердан шаҳар ва
айниқса парк жуда гўзал кўриниб турибди.
Шифтдан хонага тушиб турган ёрқин нурдан фойдаланиб, Кесслер ўн-ўн бештача суврат
олди. То Стеккерт қониқиш ҳосил қилиб бош ирғамагунча Палмер унинг саволларига жавоб
бериб турди. Хона эшиги тагига етганида Кесслер яна бир қур ҳайкалларга разм солди.
— Яна бир марта келиб, бу нарсаларни кўришимга монелик қилмайсизми? — сўради у
Палмердан.
— Марҳамат, истаган вақтда келаверинг, — таклиф қилди Палмер.
— Биласизми, бу ҳайкалда нимадир бор-у, сира тушунолмайман. У менинг ҳам ғашимни
келтиради, ҳам ундан кўзимни узолмайман.
— Оммадаги унинг муваффақияти сири ҳам шунда бўлса-чи, нима дейсиз?
— Сизга нима дейишимни ҳам билмайман, — тан олиб деди Кесслер ва Палмернинг қўлини
қаттиқ қисди. — Фақат бир нарсага аминманки, унга ҳар куни саккиз соат давомида тикилиб
турган одам мардоналикка эга бўлади. — Виржиния Клэри томон бурилиб, у деди: — Хўп,
ҳозирча хайр, Жинни. — Сўнг Стеккерт билан изма-из хонадан чиқиб кетди.
Улар кетгандан кейин ҳукм сурган скунат ичида Гарри Элдер эшикни ёпди ва оҳ тортганга
ўхшаш қаттиқ хўрсиниқ билан ўзини Виржиния ёнидаги ўриндиққа ташлади.
— Қўшиламан, — деди Виржиния.
— Эҳ, сизлар, ижтимоий фикр ижодчилари, — алам билан деди Палмер ўз столига келиб
ўтираркан, — наҳотки бирон-бир одам бунақа нарсага жиддий тус беради деб ўйласангиз?
— Вуди, — оҳангдор чўзиб деди Бернс, — Вуди, сиз бу ҳужумни боплаб қайтардингиз.
— Сизга шунинг учун пул тўлашар экан-да, шундайми? — сўради Палмер. — Яъни, менга
ҳужум қилганларга сиз йўл очиб берганингз учун?
— Ҳазиллашаяпсиз деб умид қилсам бўладими? — Каловланди Бернс. — Наҳотки мен ҳужум
қилувчиларга йўл очиб берган бўлсам? Бу барча воқеалар сизнинг уларни рад этишингизга
мўлжаллаб тўқилган. Стеккерт сизнинг ҳар бир гапингизни қовурилган ёнғоқдек ютиб турди, —
шундай дея Бернс аста пишқириб қўйди. — Катта матбуот буни баландпарвоз сўзлар билан
таърифлаши ҳеч гап эмас: “Инсонийликнинг олий зуҳури! Мутлақо янги жиҳат! Оҳорланган
кўйлак тагидаги жонли, қайноқ қалб!” Кўрдингизми? Палмер деганлари — бу худди менга
ўхшаган оддий ва ҳалол йигит! Репортаж “Стар”да пайдо бўлганида ҳамманинг оғзи очилиб
қолди.
— Сиз устамонлик билан сувдан қуруқ чиқдингиз, — деди Палмер. — Сизни билган одам
бунга қобиллигингизни етти ухлаб тушида кўрмаган бўларди.
— Сиз мени бепичоқ сўйдингиз, — шикоятомуз деди Бернс. — Жинни, қандай бўлганини
бунга ўзинг айт.
Виржиния Клэри бош ирғади:
— Ҳа, Бернс тўғри айтяпти, бу интервьюни у ҳақиқатан ҳам шу тариқа ўйлаб қўйганди.
Палмер Гарри Элдерга юзланди:
— Сиз ҳам бир нарса десангиз-чи, худо хайрингизни берсин!
Элдер яна хўрсинди:
— Бу тўғри.
Палмер ҳар учовига синчиклаб назар солди. Кўриб турибсизлар-ку, ахир, уларга хаёлан
мурожаат этди у, киши фаолият кўрсатиш, нимадир яратиш, ўз кучини омма фаровонлигига
сарф этиш иштиёқида ёнаяпти. Наҳотки кўнгилчан бўлганим учунгина бошқалар ҳар доим
мендан ўз мақсадлари йўлида, ўзларининг қанақадир икир-чикир ишлари йўлида
фойдаланадилар?
У кўзини ўз столига олди, нима учун у гўё уни чинакамига фақат биргина Виржиния
сотгандек ҳис қилишини тушунолмаётганди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |