www.ziyouz.com кутубхонаси
122
аммо нимадир уни тутиб турарди. Наҳотки, ҳамма гап фақат шундангина иборат бўлса? У
қаҳвани охиригача ичиб қўйди.
— Ўз-ўзидан маълум, мен бутун оқшом у ерда ўтирганим йўқ, — гап қотди Палмер, атайлаб
чала қолган суҳбатга қайтаркан.
— Мен ҳам шундай ўйлагандим.
— Керакли одамларни кўриб олиш учун мени Бернс таклиф қилганди.
Эдис бош ирғаб қўйди ва мутолаада давом этди. Қаҳвани ичиб бўлиб, Палмер қаҳва
чойнагига қўл чўзган эди, бироқ Эдис газетадан кўзини олмай ундан илгарироқ етиб борди ва
чойнак жўмрагининг қулоқли пиёлага урилгани эшитилди.
— Секинроқ, — оҳиста огоҳлантирди эр.
Эдиснинг нигоҳи юқорига кўтарилди, бироқ қулоқли пиёлага эмас, тўғри Палмернинг юзига
қадалди.
— Тўкиб қўйдимми?
— Мен ундай... — Палмер хўрсинди-да, гапини тугатмади.
Эдис пиёлани лиммо-лим қилиб тўлдириб қуйди.
— Бугун сал асабий кўринаяпсан, жоним?
— Кеча Бернсникида бўкиб ичибман.
Эдис яна газетага шўнғиди.
— Меҳмонлар кўпмиди?
— Йўқ. Охирида Бернс билан Калхэйн ва мен қолдик.
— Ширин улфатлар.
Палмер хотинининг қочирим маъносини чақишга ҳаракат қилмай қўя қолди.
— Кейин Калхэйн ҳам кетди.
— Бернс сени олиб қолишга уриндими?
— Ҳа, сен буни қаёқдан биласан?
Эдис билинар-билинмас елка учирди:
— Башараси узоқ ёлғиз қолишдан қўрқадиган одамга ўхшайди, айниқса тунда. — Хотин
тумшайди. Кейин газетани текис қилиб тахлади-да, ўзидан нари сурди. — Яна башараси шуни
айтиб турадики, вақтини аёл билан хилватда ўтказишни яхши кўради, сен билан эмас.
Палмер бош ирғади ва жилмайишга уринди.
— Хулоса ясашга тайёрлигинг шундоқ кўриниб турибди.
Эдис қулоқли пиёлани ўзи томон сурди ва бирмунча муддат хаёлга чўмганча қаҳва қуйқасига
қараб қолди. Палмер унинг хира нигоҳи қоп-қора суюқликни қандай ўрганаётганини кузатиб
турди. Уэллс коллежининг башоратчиси.
— Одамда жиндай андиша ҳам бўлиши керак, — сўзлади Эдис, — аммо у аёлларга ўлгудай
ишқибоз, тўғрими?
— Ҳа. Бу ерда кимдан, нимадан андиша қилиш керак, қизиқ?
— Бошқа одамдан деб айтмоқчи эдим.
— Тушунмадим.
— Масалан, сенга ўхшаган одамдан, — аниқлик киритди хотини.
— Э-ҳа?!
— У сендан ўз мақсадлари учун фойдаланишга уринмаётганмикин? — деди Эдис. Хотинининг
сўзларида бироз савол маъноси ҳам йўқ эмас эди, шу билан бирга улар қарийб ҳукмдай
жарангларди. — Бу унинг қўлидан келади. Менда шундай таассурот туғдирганди у. Жейннинг
иккинчи эри нимаси биландир унга ўхшаб кетади. У ҳам доим кўнгилхушлик қилиш мақсадида
шунақа кичик-кичик ўтиришлар қилиб турарди. — Эдис кўзларини кўтариб, эрига қаради ва
аста кулиб қўйди. — Мистер Бернсга ўхшаб у ҳам шарқдан. Шарқ одамлари шунақага
мойилликлари билан ажралиб турадилар.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |