www.ziyouz.com кутубхонаси
129
келганда — ғирт. Улар билан қандай муомала қилишга сира ақли етмайди. Тўғрироғи, бунинг
учун бошини қотиришни истамайди.
— Тўғрисини айтсам, буни пайқамаган эканман.
— У сизга жуда синчковдек бўлиб кўринадими, а? — сўради Лумис.
— Ҳа, — жавоб берди Палмер.
— Сизни шунинг учун ҳам ишга таклиф этганми? — Лумис яна жилмайди: — Чакки
танламаган, шундай эмасми? — Чол бош ирғаб қўйди: — Бўпти, шундоқ бўла қолсин. Аммо шу
билан бир вақтда у Бернсни ҳам ёллади. А?
— Нима бўпти? — Қайириб ташлади Палмер.
— Ҳаҳ. — Лумис таомномани қарсиллатиб шапатилади-да, уни ўзидан нари суриб қўйди. —
Сиз ҳам отангизга ўхшаб жуда камгапга ўхшайсиз. Унинг яна бир ўғли бор деб эшитгандимми?
— Хэнли. Мендан икки ёш катта. У урушда ўлган.
Лумис яна қўлларига қаради. Бу гал у кафтларини ўрганди. Қизғиш ва гўштдор кафтлар
суякдор, кексалик сепкиллари қоплаган орқа томонидан алоҳида ўзи мавжуддек.
— Сизлар Чикаго Палмерларининг сўнггисимисизлар, а?
— Унчалик эмас, — жавоб берди Палмер. — Менинг болаларим, яна қанақадир қариндош-
уруғларим ҳам бор. Дарвоқе, Чикагода биз ҳеч қандай қариндошлик риштамиз бўлмаган яна
бир Палмерлар сулоласи бор.
— Ундай ҳолда сиз банкир Палмерлар ичида энг сўнггиси экансиз-да?
— Шундай бўлса керак, ҳойнаҳой.
— Аммо сизнинг иккита ўғлингиз бор-ку?
— Ва қизим ҳам, — қўшимча қилди Палмер.
— Уларни банкир қилмоқчимисиз? — Лумиснинг оппоқ қошлари бир нарсани тушунгандек
юқорига ўрлади.
Палмер мийиғида кулди.
— Агар бу менга боғлиқ бўлса, икки дунёда ҳам ундай қилмайман. — У жим бўлиб қолди,
сўнг йўталди ва деди: — Хўш, энди “Меррей Хилл” омонат банкига келсак...
— Хўш, хўш, майли, гапиринг.
— Омонат банклари билан боғлиқ барча гаплар ҳақиқатдан хам шунақа жиддий тус олиб
кетганми?
— “Шунақа” — кимга? — қуруққина сўради Лумис. — Лэйн Беркхардтгами ёки бошқа
биттасигами?
— Сиз мени кечиринг, — деди Палмер, — мен барибир қишлоқилигимга бораман ва бу
нарсаларга тузук-қуруқ ақлим етавермайди.
— Палмер, — унинг сўзини бўлди чол, — ҳар гал ким менга ўзини қишлоқи қилиб кўрсатиб,
шаҳарча нозик нарсаларга ақлим етмайди деб айтганда, мен оқибатда ҳамёнсиз қоламан. Ана
шунақа. Хўп, майли. Очиқчасига гаплашайлик. Сизга қандай топшириқ берилганини мен
биламан. Ундан кўра сиз омонат банклари билан жангни гўёки муқаддас салиб юриши
ҳисоблаб, очиқчасига ва айлантирмай жавоб берганингиз яхши эмасмиди?
Палмер кулди:
— Мана бу энди ёқимли кутилмаган нарса.
— Шунақами? — Лумис унга диққат билан қаради. Кейин унинг жавоб айтишдан қочишни
дўндиришига қойил қолди. Унинг катта-катта кўзлари Палмердан четлаб ўтиб, танобийнинг
тўрига диққат билан тикилди. — Ҳаммамиз шу ердамиз, — бироз жимликдан сўнг деди у, —
биламиз: бу нақд пуллар учун бор-йўғи муштлашув, холос. Ҳозирги вақтда нақд пулларнинг
катта қисми омонат банклари ихтиёрида турибди, тижорат банклари эса пулдан ўмариб
қолмоқчи бўлди. Бундай аҳволда ҳеч ким ютолмайди.
— Оммадан бошқа ҳеч ким, — қўшиб қўйди Палмер.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |