www.ziyouz.com кутубхонаси
143
— Йўқ, — у гўшакни жойига қўйди, — ҳарҳолда, йўқ. — Палмер дераза олдига қайтиб келди.
— Қаранг, кема! — деди у.
— Бу нима, юкчи кемами? Қаранг, жуда баҳайбат-ку!
Телефон жиринглади. Виржиния дарҳол гўшакни олди.
— Мистер Бернснинг квартираси, — деди жувон. — Ҳой пасткаш нусха, қаёққа тушиб
қолдинг?
— Менга беринг-чи, — илтимос қилди Палмер. Жувон унинг кўксига қўлини қўйиб, уни
тўхтатиб қолди. — Уолдорфда? Мак, бу қанақаси? Сен бу ерда бир соат олдин бўлишинг керак
эди-ку? — Қулоқ солиб тураркан, жувон қўлини Палмер пиджагининг жиягига текизди-да, бир
нимани қоқиб ташлади.
— Тўққиз яримда! — деди Виржиния. — Хўш, сенингча биз бу ерда нима қилишимиз керак
унгача? Ўтириб олиб, банк ишларини муҳокама қилайликми?
— Гўшакни беринг, — деди Палмер.
Жувон бошини қаттиқ-қаттиқ чайқади.
— Менинг ҳам одамлардай жаҳлим чиқса керакдир, — деди у гўшакка, — гарчи бу мистер
Палмер ғазабига нисбатан ҳеч нима бўлмаса ҳам. — Унинг қўли Палмер кўксини юмшоқ босиб
турарди. — Бу қанақа бемаънилик, — деди жувон гўшакка. — Биз аста уйга жўнаворамиз.
Лекин у сенинг эртага эрталаб тўққизда ҳузурида бўлишингни талаб этаяпти, ҳатто унинг
ҳузурида ўз вақтида бўлишинг учун ётиб ухлашингга тўғри келмаса ҳам.
Палмер унинг қўлидан тутиб, ўзидан нарилатди ва уни Виржиниянинг сони ёнида тутганча
телефонга узалди.
— Бир дақиқа, — у сен билан гаплашмоқчи, — деди Виржиния.
— Нега ҳаяллаб қолдинг? — сўради Палмер бор кучи билан ўзини ушлаб.
— Вуди, азизим, — гап бошлади Бернс йиғлоқи оҳангда. — Кўкрагим ости шунақанги
зирқираяптики, нима қилишимни билмайман. Бу ерда уч нафар йигит турибди, менинг энг
муҳим савдом шуларга боғлиқ. Айрим энг муҳим нархларнинг ўзгариши хусусидаги масала
бўйича виждонан мутлақо ёпиқ мажлис ўтказаяпмиз. Сизларга қўнғироқ қилгани бошқа хонага
чиқишга мажбур бўлдим. Рост, Вуди, мен кечи билан 9.30 да келаман.
— Менга эртага 9 да келсанг бўлгани, — совуқ оҳангда деди Палмер. — Ўшанда гаплашамиз.
(Виржинияга) Менга тушунтириб берасиз, “Юнайтед бэнк” ишидан кўра қайси битим муҳим? —
У гўшакни илгакка аста солиб қўйди.
— Телефон симида 200 нулдан қуйи, — бидирлади Виржиния.
— Жин урсин уни! Аммо ҳамма гап шундаки, мен унга ишонмайман. Шу нимага керак экан-а?
— Чунки Мак алдамаса туролмайди. Ҳозир балки алдаётгани йўқдир. Аммо шубҳаланиб
тўғри қиласиз.
Улар ўйга толганча бирпас туриб қолишди. Бирдан Палмер жувонни қўлидан тутиб
турганини пайқади. У бармоқларини ёймоқчи бўлган эди, бироқ ҳаракати ҳаддан ташқари
аниқлигидан қўрқиб кетди.
— Майли, — унинг қулоғига кирди, — қўлимни қўйиб юбораверинг.
— Нима?
Йигитни қуюқлашиб келаётган қоронғиликда яхшироқ кўриш учун Виржиния ўгирилиб олди.
— Ҳечқиси йўқ, — деди у дераза томонга одим ташлаб ва шу билан бирга қўлини бўшатиб.
— Ҳечқиси йўқ.
Палмер оқшом осмони узра жувон қиёфасининг хира шаклини кузатарди. Заиф нурдан
жимир-жимир қилиб турган оқшом кўлкаси Виржинияни унинг ёнида турганидагидан кўра
баландроқ қилиб кўрсатарди. Йигит унинг ёнига борди.
— Сиз бир нарсани билиб қўйганингиз яхши, — деди Палмер жувонга эмас, балки деразага
қараб, — чикаголикларга дунёвий сайқаллик етишмайди.
— Менинг назаримда, уларда кўп нарса етишмайди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |