www.ziyouz.com кутубхонаси
134
— Вуди, “Стар” таҳририятидан келган Жим Стеккерт билан таниш, бу эса — мистер Кесслер,
унинг фотоаппаратлари. Жентльменлар, танишинглар — Вудс Палмер-кичик.
Палмер олдинга бир неча қадам қўйди, келганлар билан бирма-бир қўл бериб кўриша
бошлади. Стеккерт озғин, касалванд чеҳрали ва ҳорғин кўзли одам эди, гўё лаблари ташқи
таъсир, реле ёрдамида табассумдан ҳаракатга келадигандай. Ичимдан топ одам, бундайлардан
кўп нарсани ололмайсан, ўйлади Палмер. Фотограф Кесслер, кўп ўтмай, ўзи сезгандек,
бутунлай бошқа табиатли одам эди.
— Бу сизнинг ишингизми? — қизиқсинди фотограф ҳайкалга бармоғини қўйиб.
— Бу Ханни Керднинг иши.
— Унда нима ифода этилган?
— Болаларимнинг портрети.
— У-у! Сизни боплаб шилишганга ўхшайди.
— Хато қилмадингиз, — жиддий жавоб берди Палмер.
Ҳайкални томоша қилар экан, Кесслер орқаси билан Палмерга ўгирилиб олди.
— Ечиб бўлмас ребус. АҚШда тайёрланган, — минғиллаб қўйди у.
— Мак, — гап қотди Палмер, — мени ҳам мана бу йиғилиш мақсадидан воқиф қилиш вақти
келмадимикан? Ёки мен ўзим ўйлаб топайми?
— Наҳотки сиз... — Бернс тўхтади, қовоғини уйди, пастки лабини тишлади ва хаёлга
чўмганча уни чайнаб қўйди. — Бу қанақаси, мен ҳайрон қолаяпман, — давом этди у овозини
пасайтириб, — мен ўйловдимки, сиз... Ўйловдимки, мен... Жим Стреккерт “Стар”да молия
бўлимида ишлайди, Вуди. У...
— Фараз қилайликки, мен бу шаҳарда янги одамман, — унинг гапини бўлди Палмер, — аммо
мистер Стеккерт нима билан шуғулланиши менга кундай аён. — У Виржиния Клэри ва Гарри
Элдер томон ўгирилди. — Балки сизлардан биронтангиз менга тушунтириб берарсиз?...
— Бернсга мурожаат қилаверинг, — жавоб берди Виржиния жилмайганча. — Бизнинг ўзимиз
ҳам унчалик яхши билмаймиз...
— Бўлди, тушунарли, — бирданига деди Мак Бернс ва ҳамма унга бурилиб қараши билан
давом этди: — мистер Палмер бугун қанақанги шонли кун эканини эсдан чиқарган, буни
қаранг-а, атиги ўн беш йил ўтибди-ю, у бўлса эсдан чиқариб ўтирибди...
— Ўн беш йил? Нимани айтаяпсизлар? — сўради Палмер.
— Ҳой Вуди, нима қиласиз ўзингизни ҳеч нарса билмаганга солиб, жин урсин, — унинг
гапини бўлди Бернс ва “Стар” репортёри томон бурилиб деди: — Ҳеч шунақасини
кўрмаганмисиз?
— Бўлмаса-чи, — қўпол оҳангда деди Стеккерт. — Ҳар гал мижозларингиз ўз вақтида
огоҳлантириб қўймаганида шунақа бўлади. — У Палмерга бурилди ва юзида зўраки жилмайиш
пайдо бўлди.
— Агар мана бу нусхага ишонадиган бўлсак, — Стеккерт бошмалдоғи билан Бернс томонни
кўрсатди, — бугун Пенемюнденинг ўн беш йиллиги.
Унинг юзидаги табассум сунъий равишда ғойиб бўлди.
Палмер қовоғини уйди:
— Наҳотки? Жин урсин, ростданам шунақага ўхшайди. — У столга келиб ўтирди ва
такрорлади: — Ўн беш йил.
— Демак, Бернс ўйлаб топмаган-а? Шу тўғрими?
— Ўн беш йил деганингизга қўшилишим мумкин, — жавоб берди Палмер, — аммо аниқ
санасини айта олмайман.
— Йўқ, шунинг ўзи етарли. — Шундай деб Стеккерт Палмернинг рўпарасига келиб
жойлашди. Чўнтагидан катта, икки букланган ва кирланган ён дафтарча ва йўғон, учи тўмтоқ
қалам олди-да, ёзишга чоғланди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |